Кунимиз яна таппига қолмайдими? Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги режалари қандай?
Жамият
−
23 Июнь 2022
11779Бугун, 23 июнь куни Тошкент шаҳрида илк бор Энергетика форуми иш бошлади. 12 та мамлакатдан 400 дан ортиқ иштирокчи 60 дан ортиқ маърузачи айнан энергетика соҳаси таҳлили учун йиғилган.
Форумда замонавий нефть-газ ва энергетика соҳасининг долзарб масалалари, глобал тоза ва барқарор энергияга ўтиш муаммолари кўриб чиқилди. Форумда қатнашган Халқаро энергетика хартияси Бош котиби Ги Ленц Ўзбекистондаги йирик лойиҳалар учун керакли маблағлар жалб қилиниши ва қонун-қоидага риоя қилган ҳолда инвесторларни жалб қилиш масаласига тўхталди.
“Ўзбекистонга 2050 йилгача бўлган мақсадларини амалга ошириши учун ёрдам беришимиз мумкин. Бунинг учун 6 млрлик янги лойиҳаларни жалб қилишимиз ва янгиловчи энергия манбалари ва 3 млрдлик энергетик лойиҳаларини қўллаб-қувватлай олишимизни айтишим мумкин”, дейди Халқаро энергетика хартияси Бош котиби Ги Ленц.
У сўзида давом этаркан Париж келишуви мақсадларига тўғридан-тўғри инвестицияларсиз эришиб бўлмаслиги, шу билан бирга инвестицияларни ҳимоялаш ҳам кераклигини таъкидлади. Ги Ленцнинг қўшимча қилишича, тўғридан-тўғри инвестицияларни мақсадли йўналтириш учун ҳар бир мамлакатлар бор қонун-қоидаларга асосланиб ҳамкорлик қилиши лозим. 25 йил аввал Халқаро энергетика хартияси қонунчилик рамкаларини яратган ва шу йўналишда бориш кўплаб ютуқларга эришишга туртки бўлади.
Соҳага инвестор жалб қилиш ҳақида сўз борганда, бугун хорижий ёки маҳаллий инвесторлар энергетикага қанчалик ишонч билдиришганига Энергетика вазирлиги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков тўхталиб ўтди.
“Соҳага ишонч жуда катта. Бу ишончни ўтган йил май ойида ўтказилган тендерларда кўришимиз мумкин. Ҳозир учта тендер жараёни кетмоқда. Тендерларда иштирок этадиган компания ва мамлакатларга қарасак соҳага ишонч катталигини кўрамиз.
Тендерларнинг биринчиси – Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Қорақалпоғистонда 200 мегаваттли шамол станциясига инвестор танлови. Биз тендер давомида энг паст нархда Электр энергиясини сотишга тайёр бўлган инвесторни танлаймиз ва инвестор шамол станциясини қуриб, 25 йил давомида шамолдан чиққан энергиясини сотади.
Кейинги лойиҳамиз – халқаро молия корпорацияси билан учта майдонда қуёш станциясини қуриш. Булар Наманганда 150 мегаватт, Хоразмда 100 мегаватт, Бухорода 250 мегаваттли учта қуёш станциясига инвесторлар танлаш. Бу сафар қуёш станцияларида битта инвестор эмас, балки ҳар бирига алоҳида инвестор ғолиб бўлишига имкон яратамиз.
Учинчи лойиҳамиз бу Осиё тараққиёт банки билан Қашқадарёнинг Ғузор туманида 300 мегаваттли қуёш станциясини қуриш”, дейди Энергетика вазирлиги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков.
Форум орқали хорижлик инвесторларни жалб қилишга эришилса, Ўзбекистон ҳукумати энергетика соҳасига кириб келаётган инвесторларга қандай кафолат бера олади? Ўзбекистон томони қайси жиҳат билан уларни жалб қилиши мумкин? Баҳромбек Умарбеков бу саволларга қуйидагича жавоб берди:
“Потенциал ва қизиқиш ҳам жуда юқори. Энди уни тўғри амалга оширишимиз керак. Энергетика вазирлигининг якуний режаси – эркин бозор яратиш. Эркин бозор нимаси билан бизга қизиқ? Унда инвесторга ҳеч қандай кафолат берилмайди. Унинг хусусий мулк ҳуқуқи кафолатланади. У ўзини, пулини йўқотиш хавф-хатарини бўйнига олиб, станция қуради. Ўша станциядан мижозлар тўпласа, электр энергиясини мижозларга сотади. Ҳамма нарса тартибга солинган бўлади.
Бозор яратиш қийин иш, осон бўлмайди. Аммо қилса бўлади. Ўзбекистон олдида иккита йўл қолади: биринчиси эски усулда давлат қарзларини кўпайтириб янги станциялар қуриш ёки оралиқ этап сифатида давлат хусусий шериклик тамойиллари асосида айрим лойиҳаларни амалга ошириб туриш.
Электр энергиясига бўлган тақчилликнинг катталашиб кетишини олдини олиш учун шундай лойиҳалар амалга оширилиб турибди. Буни бир камчилиги ва яхши томони бор. Афзаллик томони давлат суверен қарзи ошмайди. Лекин унинг салбий томони – билвосита кафолати ҳам ошмаяпти. Худо кўрсатмасин аҳвол ёмонлашиб, пул тўлолмай қолса, инвесторлардан сотиб олинаётган энергия учун Молия вазирлиги пул тўлаши керак бўлади. Бу дегани билвосита қарз бевосита қарз ҳисобланиб қолиши мумкин”, дейди Умарбеков
Форумда қатнашган Тожикистон Республикаси энергетика вазири Далер Жума Тожикистондаги тоза энергетика, Гидроэнергетика орқали ривожлантиргани, Энергетика балансида 95 фоиз улуш ГЭСларга тўғри келиши ҳақида гапирди. Шунингдек, у Тожикистонда зарарли чиқиндиларни чиқариш даражаси паст бўлса ҳам 100 фоизли кўрсаткичга эришишга ҳаракат қилинганини урғулаб, бу йўлда янги 3 минг мГВ лик қувватга эга бўлган гидрометеостанция қурилаётганини таъкидлади.
“Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув вақтида Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш ҳақида гаплашди. Ушбу лойиҳанинг техник иқтисодий асоси бўйича келишувга эришилди. Ҳар икки мамлакат Президентларининг қарашлари, истиқболли режалари бир хил. Регионал ҳамкорлик мақсадида дарё энергетика, гидроэнергетикани ривожлантириш мақсадида минтақанинг бошқа мамлакатларини ҳам чақириб қоламиз. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Афғонистонга энергия экспорти 3 млрд киловатт соатни ташкил қилади. Анъанавий энергетика манбаларидан воз кечишнинг иложи йўқ. Шу сабабли ҳам ўзбекитонлик ҳамкорлар билан бирга газ импорти бўйича ҳам ҳамкорликни амалга оширяпмиз. Шунингдек, қўшимча иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича ҳаракат қиляпмиз”, дейди Тожикистон Республикаси энергетика вазири Далер Жума.
Энергетика форуми эртага, 24 июнь куни Энергетика ва нефть соҳасида аёлларнинг тутган ўрни, Ўзбекистон энергетика бозорини бошқариш ва ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги амалга оширилган ва режадаги йирик лойиҳалар ва кўплаб бошқа мавзуларда давом этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь