“Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловида энг яхшилар аниқланди

Бизнес

image

Бугун, 21 май куни Тошкентдаги ИННО паркда ўтказилган “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловининг финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган интеллектуал мусобақанинг якуний босқичига жами 280 нафар иштирокчи етиб келди. 3 кун давом этган беллашувлар қизғин баҳс ва унутилмас таассуротларга бой бўлди. Республиканинг турли ҳудудларидан келган ёш олимлар бир нуқтада жам бўлишди, мусобақа кунларида улар ўзаро билим ва тажриба алмашиб, фикрлари билан ўртоқлашиш, янги дўстлар орттириш имкониятига ҳам эга бўлишди. A, B, C гуруҳларга бўлинган қатнашчилар тақдимотлар вақтида бир-бирларини қўллаб-қувватлаб туришди.

Якуний босқичда ёшлар ҳайъат аъзоларига мини-технологиялар, робототехника, инновацион хизматлар, дастурлаш, VR ва AR, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект, 3D прототиплаш каби йўналишлар бўйича ўз лойиҳа ва ишланмаларини тақдим этишди. Махсус комиссия томонидан қўйилган баллар натижаларига кўра, иштирокчилар орасида 100 нафар ғолиб саралаб олинди. Уларга БҲМнинг 20 баравари (5 400 000 сўм) миқдорида пул мукофотлари топширилди. Бундан ташқари, ғолиблар “Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига ҳам эга бўлишди.

Шунингдек, яна бир қатор истиқболли лойиҳалар 11 та номинацияда муносиб тақдирларди. Жумладан, Сурхондарёдан ташриф буюрган иштирокчи, Маҳфуза Чориева танловда ўзи яратган “Қуёш фотоэлектрик қурилмаси асосидаги электр қувватлашга мўлжалланган ўриндиқ” лойиҳаси билан қатнашди. Мўъжаз вентилятор ўрнатилган соябонли ўриндиқда бир вақтнинг ўзида смартфон ва бошқа электрон қурилмаларни зарядлаш мумкин. Унинг лойиҳаси “Энг яхши прототип муаллифи” номинациясига лойиқ кўрилди.

Ёпилиш маросимда сўзга чиққанлар, жумладан, танлов ташкилотчилари келгусида ҳам шу каби инновацион мусобақаларни кўпроқ ўтказиш, уларнинг қамров доирасини янада кенгайтириш ниятида эканликларини билдиришди.

Асосий мақсади билим олишга интилаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида реализация қилса бўладиган, ўзбекистонликлар фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган инновацион лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат бўлган танловда кўпгина иқтидор эгалари кашф этилди. Ёшлар ўртасида ўзига хос анъанага айланиб улгурган кенг қамровли мусобақалар, етишиб чиқаётган янги кадрлар учун таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Уларнинг келгуси фаолиятига салмоқли ҳисса қўшади.

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг