Собиқ вазир Мирзамаҳмудов қамалдими? (видео)
Жамият
−
31 июл 13134 2 дақиқа
Собиқ Энергетика вазири 47 яшар Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳибсга олиндими? Энергетика вазирлиги атрофидаги сўнгги шов-шувли истеъфолар атрофида тарқалган ушбу савол билан бугун расмийларга мурожаат қилиш имкони туғилди. Бугун, 31 июль куни Тошкент шаҳар судларида бўлиб ўтган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ журналисти ташкилот матбуот котиби Турсунали Акбаровдан ушбу масалада изоҳ сўради.
“Суд бу вазиятга изоҳ бера олмайди. Мен ҳам изоҳ бера олмайман. Чунки, биринчидан, маълумотим йўқ. Маълумотни олиб берсангиз бўлади-ку, дейишингиз мумкин. Лекин гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш (санкция бериш) масаласи ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Шунинг учун хоҳласак ҳам, бундай маълумотни биз ошкор қила олмаймиз”, дейди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби.
-Recovered-Recovered-Recovered-Revered-Recovered.jpg)
Шунингдек, у ҳозирда иш суд муҳокамасида эмаслигини билдириб, гумонланувчининг қўлга олингани ёки унга нисбатан қайси эҳтиёт чораси қўллангани бўйича маълумотлар бериш фақат тергов органининг ваколатига киришини билдирди.
“Бу ҳақда маълумот бериш биздан кўра тергов органи ваколатидаги масала. Агар иш судга чиққан бўлганида эди, маълумот беришимиз мумкин эди. Мана шу жиноят иши қўзғатилган бўлса, агар ростдан ҳам, тергов ҳаракатлари кетаётган бўлса, булар ҳаммаси тергов органи ваколатидаги ишлар бўлади”, дейди Турсунали Акбаров
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июль куни 2022 йилдан буён Энергетика вазири лавозимини эгаллаб келаётган Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди. Вазир лавозимини Шерзод Хикматуллаевич Хўжаев эгаллади. Шу куннинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш ўтказиб, Мирзамаҳмудов истеъфоси ҳақида шундай деди:
“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!”
Live
Барчаси