Одамлар ўлимини бўйнига олди – Уруш майдонида омон қайтган ўзбек қочқинлари ҳикояси
Жамият
−
01 Март 2022
12098Хабарингиз бор, 24 февраль куни Россия ДХР ва ЛХР ҳимоясига отланиб, Украинага қарши қуролли ҳужумларни бошлади. Мана, 5 кундирки аёвсиз, қонли можаролар давом этмоқда. Уруш ортидан тинч аҳоли жабр кўряпти. Шу билан бирга Украинадаги ўзбекистонликлар ҳам икки ўт орасида қолди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга ишонилса, Украинада 4300 нафар ўзбекистонлик истиқомат қилиб келаётгани рўйхатга олинган. Украинадаги ўзбекистонликларнинг ҳақиқий сони бундан кўп бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирлари, уларнинг оилалари ва талабалар.
Бугунгача ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаролари метроларда тунагани, оч қолганию элчихона томонидан транспорт ташкил қилинмагани айтилган видеолар тарқалди. Бу орада Харьков ва Киев шаҳарларида қолаётган ўзбеклар Львов орқали автобус ва поездларда Польшанинг катовице шаҳрига олиб келиб, жойлаштирилди.
Кеча, 28 февраль Тошкент вақти билан 17:15 да Польшанинг Катовице шаҳридан учган самолёт Тошкент вақти билан 23:00 да Тошкент Халқаро аэропортига келиб қўнди. Ватанга аёллар, болалар, талабалар ва турли соҳа ходимларидан ташкил топган 251 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди.
Оиласи билан 4 йилдан буён Киевнинг Нивки ҳудудида яшайдиган Барно Собирова гувоҳ бўлганлари ҳақида айтаркан, Ўзбекистонга келганига шукур қилиб, украин аскарлари томонидан отиб юборилишига бир бахя қолганини эслади.
Барно Собирова, хоразмлик меҳнат муҳожири:
— Бошида ишонмадик. Бу уриш тўхтайди деб ўйлагандик. 24 февраль куни эшитилган овозлардан оёқларимиз қалтираб кетди. Жуда қўрқиб кетдик. Қутилганимизга шукур. Тўғриси, чиқолмаймиз деб ўйладик. Уруш бошланган куни эрталабдан турмуш ўртоғим қўнғироқ қилиб, Киевда ҳамма жойлар вайрон бўлганини айтди. Биз Украинанинг Нивки ҳудудида яшаймиз. Турмуш ўртоғим тушлик вақтига яқин келиб, у ишлаётган жойларни ҳам портлатиб юборишганини айтди.
Топган-тутганимиздан айрилдик, эрим ишлаган жойида пуллари қолиб кетди.
Киевда Ўзбекистон фуқаролари бор ва ўз хоҳиши билан қолаётганлари ҳам йўқ эмас. Қўшнимга қўнғироқ қилиб, Польша орқали ватанга қайтамиз деганимда, у ёши бир жойга бориб қолгани, бомба овози эштилаётганига қарамасдан, “барибир ўламан-ку”, деб Украинада қолишини айтди. Одамлар ўз ўлимини бўйнига олишди.
Польша чегарасига етиб келиш учун яширин йўллардан ҳам юришга тайёр эдик. У ерда Украина аскарлари турган экан, бизни Россия фуқароси деб ўйлаб, отиб ташламоқчи бўлишди. Чегарагача ўз автомобилимиз билан бордик ва ҳамма жойни текшириб, Ўзбекистон фуқароси эканимизга ишончлари комил бўлганидан кейин қўйиб юборишди.
Кейинги қаҳрамонимиз 2 ой олдин катта умид билан оиласини олиб Украинага кетган, қурилишда ишлаб рўзғор тебратиб, бугунги нотинчликлар сабаб яна ортга қайтган.
Нурмат Нурмаматов, хоразмлик меҳнат муҳожири:
— Украинага тинмай бомба ёғиляпти. У ҳолатни кўриб одам руҳан қўрқиб ҳам кетади. Украина Польша чегарасигача етиб келдик. Фуқаролар учун ҳамма шароит яратилганди. Бу учун давлат раҳбарига раҳмат. Ўзбекистонга соғ-омон етиб келганимиз учун минг шукур айтяпмиз.
У ерда вазият жуда ҳам оғир. Кўчага чиқишнинг иложи йўқ. Огоҳлантириш сигналларини эшитиб шай ҳолда ўтирардик. Тўғрисини айтсам, “паникага” тушиб қолдик. Бошқалар қатори биз ҳам оиламиз билан метроларда тунадик. Ҳаво орқали огоҳлантириш сигнали чалинганда метрога, подвалга тушиб олдик. Бу вазиятда Украина аҳолиси ҳам саросимага тушиб қолганди. Озиқ-овқат дўконлари, банклар фаолиятини тўхтатиб қўйди. Нон топиш эса амримаҳол бўлди. Шу ҳолатда топганимизни еб, қоринни алдаб турдик. Чегарада ўтирганда болалар музлаб қолмаслиги учун ўтин йиғиб келиб, ёқдик. Болаларимиз катталар қандай қийинчилик кўрган бўлса, айнан шуни бошдан кечиришди. Портлаган вақтда ойналар шақирлаб кетганидан кечалари чўчиб уйғониб ҳам кетдик. Польшага ўтгандан кейин шароит яхши эди. Озиқ-овқат, иссиқ ётоқ билан таъминлагани учун Польша ва Ўзбекистон раҳбариятига раҳмат айтаман.
Оиласи билан 4 ойдан буён Украинада яшаб “таксичилик” қилаётган Омадбек Ризаевнинг айтишича, ҳар ярим бир соатда портлаш овозлари эшитилган. Отилган ўқ овозлари эса ҳамон унинг қулоғи остида жарангламоқда.
Омадбек Ризаев, меҳнат муҳожири:
— Портлаган вақтини кўзим билан кўрмадим лекин, овозлари ҳамон қулоғим тагида жаранглаяпти. Урушдан олдин Украинада ҳаммаси яхши эканини айтишгани сабаб ватанга қайтиш ҳақида ўйламагандик. Даб-дурустдан уруш бошланди. Шу куннинг ўзидаёқ шаҳарни тарк этиш ҳаракатига тушдик. Ижтимоий тармоқларда элчихонага мурожаат қилиш кераклиги ҳақида ўқиб, дарҳол улар билан боғландик. Бепул поездлар бор деб айтишди, лекин биз шахсий машинамизда Польша чегарасигача етиб келдик.
Украина марказида деярли 5 ойдан буён машина устаси бўлиб ишлаётган фарғоналик Сирожиддин Қаҳҳоровнинг айтишича, у ишлаётган устахонадан 15 километр узоқликка бомба тушган. Қирувчи самолётларни унинг тепасидан учгани эса ҳали ҳамон кўз олдида. У Украина халқига тарқатилган қуролларни, йўлдаги қийинчиликларни яхши эслайди.
Сирожиддин Қаҳҳоров, меҳнат муҳожири:
— Ишлайдиган жойимдан 15 километр узоқликка бомба келиб тушди. Ерлар силкиниб кетди. Тепамиздан учганини кўзимиз билан кўрдик. Иккинчи кун эса янаям яқинроққа келиб тушди. Биз яшаётган уйнинг деярли барча эгалари уйини тарк этаётганди. Украина халқининг ўзи ҳам у ерда қолиш хавфли эканини айтиб, қочишга ҳаракат қилди. Сирена чалинган заҳоти ҳамма хавфсиз жойга югурарди. Уруш тўхтайди, Украинада қоламиз деганлар ҳам қайтишга қарор қилишди. Эсон-омон Ватанга қайтганимиз учун шукур. Шароит яратилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига катта раҳмат.
Элчихона берган маълумотларда Польша чегарасига бориш орқали Ўзбекистонга етиб олиш мумкинлиги айтилганди. 35 километр пиёда юриб, 3 сутка деганда етиб олдик. Кундузлари ҳаво яхши, аммо кечаси совуққа қолиб кетдик. Мен билан бирга 25 нафар ўзбекистонлик ҳам бор эди, шукур уларнинг ҳеч бири зарар кўрмади. Бундай вазиятга ҳеч қачон тушмагандим.
Ёши кичик бўлишига қарамай, елкасига мигрантлик юкини орқалаган 9 ёшли Мадина Украинада содир бўлган даҳшатли воқеаларга ўзи гувоҳ бўлганини айтиб, шундай дейди:
“Исмим Мадина. Ёшим 9 да. Украинада Путин Зеленский билан “война” қилди. Кейин, Киевга бомбалар отдилар. Биттасини Путин босиб олди. Лекин Путин... Зелейнскийга ёрдам бериб турибдилар. Яшаётган жойимизнинг ёнларида бомбалар портлади. Ўша пайтда биз қариндошларимизникига бораётган эдик. Улар биринчи қаватда яшайди-да. Шу вақт чиқсак, дадам “Бу ерда бомба отилибди”, дедилар”.
16 ёшли Муслима Украинадаги кўп шаҳарлар ёниб йўқ бўлиб кетганини ҳаяжон билан айтар экан, бундай қўрқинчли ҳолатларга биринчи марта гувоҳ бўлганини таъкидлади.
“Киев шаҳридаги уруш бўлаётган жойда яшаганмиз. Биз тонги соат 4-5 ларда ўқ овозидан уйғондик. Шундан бошлаб, тезда элчихонага хабар бера бошладик. Бизни уч кун ичида тезда эвакуация қилдилар. Жуда қўрқинчли бўлди. Мен бундай нарсаларни биринчи марта кўрдим ва қўрқдим. Биз уйимизнинг подвалига тушдик. Кўп ерлар ёниб, йўқ бўлиб кетди. Кўп ерларга ҳужум қилдилар. Ҳозир Украина қолган шаҳарларини ҳимоя қиляпти”.
Транспорт вазирлиги Матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг маълум қилишича, галдаги рейс билан яна 200 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилиши режа қилинган. Унинг сўзларига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни бир жойга сақлаб, уларни хавфсиз ҳудудга олиб чиққанидан кейин навбатдаги рейсларни амалга ошириш ҳам режалаштирган.
“Украинада юз бераётган воқеалар ортидан ҳукуматимиз томонидан фуқароларимизни мамлакатимизга эвакуация қилиш бўйича ишлар ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда эвакуация масалалари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Транспорт вазирлиги бевосита фуқароларимизни мамлакатимизга етказиб келиш жараёнларини ташкил этиш билан шуғулланмоқда.
"Бугун Польшанинг Катовице шаҳридан илк махсус рейс амалга оширилди. Ушбу рейс билан 251 нафар фуқароларларимиз мамлакатимизга олиб келинди. 1 март куни эрта саҳарда навбатдаги иккинчи рейс амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Ушбу рейс билан ҳам 200 дан ортиқ фуқароларимизни юртимизга етказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, бу рейсларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан бепул амалга оширилмоқда. Мазкур қатновлар орқали етиб келган фуқаролардан авиачипталар учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугун айрим ижтимоий тармоқларда махсус рейслар учун авиачипталар сотуви ташкил этилаётгани ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Фуқароларимиздан бу каби маълумотларга ишонмасликларини, ушбу рейслар Польшанинг Катовице шаҳридан Тошкентга амалга оширилаётган махсус рейслар мутлақо бепул эканини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларимизни бир жойга сақлаб, уларни хавфсиз ҳудудга олиб чиққанидан кейин навбатдаги рейсларни амалга ошириш ҳам режалаштирган”, дейди Ашурматов.
Айни дамда сиз ҳам Украина ҳудудида бўлиб турган бўлсангиз. Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси билан боғланишингиз мумкин:
Телефон: +380 44 501 50 00, +380 44 501 41 81, +380 44 501 41 82, +380 44 501 41 83.
Факс: +380 44 501 50 01
E-mail: embassy@uzbekistan.org.ua
Манзил: 01901, Украина, Киев шаҳри, Владимирская кўчаси, 16-уй.
LiveБарчаси