Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ. Шоабдураҳмоновдан нима қолди?
Спорт
−
19 Февраль 2022
48656Жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ижроқўмининг навбатдан ташқари йиғилишида 2019 йилнинг май ойидан бери МОҚ раиси лавозимида ишлаб келган Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди. Хуллас, Шоабдураҳмонов энди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти эмас.
Хўш, унинг раҳбарлиги даврида Ўзбекистонда спорт қандай аҳволга келди? Эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган хатоларни биргаликда кўриб чиқамиз.
Ҳокимбувами ёки МОҚ раиси?
Қўмитанинг Шоабдураҳмоновгача бўлган президенти Умид Аҳмаджонов лавозимидан озод этилганидан сўнг, 2019 йилнинг 15 май куни Миллий олимпия қўмитаси Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари мажлисида Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов президент лавозимига сайланди.
Бир қараганда ҳоким ва шунга ўхшаш лавозимларда ишлаб юрган, спортга алоқаси бўлмаган одамнинг спорт ташкилотларига раҳбар сифатида келиши, бироз ғалатидек кўринади. Балки федерацияларда биз бундай ҳолатни кўравериб ўрганиб қолгандирмиз, лекин Миллий олимпия қўмитаси умуман бошқа, ҳазиллашиб бўлмайдиган масала эди. Яъни, қайсидир спорт федерациясидаги камчиликлар фақат бир спорт туринининг мавқеи пасайишига сабаб бўлса, Олимпия қўмитасидаги хатолар бутун бошли мамлакат спортини инқирозга етаклаши мумкинлиги бор гап. Ва буни тажрибада кўрганмиз.
Шинавандаликдан президентликка бир қадам
Келинг, хонаси келиб қолганда, МОҚ раҳбарлигида қачон кимлар ишлагани билан танишиб чиқамиз. Хўш, уларнинг орасида қанча одам спорт соҳаси раҳбарлигига оддий шинавандаликдан келиб қолган экан?
Обид Назирович Назиров (1992-1994). Икки йил Миллий олимпия қўмитасининг биринчи президенти сифатида ишлаган Назиров, қўмита раҳбарлигига келгунига қадар 1990-1992 йилларда Давлат спорт қўмитаси раиси эди. Охирги раис Шоабдураҳмоновдан фарқли ўлароқ, биринчи президент Назиров спорт устаси, эркин кураш бўйича, хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи бўлган. У бу лавозимни эгаллашга икки карра ҳақли эди, десак муболаға бўлмайди.
Собиржон Собитович Рўзиев (1994-2003). Назировдан кейин МОҚ раҳбарлигига Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Собиржон Рўзиев келди. Рўзиев ҳам Обид Назиров сингари спортнинг ичидаги одам эди. У профессионал қиличбозликнинг рапира тури бўйича 3 карра жаҳон чемпиони (1974, Греноблб; 1979, Мельбурн; 1981, Клермон-Ферран), 3 марта жаҳон кубоги ғолиби (1974, 1975, 1977, Бонн), 2 марта Жованини кубоги ғолиби бўлган(1974, Болонья; 1979, Венеция). Шунингдек, Москва Олимпиадасида кумуш медаль совриндори эди (1980).
Азиз Носирович Носиров (2003-2005). Ўзбекистон ССР Комсомоли Марказий Қўмитасининг 1-котиби (1987-1991) ва Самарқанд ҳокими (1993-1999) сифатида ишлаб келган Носиров, 2003 йилда спортга жалб қилинди. Унга Рўзиевдан бўшаган ўрин — Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентлиги ишониб топширилди. Бу ҳоким ва спортга алоқадор бўлмаган соҳа вакилларининг МОҚга қўйган биринчи қадами эди.
Рустамбек Жавдатович Қурбонов (2005-2009). Раҳбарликка келгунга қадар Қурбонов 1971-1973-йилларда Тошкент 2-қурилиш бошқармасига қарашли 1-уй-жой қурилиш комбинатида сувоқчи бўлиб ишлаган, сўнг 1973-1975 йилларда Қуролли кучлар сафида хизмат қилган. 1976-1985 йилларда Тошкент шаҳар Бош қурилиш бошқармасида сувоқчи, прораб, инструктор-методист, ёшлар ташкилоти котиби, 6-қурилиш трести, 47-қурилиш бўлими прораби бўлган. 1985-1989 йилларда Тошкент шаҳар партия қўмитасининг ташкилий бўлим методисти, ишлаб чиқариш бўлими методисти, Собир Раҳимов туман партия қўмитаси ташкилий бўлим мудири, 1989-1990 йилларда эса Тошкент шаҳар партия қўмитаси ташкилий бўлим методисти лавозимларида ишлаган.
1990-1992 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижроия қўмитасининг халқ депутатлари Кенгаши ташкилий-кадрлар бўлими мудири, сўнг 1993 йилда шаҳар Юнусобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2001-2004 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, 2004 йилда эса Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокими бўлган.
Малик Курбаналиевич Бабаев (2009-2013). МОҚ “карвонсаройи” меҳмонларни қабул қилишда давом этади. Эндиги навбат Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Шарқшунослик факультетини битирган инглиз ва араб тиллари мутахассисига.
1984-1987 йилларда СССРнинг Бағдоддаги (Ироқ) элчихонасининг иқтисодий маслаҳатчиси бўлимида ишлаган. 1991-1997 йилларда “Интерспорт” ташқи иқтисодий компанияси бош директори бўлган.
1993-1994, 2001-2009 йилларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби лавозимида фаолият юритган.
1999-2012 йиллар Ахборот ва статистика қўмитаси аъзоси, кейинчалик Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) Ҳуқуқий қўмитаси аъзоси бўлган.
У Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) Ижроия қўмитаси аъзоси, AIBA жаҳон чемпионатини ташкил этиш ва ўтказиш комиссияси раҳбари ўринбосари сифатида ҳам ишлаган.
Мираброр Зуфарович Усмонов (2013-2017). Анча таниқли бўлган шахсларга ҳам навбат етиб келди. Усмонов МОҚ раҳбарлигига келганидан кейин ҳам бир нечта манзилларда ишлашда давом этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор (2005-2019), Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти (2006-2017) ҳамда Марказий Осиё Футбол уюшмаси президенти (2015-2018-йилларда) бўлиб ишлади.
1978 йилда Самарқанд кооператив институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган Усмонов, 1961-1967 йилларда Тошкент шаҳридаги “Баҳор” ресторанининг олтинчи тоифали ошпази бўлган. У 1970 йилда Тошкентдаги “Гулистон” ресторанида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, 1970-1986 йилларда "Дўстлик" ва "Зарафшон" ресторанлари директори, Тошкент ресторанлар трести директори, 1986-1990 йилларда Тошкент шаҳар Ижроия қўмитаси умумий овқатланиш бош бошқармаси бошлиғи, 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Республикаси савдо вазири, 1992-1994 йилларда “Ўзбексавдо” компанияси раиси, 1994-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг савдо соҳалари бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Алишер Саидаббосович Султонов (2017-2018). Мираброр Усмонов лавозимдан кетганидан сўнг, унинг курсисини “Ўзбекнефтгаз“ миллий холдинг компанияси бошқарув раиси (2015-2018) Алишер Султонов эгаллади.
Бунгача у 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Амалий физика институти, 1993 йилда Тошкент шаҳар ижара, қўшма ва хусусий корхоналар ишчилари ва тадбиркорлари касаба уюшмаси, 1996 йилда “Ўзнефттепереработка” акциядорлик жамияти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши бўйича шартномани амалга ошириш дирекцияси, 1998 йилда “Ўзбекнефтгаз” ташқи иқтисодий алоқалар бирлашмаси, 1998-2002 йилларда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, 2002-2013 йилларда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” унитар шўба корхонасида ишлаган. 2013 йилда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайиланган.
Умид Муҳаммаджонович Аҳмаджонов (2018-2019). Аҳмаджонов қўмита раиси лавозимида узоқ ўтирмади. Аммо унинг раҳбарлик даври МОҚда Мираброр Усмоновнинг раҳбарлиги қадар яхши хотиралар билан тилга олинади.Балки, буларнинг барчаси у кетганидан кейин содир бўлган спортдаги инқироз билан боғлиқдир. Ўзбек спортининг бугунги муаммолари ҳақида гап кетганда, вазият айнан унинг раҳбарлик даври билан таққосланади.
Аҳмаджонов расмий идоралардаги фаолиятини айнан спорт соҳасидан бошлаган. У 2002 йилда, 25 ёшида Ўзбекистон ногиронлар спорти федерацияси бош котиби этиб тайинланган. Аҳмаджонов 2007-2017 йилларда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси вице-президенти ва айни пайтда бош котиби, Ўзбекистон дзюдо федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, шунингдек "Пахтакор" футбол клуби вице-президенти бўлган.
2017 йилнинг 12 сентябридан 2018 йилнинг 10 январига қадар Ўзбекистон футбол ассоциациясига раҳбарлик қилди. 2018 йилнинг январидан 2019 йилнинг 14 июнига қадар Ўзбекистон футбол ассосиасияси биринчи вице-президенти лавозимида ишлади.
Шоабдураҳмонов спортга нима берди, нимани олди?
Яна асосий мавзуга қайтамиз. Истеъфога чиққан Шоабдураҳмонов ўзбек спортига нима берди-ю, нимани олди? Нега айрим федерация раҳбарлари ундан норози? 2019 йилдан то бугунгача қадар эришилган ютуқларда унинг ҳиссаси қанча? Бу саволларга жавоб излаб жуда кўп эшикка бош урдик. Айримлар бугун ишлаб турган лавозими, юз хотири сабаб мавзуга киришни ва таҳлил қилишни истамади. Булар қаторида таниқли футбол шарҳловчиларидан тортиб, вақтида МОҚда президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаганлар ҳам бор.
Қолаверса, номи сир қолишини айтиб, кўрсаткич бармоғини лабига қўйганча, шивирлар ўтган даврдаги хатоларни санаётганлар ҳам талайгина.
Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Нурхон Нафасов эса саволдан қочмади. Ўз федерациясига нисбатан беписандликлардан зада бўлган спортчи МОҚ билан боғлиқ муаммоларни санади.
“Олимпиадада қўлга киритилган медалларда Шоабдураҳмоновнинг ҳиссаси йўқ”
Нурхон Нафасов, Ўзбекистон карате миллий федерацияси президенти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози:— Рустам Шаоабдураҳмонов яхши инсон бўлиши мумкин, лекин яхши мутахассис эмас. Сабаби Олимпия қўмитасида ишлайдиган одам спортни икир-чикирларигача тушунадиган, бирор спорт тури бўйича чемпион, ёки ҳеч бўлмаса, спортнинг ичида юрган одам бўлиши керак. Рустам Шоабдураҳмонов ҳокимликдан чиққан одам эди.
Бу кишидан кейин спортни тушунадиган мутахассис келишига умид қиламан. Спортни тушунмагани учун Карате федерацияси Олимпиадага битта ҳам йўлланма олмади. Охирги олти етти-ойда (Олимпиадагача) у кишига 10 ёки 15 марта мурожаат қилдик.
Ўзбекистонга 5 та эмас, ундан ҳам кўпроқ медаль келиши мумкин эди. Олимпиадада қўлга киритилган медалларда эса, Шоабдураҳмоновнинг умуман ҳиссаси йўқ, деб ҳисоблайман. Нимага? У кишининг ёнига шогирдларим борди. Парижда Олимпиадага лицензия бериши мумкин бўлган мусобақа бўлаётган эди. “Нотўғри жамоа кетяпти, бизни қўйинг, биз у ердан (Париждан) лицензия олиб келамиз. Сиз Президентнинг олдида спорт учун жавобгарсиз”, деб ялинди. У киши эса “Қўйинглар энди, жамоа аниқ бўлибди-ку”, деган жавобни берган.
Олимпия қўмитаси раҳбарлари орасида энг кучлиси ва ўзидан из қолдиргани Умид Аҳмаджонов бўлган. Унда принцип бор эди. Спортни ичидан тушунарди. Мени чақириб, “Нурхон ака, биз миллат ва Президент олдида жавобгармиз. Олимпиадада камида учта медаль олиб келасиз, бунга қандай эришасиз, бу мени қизиқтирмайди”, деб топшириқ берган эди. Шунда мен учта медаль олиб келолмаслигимни айтгандим. “Агар, шундай бўлса, жойингизни бўшатиб қўйинг. Медални мен учун эмас, Ўзбекистон учун олиб келасиз”, деган жавобни олдим ундан. Шундан сўнг унга бўлган ҳурматим ошди. Ўйлайманки, раҳбар шундай бўлиши керак.
Каратэ бўйича Жаҳон чемпиони Нафасовга кўра, Шоабдураҳмонов даврида кўплаб миқдордаги пуллар Карате федерациясига етиб бормай, Тошкент шаҳар бўлими ҳисоб рақамига йўналтирилган.
Боксда бой берилган етакчилик
Биз масалага фақат панжа ортидан қараш фикридан йироқмиз. Лекин сўнгги йилларнинг таҳлили суҳбатдошларимизнинг айтганларида жон бор деган хулосага келишга мажбур қилмоқда. Масалан, бокс бўйича жаҳонда биринчи рақам учун курашиб келган Ўзбекистон эндиликда Осиёда ҳам етакчи эмас. Буни 2021 йил Сербия пойтахти Белград шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам кўрдик. Турнирга 13 нафар боксчи билан қатнашган Ўзбекистон якунда мусобақани бирорта ҳам чемпионсиз, битта кумуш ва битта бронза медаль билан кифояланди. 2019 йил Екатеринбургда ўтказилган жаҳон чемпионатида эса Ўзбекистон термаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида мусобақани биринчи ўринда якунлаган эди.
Футболда ҳам аҳвол анчагина оғирлашди. Тарихда илк бор Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичига ҳам чиқа олмади. Бу ҳолатни ҳар ким турлича баҳолади, бироқ кўпчилик сабаб сифатида тизимни кўрсатмоқда.
Маълум муддат Ўзбекистон футбол ассоциациясида маслаҳатчи сифатида фаолият юритган Санъат Шарипов айни вақтда АҚШда. У ҳам МОҚ ва умуман ўзбек спортидаги муаммолар ҳақида ўз фикрини билдирди.
“Спортдаги амалдорларнинг аксарияти кайф қилиб юрибди”
Санъат Шарипов, спорт мутахассиси, футбол агенти:
— Миллий терма жамоамизнинг обрўси тушиб кетди. Бизни ҳурмат қилмай қўйишган. Ўртоқлик ўйинлари қолдирилмоқда. Ваҳоланки, ҳар куни ЎФАда хабар чиқади: “Эрматов у ерга борди, буни қабул қилди”. Лекин реал ҳаётда бунинг натижасини кўрмаяпмиз. Спортдаги амалдорларнинг аксарияти кайф қилиб юрибди. Саёҳат, зиёфат ва дабдабабозлик урчиган. Умумий натижаларимиз тушиб кетган. Спортчилар ва амалдорларнинг аксарияти ҳам Instagram қиролига айланган. Ҳамма жойда олифтагарчилик. Аэропортда карнай-сурнай билан дабдабали кутиб оламиз, аммо бу кўзбўямачиликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ўзи спортда амалдорларининг иши нимадан иборат деб ҳайрон қоламан баъзида. Қаёққа қарама, ўзига оро бериб, минбарга чиқиб гапиргани, ОАВга интервью бергани ёки спортчиларга медаль таққанини биламан. Лекин янгилик, креативлик кўрмайман.
Спортга жонини берадиган, мамлакат шаъни учун курашадиган одам келиши керак. Ҳозиргилар бир амаллаб президентга бўрттирилган ҳисобот бериб юборса-ю, дакки эшитмай лавозимида қолса бас.
Бу гаплар қўмитадагиларга ҳам тегишли. Токиода байроқ билан бўлган воқеалар ҳам одамни ранжитди.
Токио – 2020 ва Шоабдураҳмонов
Аслига қаралса, МОҚнинг асосий вазифалари олимпиада ҳаракати ва ҳаваскорлар спортини ривожлантиришга ёрдам бериш, мамлакат спортчиларининг Олимпиада ўйинларида иштирок этишини таъминлаш, Ўзбекистон ва бутун дунё спортчилари ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантиришдир.
Аммо охирги йилларда бу вазифаларнинг катта қисми қолиб кетди. Балки, бунга пандемия таъсир қилгандир, лекин бу етарли сабаб бўла олмайди. 2016 йилги Рио Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси 13 та медалга эга чиққанди. Орадан беш йил ўтиб, 2021 йилги Олимпия ўйинларида (пандемия сабаб 2020 йилда Токиода ўтиши керак бўлган Олимпиада 2021 йилга кўчирилди) бор йўғи 5 та медаль билан чекландик. Рио-2016 да кашф қилинган бирорта ҳам юлдуз Токиода ўзини кўрсата олмади. Ҳа, бу мамлакат спорти учун катта йўқотиш эди.
Шу ўринда Токио Олимпиадасида тарихда илк бор Ўзбекистон таэквондо бўйича медаль қўлга киритганини ҳам эътироф этиш керак. Бундан ташқари, допинг билан боғлиқ можаролар сабаб Токиодан қолиб кетган Рио Олимпиадаси чемпиони Руслан Нуриддиновнинг ўрни муносиб тўлдирилди (Акбар Жўраев Нуриддиновнинг вазнида Олимпиада чемпионига айланди). Шоабдураҳмонов даврида ўтган Токио – 2020 Олимпиадасида Марказий Осиёда биринчи ўринни олди. Бироқ бунда қанчалик Шоабдураҳмоновнинг ўрни бор эди?
Очиқ қолган саволлар
2016 йилга Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби Шахрам Ғиёсов Токио-2020 дан кутилаётган натижалар ҳақида шундай деган эди:
— Мен Рио-2016 даги натижалар Токиода қайтарилишига ишонмайман. У даврдаги жамоа, у даврдаги бирлик ҳозир йўқ. Мен буни на спортчиларда, на мураббийларда кўряпман. Ўшанда бизда бирлик бор эди. Ҳозир эса бирлик йўқолган. Бу билан натижага эришиш қийин.
Якунда Ғиёсовнинг гаплари ўз исботини топди. Бу шунчаки тасодиф эмас. Қандайдир сабаб бор едики, бу натижани парчалайдиган даражада муҳитга тасир қилди. Ўзбекистон Риода ўз тарихида энг яхши натижани қайд этди (4 та олтин, 2 та кумуш 7 та бронза). Орадан икки йил ўтиб, 2018 йилда Жакарта ва Палимбанг шаҳарларида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида ҳам тарихдаги энг яхши натижа қайд этилди. Хўш, энди-чи? Худди Токиода бўлгани сингари Ханчжоуда ўтадиган 2022 йилги Осиё ўйинларида ҳам Жакартадаги натижалар парчаланадими? Йўқ дейишга тилимиз борадими? Таъкидланишича, 2022 йил 31 январь ҳолатига кўра Миллий Олимпия қўмитаси томонидан терма жамоаларга халқаро ва маҳаллий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш учун жами 31 та буйруқ имзоланган ва Ғазначиликнинг “УзАСБО” тизими орқали спорт федерацияларга 7,3 млрд сўм йўналтирилган. Ҳар ҳолда бу кам сумма эмас. Лекин харажатларнинг ўсиши билан бирга натижаларнинг тушиши тизимда нимадир нотўғри эканлигини кўрсатади.
Шоабдураҳмонов ўз хоҳишига кўра ишдан кетди. Бунга сабаб нима эди? Қизиқ томони шундаки, на қўмита расмий сайти, на бошқа бир манба унинг кетиш сабабларини маълум қилди. Бу спортнинг охирги икки йилдаги пастлаган натижаларини ўз бўйнига олиб раҳбарликни топширишми ёки қайсидир сабабларга кўра қочиб қолишми?
Токио Олимпиадасидаги муваффақиятсизликдан МОҚ қандай хулоса чиқарди? Париж-2024 учун нималар режа қилинди? Нега федерациялар фаолияти шаффоф эмас? Нега шахмат ва каратедаги муаммолар тугамаяпти? Худди шу каби талайгина саволлар ҳали жавобини топганича йўқ.
Қолаверса, бутун мамлакатда Жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг федерациядан норозилиги, Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг Ўзбекистонни тарк этиб, Америка шарафини ҳимоя қилаётгани муҳокама қилинаётган бир пайтда МОҚ ва Шоабдураҳмонов худди бу воқеаларга алоқаси йўқдек, худди спортга бош бўладиган ташкилот бошқадек, четда томошабин бўлиб турди.
Собиқларнинг хатолари собит бўлиб қолаверадими?
Нега мамлакатнинг катта бир қўмитасига раҳбарлик қилган одам ишдан бўшайди-ю, биз уни шунчаки “қарсаклар” билан кузатиб қўямиз? Майли, қарсак чалайлик, алқайлик, ашъор айтайлик, қўлига алвон гуллар тутқазайлик, унга атаб шеърлар ёзайлик. Зарари йўқ, бу бизга ёт эмас, ўрганиб кетганмиз! Аммо қилган эзгу амаллари қаторида хатоларини ҳам айтиб, тарихдан дарс чиқариш, уни такрорламаслик вақти ҳам келмадими?
Кечадан бошлаб Шоабдураҳмоновга собиқ номи қўллана бошланди. Хатоларга-чи? Собиқлардан қолган, собиқ ва собит хатолар. Раҳбарлар ўзгараверади, хатолар тузатилмай қолиб кетади. Кимдан боғ, кимдан доғ қолади, деганлари шу бўлса керак.
Ҳамма жим! Кўпчилик салкам уч йилга яқин вақт мобайнида мамлакатнинг спорт бўйича энг нуфузли қўмитасига раҳбар бўлган одамнинг спорт учун қилган “хизматлари” ҳақида ёзмаяпти. Рустам Шоабдураҳмонов билан ўтган йиллар ўзбек спортига нима берди, ё аксинча, у киши билан спортимиз нималарни бой берди? Нега жамоатчилик ва журналистларда туғилган саволларга жавоб берилмаяпти? Ҳолбуки, кетиш олдидан, журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этиб, саволларга жавоб бериш, халқдан рози-ризолик сўраш қийин эмасди. Агар Рустам Шоабдураҳмонов яхши ишлаган бўлса, муносиб кузатилиши лозим эди. Раҳбарлар ўз лавозимларидан секин аризани ёзиб, “қочиб” қолиши, мақсадга мувофиқ эмас. Айниқса, у ишлаган ташкилот давлат бюджетидан молиялаштириладиган бўлса... Солиқ тўловчининг пуллари нималарга ва қандай мақсадга йўналтирилганини Рустам Шоабдураҳмоновдан бошқа ҳеч ким яхши билмаса керак, ахир? Шоабдураҳмоновга саволлар жуда кўп эди, лекин афсуски, уларга жавоб олишнинг иложи бўлмади. Катта эҳтимол, бундан кейин ҳам бўлмайди.
Албатта, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарсиз қолмайди. Бўшаб қолган курсининг янги эгаси ҳам тез орада топилади. Лекин барчани қўмита бошига айнан ким келиши қизиқтирмоқда. Ишдан олинган қайсидир ҳоким ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилот раҳбари ҳисобланган "кўп қиррали қаҳрамон"ми? Ёки спортдан хабари бор тажрибали мутахассисми? Бу саволлар тез орада ўз жавобини топади. Лекин ҳозир бир нарса аниқ, қурувчи қурувчилигини, ошпаз ошпазлигини, тикувчи тикувчилигини қилмаса, соҳа қулашда давом этаверади. Биз эса телевизор қаршисида ёстиқни муштлаб спортчиларга таъна ёғдиришдан нарига ўтолмаймиз. Аслида балиқ бошидан...
Шаҳбоз Қаҳҳоров
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси