Нафс чангалига илинган наҳанглар иши судда кўрилади

Таҳлил

Reklama
0:00

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг собиқ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов бош бўлган жами 9 киши жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда айбланмоқда. Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов иши ҳам судга оширилди. Унга ҳам айни айбловлар қўйилган. Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосарни Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга оид жиноят иши судда кўриляпти. Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев эса кутилмаганда 8 йилга қамалди. Қуйида ушбу шов-шувли воқеаларни кўриб чиқамиз.

Менинг нафсим балодир

Эскиларда бир гап (мақол) бор: менинг нафсим балодир, (ҳар кўйларга) ёнган ўтга соладир. Бугун айрим амалдорларга, халқ қўйган лавозимда халқнинг ҳаққини ўғирлаб еганларга, ейишда давом этаётганларга ана шу нақлни ишлатсак, хафа бўлишмас. Хафа бўлишса ҳам начора.

Эсингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг охирида Олий Мажлис палаталари ва халққа йўллаган мурожаатида давлат хизматчилари, айниқса, катта лавозимдаги амалдорларни кескин огоҳлантириб, 2026 йилни оғир келиши, коррупцияга қарши чоралар кучайтирилиши, фавқулодда ҳолат эълон қилинишини айтган эди. Ҳатто, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими ташкил этилиши, ушбу хизматнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос бўлишини айтганди.

Афсуски, бу гапдан кўпчилик хулоса чиқармади. Айтилган гап, отилган ўқ бўлишини, бир кун келиб ўша жиғилдонига келиб урилишини ўйламади. Президент ҳам арқонни узун ташлади, охир-оқибат арқон тортилди, ғалвир сувдан кўтарилди.

Ички ишлардаги пуллик ишлар

Йил бошини эслайлик. 27 январь куни Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятини кескин танқид қилди. Ўша куни 2021 йил апрель ойидан Ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди. Гарчи Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни лавозимидан озод этилган бўлса-да, орадан 3 ой ўтиб, Президент бу ҳолат ҳақида айтмагунича, ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот органи Абдуллаевга оид ҳолат ҳақида ахборот бергани йўқ. 

Апрель ойининг ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.

Бекмурод Абдуллаевга оид жиноят ишини кўриш 29 июлдан Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида бошланади. 

Суд ҳужжатларига кўра, у Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда.

Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.

Илова қилинган суд рўйхатига кўра, айбланувчилар орасида собиқ мансабдорлар Ҳошим Йўлдошев, Жаҳонгир Қурбонов ва Дилшод Ташев ва Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Рустам Турсунов ҳам бор. У Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари, ушбу модданинг 3-қисми “а” ва “в” бандлари, 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбланмоқда. 

Бир ишда судланаётган икки амалдор

Кўп йиллар энергетика соҳасида муҳим курсиларни эгаллаб келган, ҳатто Бош вазир ўринбосари бўлган ва 2023 йилдан Президент маслаҳатчиси, кейин эса Президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили лавозимида ишлаган Алишер Султонов 2025 йилнинг 16 декабрь куни Президент вакили лавозимидан озод этилди. Унга бошқа иш берилмади, ўрнига ким тайинлангани ҳам номаълум. Султонов истеъфосидан бир кун ўтиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов ҳам лавозимидан озод этилгани маълум бўлди. Унинг истеъфосига бошқа ишга ўтиши сабаб қилиб келтирилди. Бироқ Сиддиқовга ҳам иш берилмади.

Орадан 40 кун ўтиб, жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтди. Шу боис, агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинганини билдирди.

Ўша йиғилишда Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбоновга “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги масъул ходимларининг жавобгарлигини кўриб чиқиш топширилди.

Комплаенс хизмати, Давлат хавфсизлик хизматига Давлат активлари агентлигининг мансабдорларига қўзғатилган жиноят иши тергов гуруҳига Хавфсизлик хизматининг иқтисодий масалаларга масъул тузилмаларидан ҳам мутахассисларни жалб қилиш топширилган.

Хўш, ҳозирги вазият қандай дейсизми? Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ собиқ  раиси Баҳодир Сиддиқов иши судга оширилди.

2019 йил февралдан 2020 йил январгача, кейин эса 2023 йилдан то шов-шувли истеъфогача  “Ўзбекнефтгаз” АЖга раислик қилган 47 яшар Сиддиқов иши доирасида “Enter Engineering Pte. Ltd” компанияси бош директори Улуғбек Усмонов, “Eriell Management” МЧЖ директори Нодиржон Бобоев, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анорқулов каби жами 9 кишига оид иш судда кўрилмоқда.

Сиддиқов ва бошқалар Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” ва “б” бандлари ҳамда 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.

Судланувчиларнинг 5 нафарига қамоқ, 4 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган.

6 йилга яқин Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимида ишлаган 46 яшар Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги)нинг бир қатор қисм ва бандлари бўйича айбланмоқда.

У билан бирга яна 5 киши судланмоқда. Уларнинг исми QALAMPIR.UZ’га маълум эмас.

Мубин Мирзаев 7 йилга қамалди

Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 8 йилга қамалди. Ҳа, у ҳам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил бошида ўтказилган ўша йиғилишда лавозимидан озод этилган эди. Бироқ, унинг қачон қамоққа олингани, қачон жиноий жавобгарликка тортилгани маълум эмас.

7 йилдан ортиқ Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган Мирзаев Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан қабул қилинган ҳукмга кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (Мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ва 208-моддасида (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 йил-у 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бошқалар, яъни Мирзаев билан судланган яна 8 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, ушбу судланувчилар ҳам тегишли моддалар билан айбли деб топилган ҳамда улар ҳам 4 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, суд ҳукми билан етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланган.

Мубин Мирзаев ҳам 27 январь куни Президент томонидан ўтказилган йиғилишда ишдан олинган эди. Ўшанда давлат раҳбари Солиқ қўмитаси раисига Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйишни топширганди.

Йиғилишда Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳожиакбар Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжоновни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилган.

Қўмита раиси Фаррух Пўлатов ва унинг комплаенс бўйича ўринбосари Абдулазиз Солиевга коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш, Тошкент шаҳри солиқ раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш вазифаси қўйилган. Президент йиғилишидан икки ҳафта ўтиб, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бошлиғи ўзгарди, 8 та туманга янги солиқ раҳбарлари тайинланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғаниев қўштирноқ остидаги “тадбиркор”ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани учун уни ўша куннинг ўзида ишдан олиш топширилган.

Шунингдек, Президент Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекциясининг бошлиғи Дилшод Усмонов иш фаолиятида гуруҳбозликка ва маишатбозликка берилгани ва инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадда ижарага бериб, 315 миллион сўмни ўзлаштиргани учун ишдан олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини айтганди.

QALAMPIR.UZ қўлга киритган маълумотларга кўра, Дилшод Усмонов Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми, 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди билан айбланмоқда. Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган Ҳожиакбар Муллажонов эса 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди билан айбланмоқда. Уларга оид Жиноят иши 30 июль куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида кўриб чиқилади.

Миграциядаги 90 миллион долларлик “схема”

Эсингиздами, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқалардан иборат уюшган жиноий гуруҳ Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион “схема” яратиб, фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари, фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан, қарийб 90 млн АҚШ доллари йиғгани ҳақида хабар берган эди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилди.

Ушбу ҳолат бўйича тўпланган материаллар судга юборилди ва 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида биринчи суд мажлиси бўлиб ўтиши белгиланди. Ганчар Узоқов, Тимур Шариксиев, Алижон Ашуров ва Сухроб Сайфутдиновлар судланувчи сифатида жалб этилган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари (Пора олиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 301-моддаси 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан айблов эълон қилинган.

Порахўрлик кўпайдими?

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ҳисоботларида мамлакатдаги асосий коррупцион тизимлар сифатида таълим ва соғлиқни сақлаш, шунингдек, банк соҳасини келтиради. Катта-катта наҳанглар, ижро ҳокимияти, ҳуқуқ-тартибот, солиқ органларидаги коррупциявий ҳолатлар ҳақида эса миқ этилмайди. Президент кўп огоҳлантирди, ўша нафси ҳакалак отган амалдорларга ўзини йиғиштириб олиш, нафсини тийиш ҳақида кўп гапирди ва узун ташланган арқонни маҳкам тортди. Тортганда эса, охирги олти ойдаги вазиятни кўриб турибсиз. Ўзбекистонда коррупция кўпайдими? Йўқ, менимча, бундай дейиш хато. Унга кураш кучайди. Энди яширилмаяпти, энди кечирилмаяпти, энди имкон берилмаяпти. Эътибор беринг, бундан 10 йил аввал халқаро Коррупцияни қабул қилиш индексида 21 балл билан 156-ўринда турган бўлса, 2025 йилда 31 балл билан 182 давлат орасида 124-ўринни эгаллади. Гарчи, Ўзбекистон 2024 йилдаги 121-ўриндан уч поғона пастлаб, 124-ўринга тушган бўлса-да, сўнгги 10 йилликдаги умумий динамикага қаралса, мамлакатда сезиларли ижобий ўзгариш борлигини кўриш мумкин. Бу борада Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ўрта поғонада жойлашган. Тан олиш керак, Қозоғистон минтақада энг юқори кўрсаткичга эга. Ўзбекистон  иккинчи ўринда бормоқда. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон нисбатан қуйироқ поғоналардан жой олган.

Шунга қарамай, халқаро экспертлар ва ташкилотлар Ҳукуматни коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасидаги ишларнинг натижасига тезроқ етиш учун мансабдорлар мол-мулкини декларация қилиш тизимининг тўлиқ ва очиқ шаклда амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ижросидаги айрим бўшлиқларни тўлдиришни тавсия этмоқда.

Шунингдек, экспертлар суд тизимининг изчил мустақиллигини таъминлаш ва коррупциявий ҳолатлар бўйича жазо муқаррарлиги борасида хавотирларни ҳам қайд этган. Уларнинг фикрича, эндиги асосий эътибор суд мустақиллиги, шаффофлик ва журналистик суриштирувларга эркинлик беришга қаратилиши зарур.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг