Яхши пул топсам, навбатда турмасдим – шакарга “очеред”да турганларнинг дарди
Жамият
−
10 Июнь 2022
14491Сўнги кунларда Ўзбекистоннинг айрим бозорларида шакар учун катта навбатлар юзага кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси ҳолатни ўрганиш мақсадида Тошкентнинг “Эски Жува” деҳқон бозорида бўлди.
Ижодий гуруҳимиз “Чорсу” бозорининг бир нечта нуқталарида турна қатор навбатлар пайдо бўлганига гувоҳ бўлди, одамлар 5 кг шакар олиш учун соатлаб навбатда туришибди. Ҳамманинг айтаётган гапи битта: дўконларда шакар 15-17 минг, бозорда эса 10 минг сўм. Кимдан сўрасанг, нарх наво осмонда экани, топаётган пули рўзғор тебратишга етмаслигидан нолийди. Бир томонга қарасангиз одамлар ҳамма нуқтадан “очередь” олиб, сунъий навбатларни ўзлари юзага келтираётгандек. Бозор маъмурияти эса шакарни етказиб, одамлар эҳтиёжини қондириш ҳаракатида.
“Ҳозир айни компот, мураббо қиладиган пайт бўлгани учун ҳар битта хонадонга шакар керак бўлади. Бозорда халқимиз учун арзонлаштирилган шакар, ёғ маҳсулотлари сотилмоқда. Шакар сотилишида навбат катта бўлганининг натижасида, одамларни камайтириш учун жойларни кўпайтирдик. Якшанба куни мана шу гумбаз атрофида 12 тагача жойни очдик. Ҳар 30-40 метрга шакар қўйиб, сотилди. Лекин қанча кўпайтирган сари шунчалик одамларнинг навбати кўпайиб кетаверди, шакар ҳар бир фуқарога 10 минг сўмдан 5 кгдан, камайган жойда 3 кгдан сотилмоқда. Шакар нархини шаҳар ҳокимлиги назоратга олган. Ҳокимият арзонлаштириб, мана шу нархда қўйиб берган”, дейди “Эски Жува” деҳқон бозори директори ўринбосари Насрулло Мелиқулов.
Мутасаддининг айтишича, “Эски Жува” бозори маъмурияти арзонлаштирилган шакар ёки бошқа озиқ-овқат маҳсулотини сотиш истагини билдирган ҳар қандай тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди. Бозорда арзон маҳсулот сотишни истаган тадбиркор шаҳар ҳокимлиги томонидан йўналтирилган бўлиши шарт эмас.
“Биз тадбиркорларга жон деб хоҳлаган жойидан жой қилиб берамиз. Келишсин, нафақат шакар, халққа керак бўладиган картошка ёки пиёзни арзон сотаман деса марҳамат, мана сенга жой, сот дедик. Арзонлаштирилган ҳамма нарса учун бизда жой тайёр. Қанча хусусий фирмалар келадиган бўлса, арзон нархда сотаман деса, битта эмас, 10 та жойгача қилиб беришга имкониятимиз бор. Ҳатто, жойга пул ҳам олмаймиз, тарози ва бошқа керакли ҳамма нарса билан таъминлаб берамиз” дейди “Эски Жува” деҳқон бозори директорининг “зами”
Фуқароларнинг эътирозларига эътибор қаратсак, уларнинг кўпчилиги дўконларда шакар 15-17 мингдан қиммат нархда сотилаётгани, буни одамлар чўнтаги кўтармаслигини айтмоқда. “Чорсу” бозорида сотилаётган шакар нега арзон? Бу арзон нарх маҳсулот сифатига таъсир қилмайдими, деган савол билан бозор мутасаддисига юзландик.
“Ўзбекистонда битта эмас, бир нечта шакар заводлари мавжуд. Хоразм, Ангрен, яна битта заводимиз ишга тушмоқда. Ҳамма жойларга ўша шакарлардан тарқатилади. Сифатда фарқ йўқ. Бир хил шакар чиқарилади. 16-17 мингга қўлдан олинаётган шакар ҳам шу, биз олиб келиб сотаётган шакар ҳам шундан. Ҳозирги кунда фақат деҳқон бозорларида нархлар арзонлаштириб сотилмоқда”, дейди “Эски Жува” деҳқон бозори директори ўринбосари Насрулло Мелиқулов.
Бозорқўмларнинг айтишича одамлар бир эмас, бир нечта “точка”ларда туриб, сунъий навбатлар ҳам пайдо қилишяпти. Бунинг оқибатида битта одам бир неча килограмм, ҳатто қоплаб шакарни ташиб кетяпти.
“Одамларимизга нима бўляпти билмайман. Шу нафсга берилиб кетганми? Бир қопгача шакар сотиб олганлар бор. Қайта-қайта у ердан, бу ердан олаверган, олаверган. Биз уни ушлаб олиб беш килосини бердик ва пулини қайтардик”.
Шу ўринда бир савол туғилади: одамлар қуёш тиғида соатлаб туриб, шакар олаётган бир вақтда мутасаддилар ёки бозор маъмуриятида таниш-билиши борлар “орқаворатдан” навбатсиз шакар олиб кетишмаяптими?
“Бу бозорларда учрайдиган нарса. “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деган гап бор. Йўқ, дея олмайман, бўлиши мумкин. Паттачими, бозор ходимининг қўшнисими, акасими келади, бу табиий ҳолат. Лекин 1-2 та ҳолат аниқланди. Раҳбаримиз бундай вазиятда шундай деди: “агар яна бир марта шу ҳолат аниқланса, ишдан ҳайдаб юборамиз. Лекин қайси бозор ходимига шакар керак бўлса, мана бизга мурожаат қилинглар, биз ходимлар учун алоҳида 5 кг.дан берамиз”, дея раҳбарининг сўзларини келтирди Мелиқулов.
Тасвирга олиш вақтида Ички ишлар ходимлари бир нечта нуқтада эрталабдан буён навбатда туриб қайта-қайта шакар сотиб олган фуқарони пайқаб қолишди. Фуқаронинг автомобили кўздан кечирилганда, у халта-халта шакар сотиб олгани аниқланди. Фуқаронинг айтишича у шакарни сотиш мақсадида эмас, балки оила аъзолари ва қариндошлари учун харид қилган.
Бозор раҳбарияти, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари фуқаро билан тушунтириш ишларини олиб боришга ҳаракат қилишган вақтида фуқаро жазавага тушиб, ўзини ўлдириш билан таҳдид қилди.
Фуқаро бозор маъмуриятига олиб борилиб, у сотиб олган шакар ўлчанганда тўртовлон 158 кг шакар ғамлагани аниқланди. Улар 4 кишилашиб сотиб олгани учун 20 килограмм шакар ва 1 380 000 сўм пул фуқароларга қайтарилди.
LiveБарчаси