2 тоннага яқин наркотик қандай ёқилди?

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 27 июнь куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистонга олиб кирилган ва Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган 2 тоннага яқин гиёҳвандлик моддалари йўқ қилинди.

“26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш” куни муносабати билан ўтказилган тадбирда жами 1 тонна 933 кг 695 гр гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 133 кг 713,5 гр героин, 159 кг 478 гр опий, 1 тн дан ошиқ гашиш, 300 кг 786 гр марихуана, 79 кг 842,5 гр кўкнор, 247 кг 150,4 гр каннабис ҳамда турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқиб юборилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходими Маҳлиё Валиқулованинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, Ўзбекистонда гиёҳванд моддалари Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистондан кириб келмоқда.

“Гиёҳвандлик воситаларига қарши курашиш глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонга асосан Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистондан кириб келади. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 2021 йил ҳисоби бўйича 823,5 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. Шу билан бирга бугунги кунда таркибида кучли моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг нотабиий мақсадлардаги истеъмоли ҳам кузатилмоқда. Бу борада хизмат идоралари томонидан 260 297 дона психофаол дори воситалари мусодара қилинди”, дейди ДХХ ходими Маҳлиё Валиқулова

ИИВ Матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Нилуфар Тўрахонованинг маълумотларига кўра, 2021 йилда Ички ишлар вазирлиги бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 6 801 та жиноятни аниқлаган.

“Ўзбекистон Республикасига гиёҳвандлик воситаларини кириб келиш ва тарқалиш каналларига тўсиқ қўйишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари ҳам жадаллаштирилиб, бу йўналишда хорижий ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик ривожлантирилди.

Натижада, 2021 йилда бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 6 801 та жиноят аниқланди, ноқонуний муомаладан 1,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари олиниб, умумий кўрсаткичлар 20 фоизга кўпайди.

Шундан 97 килограмм героин, 262 килограмм опий, 238 килограмм гашиш, 777 килограмм марихуана, 72 килограмм кўкнор, 22 килограмм назорат остидаги дори воситалари ва 7 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситаларини ташкил этди.

4 минг 200 квадрат метрдан ортиқ ер майдонида ўсаётган кўкнор ва каннабис ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилинди. Аҳоли, айниқса ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқалишига қарши профилактик ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда”, Нилуфар Тўрахонова

Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Ҳусан Тангриевнинг айтишича, наркотик воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринишлар кун сайин ортиб бормоқда. Божхоначилар кўзини шамғалат қилувчи яширин усуллар ҳам мураккаблашяпти. 

“Бугун кенг жамоатчилик гувоҳлигида йўқ қилинаётган 2 тоннага яқин гиёҳвандлик воситаларининг 530 килограммдан ортиғи айнан республикамиз божхоначилари ҳиссасига тўғри келади яъни божхона ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар даврида тўхтатиб қолинган. Агар 2022 йилнинг ўтган даврига қарайдиган бўлсак, салкам 560 килограмм гиёҳвандлик воситалари божхона ходимлари томонидан турли тезкор тадбирларда тўхтатиб қолинди. Лекин айни шу муддатда ўтган йил билан таққослайдиган бўлсак, ўтган йилнинг шу даврида 130 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинган.

Наркотик воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринишлар ортиб бормоқда ва мана шу уринишлар жараёнида божхона ходимларини чалғитишга қаратилган усуллар ҳам мураккаблашяпти. Жуда катта партияда олиб кирилаётган гиёҳвандлик воситаларини картошка шаклида олиб кириш ёки юк автотранспорт воситасида яширин бўлмалар ҳосил қилиб турли воситаларни яширган ҳолда божхона ходимларини кўзини шамғалат қилишга уринишган”, дейди Тангриев.

Маълумот учун, Ўзбекистон 1995 йилнинг февраль ойида БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш тўғрисидаги 1961, 1971 ва 1988 йиллардаги Конвенцияларига қўшилди. 1999 йил 19 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ психотроп гиёҳвандлик

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг