Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп ёхуд “ошкоралик ниқоби” ортидаги “шеп”лар

Таҳлил

image

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни. Айни шу кунда дунёнинг у ёки бу мамлакатидаги сўз эркинлиги, матбуот билан боғлиқ муаммоли саволлар муҳокама қилинади. Ғалвир сувдан кўтарилади. Журналистларнинг хавфсизлиги, дахлсизлиги, сўз эркинлигидан эмин-эркин фойдаланиш, ахборот олиш, уни қайта ишлаш, таҳрирлаш ва тарқатиш кафолатлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Афсуски, журналистика дунё миқёсида ҳамон хавфли соҳалар қаторида кончилардан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Дунё бўйича дараксиз кетган, қотиллик қурбони бўлган ва ҳибсга ташланган журналистлар сони ортса ортмоқдаки, камаймаяпти. 

Журналистларга кўп ҳолатларда уларнинг касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган масалаларда туҳмат қилиш, уларни жиноятга доир қонунчиликнинг давлатга хиёнат, товламачилик, фирибгарлик, жинсий, ирқий, диний моддалари билан айблаш “урф”га кирган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳибсланган журналистлар талай бўлса-да, ҳисоботларда улар журналистик фаолияти учун эмас, балки бошқа моддалар билан айбдорликка тортилгани қайд этилган. Бу эса ўша мамлакатда бирорта ҳам журналист ҳибсланмаган деган умумий хулосани келтириб чиқаради. Бироқ асл вазият тасвирланганидан аянчли ва қўрқинчлироқ. 

Журналист жамият ва давлат ўртасида кўприк бўлиб, ўз фаолияти давомида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кенг жамоатчиликка етказиб боради. Бироқ оммавий ахборот воситалари ходими ўз фаолиятини амалга ошириши учун давлат ва жамоат ташкилотларида етарлича очиқлик ва ошкоралик, шаффофлик бўлиши керак. Буларсиз на журналистикани эркин, на давлатни очиқ дейиш мумкин. 

Ўзбекистонда 2016 йилдан кейин давлат идораларининг очиқлиги таъминланди. Одамлар вазирларни танишни бошлади. Кундалик ҳаётда учраётган муаммолар ҳақида гапиришга қўрқадиганлар бу ҳақдаги аччиқ танқидларни Президентдан эшитди. Одамлар гапиришни ўрганди. Албатта, 2016 йилгача сўз эркинлигига қарши бўлганлар, ундан қочганлар, қўрққанлар учун бу яхши воқелик эмасди. 

Орадан 6 йил ўтди. Хўш, ўзгаришлар ҳамон давом этмоқдами? Давлат ва жамоат ташкилотлари, уларнинг раҳбарлари ОАВ ва журналистлар учун кечагидек очиқми? Қайси идора ёки амалдор бугунги сўз эркинлиги даврида ҳамон ОАВга ёпиқлигича қолмоқда? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ журналистларга микрофон тутди. 

“...бу очиқлик эмас”

АНОРА СОДИҚОВА, “Рост24” интернет нашрининг журналисти:

— Аксарият ташкилотлар бўлар-бўлмас хабарларни тарқатаверишади. Ўзлари ҳақида кўп ахборот бериш орқали “Мана, биз ҳамма учун очиқмиз”, демоқчи бўлишади. Ўзи ҳақида видеолар орқали нима ишлар қилгани ва ўз ташкилоти сиёсатини мақтаб чиқавериш – очиқлик эмас.    

Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигини олайлик, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Telegram-каналида маълумотлар кўп. Қаерда қандай ишлари бўлаётгани ёки бошқа нарсалар ҳақида видеолар эълон қилиб боришади. Лекин биз қайсидир масалалар: “снос”, бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича савол билан мурожаат қилсак, ҳеч қачон жавоб ололмаймиз. Бу уларнинг ОАВга очиқ эмаслигидан далолат. 

Нафақат пойтахт ҳокимияти, балки бошқа ҳокимлик, вазирликлар ҳам ўзини пиар қилиш билан банд. Ахборотлар кўп, лекин айнан бизга кераги йўқ. Шубҳали бўлган ишлар бўйича саволлар билан мурожаат қилганимизда, ёпиқ бўлиб қолишади. 

Қийин саволларга жавоб берадиган ёки ҳар доим журналистлар билан очиқ гаплашадиган амалдорни бор деб бирор кишини аниқ кўрсатолмайман. Амалдорларнинг аксарияти журналистлар учун ёпиқ. Жавоб берган тақдирда ҳам кўпинча умумий гаплар билан чекланишади. 

Давлетовни (таҳр. –Адлия вазири Русланбек Давлетов) журналистларга очиқ жавоб бераётган амалдор деб айтишим мумкин. Очиқ мулоқот қилиб туради. Бошқа амалдорлардан интервью олиш қийин. Давлетов ҳам ўзи анжуман уйиштиргандагина жавоб беради. Лекин алоҳида мурожаат билан интервью сўраб чиқсак, журналистларга очиқ жавоб беришни хоҳламайди. 

Сафоев (таҳр. – Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев) ҳам учрашувларда журналистларга очиқ гапирадиган одам. Лекин у ҳам кўпинча нозик саволларга жавобда умумий гаплар билан чекланади.

Тадбирларда эса кўп амалдорлар журналистлардан қўлга тушиб қоладиган ўғридек қочиб юришади.

“Мени бунақа иш қониқтирмайди”

ЮЛДУЗ ОЛИМОВА, “Марказий студия” информацион дастурининг журналисти

— Олдин Республика “ГАИ” билан зўр ишлар эдим. Бу нарса ташкилотнинг ахборот хизмати раҳбарига боғлиқ. Илгари бу ташкилотнинг матбуот котиби бўлиб Акмал Юнусов ишлаган. У пайтда қўнғироқ қилганимизда ёки Telegram орқали ёзганимизда, тезда муносабат билдириб, интервью ташкил қилиб берарди.

Ундан кейин матбуот хизмати раҳбари ўзгарди. Ҳозир исми аниқ ёдимда йўқ. Уларга қўнғироқ қилиб, интервью сўрасам, мендан саволларни олдиндан талаб қиладиган бўлишди. Талабга кўра, мен уларга саволларни бериб қўяр эканман-да, улар ўз медиа марказида бизнинг камералардан фойдаланмаган ҳолда саволларга жавобни ёзиб, кейин бизга ўша “запис”ни жўнатишар экан. Мени бунақа иш қониқтирмайди. Мен саволни юзма-юз беришим ва суҳбатдошимнинг жавобидан келиб чиқиб, унга яна савол билан юзланишим керак.

Мен олдин радиода ҳам ишлаганман. Ўша пайтларда менга ҳафталик ҳисобот беришар эди. Масалан, қанча авария бўлгани, авариялар нимадан келиб чиққани, қанча фоизи мастлик, қанчаси тезликни ошириш оқибатида содир этилгани маълум қилинарди. “ГАИ”га “Менга бу йилнинг ёки охирги икки ойнинг статистикаси керак”, деб бир неча бор мурожаат қилдим. Статистикани ҳеч бўлмаса ойма-ой беришмаяпти.

“ССВ жавоб бермайди”

ИБРАТ САФО, BBC журналисти:


— BBC’нинг саволларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати жавоб бермайди. Пандемия вақтида, айниқса, бу кўп кўзга ташланди. Сабабини билмайман.

Журналистлар ҳозирда давлат раҳбаридан интервью олишни хоҳлашади, аммо бу юз бермаяпти.

“ДХХ Матбуот хизматининг раҳбари ким?”

КАРИМ БАҲРИЕВ, журналист, ёзувчи, таржимон:
— Давлат хавфсизлик хизмати ташкилоти ёпиқ. Матбуот хизматининг раҳбари ким? Нима иш қиляпти? Буни билмайман.

“ТИВ жуда ёпиқ ташкилот”

ЖАҲОНГИР ОЛИМОВ, “Замон” информацион дастурининг журналисти:

— Бош прокуратура тизими журналистлар учун ёпиқ. Ҳаёт Шамсутдинов (таҳр. – Бош прокуратура Матбуот котиби) ижтимоий тармоқларда фаол бўлиши мумкин. Лекин кўплаб ҳолатлар бўйича уларга етиб бориш ва изоҳ, телевидение учун интервью олиш қийин. Ижтимоий тармоққа баёнот бериш бошқа. Лекин изоҳ ва интервью олишда жуда қийин пайтлар бўлади.

Мансабдор шахслардан (мақола тайёрланган санага кўра собиқ) Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни ҳам анча ёпиқ, деб ҳисоблайман. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Ўзбекистон 24” дан бошқа ҳеч қайси телеканалда кўриниш бермайди. Интервью олиш ҳам жуда қийин масала. Ваҳоланки, охирги вақтларда интервью, изоҳ олиниши керак бўлган жуда муҳим масалалар бор.  Мансабдор сифатида Абдулазиз Комилов ҳам, давлат ташкилоти сифатида Ташқи ишлар вазирлиги ҳам жуда ёпиқ.

“Ахборот беришдан кўра, АОКАнинг оғзини ёпиш билан оворалар”

МЎЪТАБАР  НУРМУҲАММЕДОВА, “Замон” информацион дастурининг журналисти:

— Соғлиқни сақлаш вазирлигида бир эмас, бир қанча мурожаатим жавобсиз қолган. Яқинда интервью учун хат билан чиқдим. Жавоб йўқ ва бунга ажабланмай ҳам қўйганмиз.

Ҳамма давлат ташкилотлари ўзларининг пиари учун очиқ. Агар журналист ўзи мурожаатга муносабат изласа, савол йўлласа, баҳоналар қалашиб кетади. 

Тиббиётда янги вазир ҳам эски вазирнинг ишлаш услубини танлаган. Бу ерда Матбуот хизмати журналистлар сўровига вақтида муносабат бермасдан, бутун тизим ҳақида ёпиқ тасаввур уйғотган. 

Қолган ташкилотлар ҳам халққа тўғри, холис маълумот беришдан кўра, тезлик билан АОКА (таҳр. – Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) талабини бажариб, осонгина ижтимоий тармоқдан муносабат билдиришга ўтиб олган. 

Саволингиз асосли бўлса, ҳамма мансабдор жавоб беради. Ҳали биронта мансабдордан саволимга жавоб ололмаган пайтим бўлмаган. Лекин ўша мансабдорнинг олдига етгунча, ташкилотнинг Матбуот хизмати орқали муносабатни ўрнатгунимизча муаммо жуда кўп бўлади. 

Шов-шувли нарсага муносабат билдириш осон бўлиб қолди. Бу ҳам АОКАнинг ташаббуси билан. АОКАнинг оғзини ёпиш учун керак бўлса, матбуот котиби ўз ташкилотига адвокатлик қилиб, асоссиз оқловлар билан муносабат билдириб қўя қолади. Журналистлар билан суҳбат қилиб, интервью беришдан кўра, “Ана, муносабат бердик-ку, ана ўшандан олинглар”, дейиш осон бўлиб қолган. 

“Прокуратурага ариза бердим”

ЛОЛА ИСЛАМОВА, журналист:

— Марказий банк матбуот учун ёпиқ. Бу ташкилот жавобни кеч беради ёки аниқ бермайди. Мен бу ҳақида прокуратурага ариза ёзганман.

“Саидов ОАВ учун ёпиқ”
 
ИЛЁС САФАРОВ, KUN.UZ интернет нашрининг журналисти:

— Шахсан мен ишлайдиган интернет-сайтда турли вазирлик ва идоралар журналистларга ҳамкорликда ишлаш учун тақсимланган. Шундай экан, жавобимни фақат ўзим ишлайдиган ташкилотлар фаолиятидангина келиб чиқиб, беришим мумкин. 

Фикримча, улар ичида энг ёпиғи бу Қишлоқ хўжалиги вазирлиги. Билмадим нега? Лекин шу вазирликдан маълумот олиш жуда қийин. Бирор бир мансабдор билан интервью ташкил қилиш жараёнлари эса деярли ойларга чўзилади. Мендаги маълумотларга кўра, вазирлик яқиндан Матбуот котибини ишдан бўшатиб, янги ходим билан ишлай бошлади. Аҳвол яхшиликка қараб ўзгаришидан умидворман.

Халқ таълими вазири (таҳр. – Бахтиёр  Саидов) билан суҳбатлашиш учун бир неча бор уриндим, лекин жавоб ололмадим. Балки бу вазир билан боғлиқ эмасдир, лекин шунинг ўзиёқ менга қайсидир маънода “Вазир ОАВ учун ёпиқ экан-да”, деган хулосани беради.

“Собиқ вазир умуман интервью бермас эди”

АЗИЗА ҚУРБОНОВА, журналист:

— Билишимча, Давлат активларини бошқариш агентлиги журналистлар ва матбуот учун мутлақо ёпиқ. Битта ҳам брифинг ўтказмайди. 

Қурилиш вазирлигида ҳам шу муаммо бор. Матбуот котиби ўзгарган. Ижтимоий тармоқда сал бўлса ҳам ривожланиш бор. Лекин вазирнинг ўзи (таҳр. – Ботир Зокиров) қурилиш бўйича катта ва очиқ мулоқотлар ўтказмагунича, саволлар очиқ қолаверади. Энг кўп ёзиладиган ноқонуний қурилишлар, қурилиш сифати билан боғлиқ бўлган танқидий мақолаларга иккинчи томоннинг изоҳи берилмайди. 

Вазир ёки ташкилотнинг раҳбари очиқ бўлмагани учун ҳам Матбуот хизматининг фаолияти оқсайди. Яъни матбуот котиби минг маҳоратли бўлмасин, у ўз фаолиятини тўғри ва изчил йўлга қўя олмайди. Чунки, кўп масалаларда раддия, ё баёнот беролмайди, ташкилот имижини шакллантиришда, ОАВга керакли ахборот беришда қийналади.

Собиқ Соғлиқни сақлаш вазири (таҳр. – Абдуҳаким Ҳожибоев) давлат телеканалларига ҳам, хусусий телеканалларга ҳам умуман интервью бермас эди. 

Амалиётда матбуотга очиқ бўлган ва ҳаддан зиёд пиарга берилган раҳбарларни ҳам кўрамиз. Баъзилари эса умуман ОАВда кўринмасликни маъқул кўради. Яна айримлар кўпроқ давлат оммавий ахборот воситаларида чиқиб, хусусий ОАВда чиқмайди. Ҳар вазиятда ҳар хил.

Шундай ҳолатлар ҳам борки, ташкилот раҳбарининг харизмаси, истараси, ёқимлилик даражаси ОАВда яхши ва у журналистлар билан яхши мулоқот ўрнатган. Шунинг учун ҳам ўша ташкилот ҳақида аксарият ҳолларда ўз вақтида, ижобий мазмундаги ахборот кўпроқ тарқалади.

Айтмоқчи бўлганим, раҳбарнинг ижобий қиёфаси ташкилот ёки соҳанинг ҳам имижидек кўриниб кетадиган ҳолатлар ҳам бор. Ана шу ҳолатни тўғри эмас, деб ўйлайман. Вазир ёки ташкилотнинг раҳбари “ёқимли имижи” дегани, бу соҳа “зўр бўлди”, дегани эмас. Кўпинча журналистларда, баъзан ўзимда ҳам кузатиладиган ҳолат – “фаворит”и ёки “симпатия”си бўлган соҳани иложи борича тегинмай ўтишни маъқул кўради. Лекин андиша журналистикада фойда келтирмайди-да. Аксинча ҳолат ҳам кузатилади. Масалан, журналистнинг “симпатияси” бўлмаган бирор ташкилот ёки соҳа раҳбари яхши ишлар қилса ҳам, аввалги “қовун тушишлар” туфайли холис ёритишни истамайдиган, бунда ўзида куч тополмайдиган журналистлар ҳам йўқ эмас.

“Ортиқхўжаев интервью бериши керак”

НАРГИС ҚОСИМОВА, журналист:

— Фикримча, Иқтисодиёт вазирлиги журналистлар ва ОАВ учун ёпиқ. Очиқ иқтисодий кўрсаткичлар берилмаяпти. STAT.UZ, OPENGO.UZ сайтларига кириб кузатганимда, тўлиқ маълумот берилмаган ва улар эскирганини кўрдим.

Мансабдорлардан Раматов (таҳр. – Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари)ни ОАВ учун ёпиқ, деб айта оламан. Аслида ҳамма вазирларимизни ҳам ёпиқ, деб айтсак бўлади. Чунки, уларнинг очиқ интервьюлари берилмайди ёки интервью беришни исташмайдими, билмадим. 

Аксарият ҳолатларда ижтимоий тармоқларда жуда кўп муаммолар кўтарилади. Аслида ташкилот раҳбарларининг ёрдамчилари бўлса ҳам ижтимоий тармоқларни кузатиб боришади. Шундай вазифа юклатилган. Лекин ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган муаммоларга ҳам ҳеч қандай ижобий жавоб берилмайди. Камдан кам ҳолатларда муносабат билдирилади.

Бугунги кунда қурилишлар ва табиат ўртасида жуда ҳам кўп зиддиятлар бор. Ноқонуний қурилишлар, дарахтларнинг кесилиши ва бошқалар. Нима учун шу қурилишлар шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда режасиз қурилмоқда? Шу нарсага жавоб беришса, бўлади. Мана шу масалада очиқ интервью йўқ. Одамлар нима бўлаётганини билмай, ҳайрон. Ҳамма ўз ҳудуди учун судлашиб, сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. 

Ортиқхўжаев шаҳар ҳокими сифатида шаҳарнинг “ген план”и борми, йўқми,  шу масалада очиқ интервью бериши керак. Чунки, қурилишлар жуда ҳам бетартиб.

“Матбуот котибининг малакаси пастлиги ҳам сабаб бўлади”

ШУҲРАТ ЛАТИПОВ, Gazeta.uz интернет нашрининг журналисти:

Бошқа давлат идоралари билан солиштирганда, мен учун Ташқи ишлар вазирлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) ва қайсидир маънода Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги журналистлар билан камроқ очиқ ишлайди.

Масалан, Ташқи ишлар вазирлиги асосан матбуот анжуманлари ёки хорижий нашрлар журналистлари билан интервью ўтказади ва аксарият ҳолларда сўровларга жавоб бермайди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам сўровларга жавоб бермайди. Тадбирларга таклиф қилмайди ва умуман олганда, ўз фаолиятида камроқ шаффоф бўлиб бормоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан муаммо ҳали битта аниқ жавобга эга бўлмаган сўровлар билан боғлиқ.

Бу давлат идораларининг сўровларга жавоб беришни истамаслигининг асл сабабларини билмайман. Одатда, бу ташкилот раҳбарининг ОАВга қанчалик очиқлиги, конструктив танқидни тинглашга, жамоатчилик фикри билан ишлашга тайёрлигига боғлиқ. Лекин бунга матбуот котибининг малакаси пастлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ижобий мисол сифатида Адлия вазири Русланбек Давлетов, Молия вазири Тимур Ишметов ва Халқ таълими вазирлигининг собиқ раҳбари, амалдаги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовни қайд этишни истардим.

“Ахборот очиқлигини таъминлаш” ниқоби остидаги ёпиқлик бор”

Суннатилла Абдуллаев, QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири: 

— Биз Норбоевани "очиқлик фариштаси" деб билардик. У келгандан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати жуда ўзгарди. Аммо, охирги вақтларда бу очиқлик сезилмаяпти ва балки йўқолиб бормоқда. Ҳатто, Сенатнинг сўнгги ялпи мажлисида жонли эфир бошланганидан 8 дақиқа ўтиб, онлайн эфир тўхтатилди. Бу ОАВ ва жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинишига қарамай, ҳолатга ҳеч ким изоҳ бермади, “ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп” қабилида иш кўрилди. Катта минбарлардан юқори мартабали амалдорларни очиқмиз, ортга қайтиш йўқ, деган гаплари баъзан, қулоқни қоматга келтирадиган “сирена”га ҳам айланиб улгурди. Гапнинг ўзи бор, амалдаги исботи эса… Ортга қайтмаймиз дегани, олдинга ҳам юрмай жойимизда депсиниб турамиз деб тушунилмаслигини хоҳлардик.

Вазирлик ва идоралар ҳам Олий Мажлис Сенати ортидан бораётгандек. Идораларнинг ҳар бирида Матбуот хизмати ва ўнлаб ходимлар ишлаётган бўлса ҳам, журналистлар ўзи қизиқтирган саволларга жавоб ололмайди. Бу муаммо QALAMPIR.UZ’да ҳам бор. Каттага эргашиб қуйи – Қонунчилик палатаси ҳам мана олти йилдир ОАВ учун ёпиқлигича қолмоқда.

Биз бирор саволга жавоб кутганда, ишончли манба ёки вазирлик ва идоранинг мансабдорларидан жавоб олишни истаймиз. Бу халқ учун ҳам кўпроқ фойдали бўлади. Афсуски бугун, ОАВ ва вазирлик-идораларнинг ўзаро фаолиятини боғловчи, воситачи бўлган Матбуот хизмати раҳбарлари ўзини Матбуот билан ташкилот ўртасидаги кўприк эмас, мансабдордек тутади ва шахсий PR'ига ишлашга ўтиб олмоқда.

Вазирлик ва идоралар ҳудудий бошқармаларининг ижтимоий тармоқларда шу қадар кўп саҳифалари борки, баъзан ОАВда эълон қилинган мурожаатга у ёки бу вазирликнинг, бошқарманинг ўнлаб саҳифасидан айнан қайси саҳифасида жавоб янграшини билолмай ҳалаксан киши. Ижтимоий тармоқда энг камида ҳар бир ташкилот номидан ҳам матбуот котиби, ҳам матбуот хизмати, ҳам ташкилотнинг ўзи саҳифа юритади. Бундан ташқари бошқармалар ва департаментлар ҳам бор. Бу эса ахборотларни тўплаш, марказлаштириш ва таҳлил қилишда қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, куни кеча QALAMPIR.UZ’да Жамоат хавфсизлиги университети талабалари Олмазор туманида Мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида мақола эълон қилинди. Биз учун мақолага нисбатан энг камида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олмазор тумани ҳокимлиги, Миллий гвардия, Жамоат хавфсизлиги университети, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан изоҳ кутарканмиз, расмий баёнот Миллий гвардиянинг 14 минг кишилик Telegram-каналида эмас, балки 187 кишилик “МГ Ахборот хизмати бошлиғи” Telegram-каналида эълон қилинган. Бундан эса кўп сонли ўқувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари бехабар қолган. Хабар, маълумот, баёнот ва изоҳларнинг ташкилотларнинг асосий саҳифалари қолиб, кичик каналлар орқали узатилиши, “ахборот очиқлигини таъминлаш” ниқоби остида уни яширишга бўлган ҳаракатдек кўринади. 

ОАВ учун ёпиқ қолаётган амалдорлардан яна бири Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов. Вазирлик Матбуот хизмати журналистлар билан ишлай бошлагани билан, вазир ҳамон ОАВ учун ёпиқ эшиклар ортида қолмоқда. Демак муаммо вазир билан боғлиқ.

Вазирлар ҳақида гап кетганда, ОАВга ёпиқларни санасак, бармоқлар етмайди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Маданият вазири Озодбек Назарбековдан бошқа вазирлар ва уларга мос равишда Матбуот котиблари ҳам ОАВга баъзан қисман, баъзан тўла ёпиқлигича қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

736

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг