Уларга куёв, куёвга пул, менга уй керак бўлган – Санжар Каримов

Интервью

Бугун, 24 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида тадбиркор, блогер “Real Sanjik” – Санжар Каримовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги очиқ суд жараёни бўлиб ўтди.

Аввал хабар берганимиздек, Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Суд аввалида, Каримовнинг адвокатлари томонидан  “Gonzo” номи билан фаолият юритувчи блогер Гейдар Алиев Санжар Каримовга оид суд жараёнларини нохолис ёритгани, уни “машка-мошенник” деб атагани ҳамда адвокатлар катта пул эвазига уни ҳимоя қилаётганини кенг оммага айтиб, суднинг холис ва очиқлигига путур етказганини бонг ургани келтирилди ва эътироз билдирилди. 

Шунингдек, суд томонидан мазкур суд жараёнлари оммавий ахборот воситаларига тўғридан-тўғри ёритилишига қисман чеклов (видеотасвирга олиш тақиқланган, бироқ аудио ва суратга олиш рухсат берилган) қўйилганига қарамай, у суд жараёнидан тўғридан-тўғри кадрлар олиб, ушбу тасвирларни ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган. Каримовнинг ҳимоячилари мазкур далилларни йиғма жилд қилган ҳолда, судга тақдим этиб, блогерни суд мажлисидан чиқариб юбориш тўғрисида илтимоснома киритди.

Судда давлат айбловчиси Наврўзбек Сапаров кечиккани сабабли иштирок этмагани туфайли, раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев ажрим қилиш учун қисқа танаффус эълон қилди.

Орадан бироз вақт ўтгач, Наврўзбек Сапаров мажлисга етиб келди ва суд мажлиси давом эттирилди. Суд ажримига кўра, блогер “Gonzo” суд мажлисидан чиқариб юборилди. Шу билан бирга, бошқа оммавий ахборот воситаларига воқеаларни ҳаққоний ёритиш тавсия этилди. 

Шундан сўнг, суд мажлисида 2025 йил 27 ноябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган кечиктириб бўлмас тинтувда иштирок этган гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Тезкор тадбир давомида иш ҳужжатларида қайд этилмаган, Санжар Каримовга тегишли бўлган бошқа уй-жойлар ҳам рухсатсиз тинтув қилингани маълум бўлди.

Тинтув давомида Каримовнинг офис столи тортмасидан “Parliament” тамаки маҳсулоти қутиси ичида полиэтилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли мумсимон модда, турли купюраларга ўралган яшил рангли ўтсимон моддалар, чекиш учун мўлжалланган 0,5 литрли "баклажка" идиши ҳамда хонадон ертўласидаги кийим жавонидан пальто ички чўнтагидаги гугурт қутиси ичида сақланган яшил рангли ўтсимон моддалар топилгани айтилди.

Айбланувчи Санжар Каримов ушбу моддалар марҳум отасига тегишли бўлганини билдирди. Унинг айтишича, отаси АҚШ фуқароси бўлган ва умрининг сўнгги икки йилини Ўзбекистонда оиласи ҳамда ўғли билан бирга ўтказган. Шунингдек, у отаси билан биргаликда мазкур офисни бошқаргани, туташ хонадонда отаси яшаганини ҳам қайд этди. Каримовнинг сўзларига кўра, отаси саломатлиги ёмонлашгани сабабли ушбу моддаларни истеъмол қилган.

Санжар Каримов отасининг вафотидан кейин руҳий тушкунлик ҳолатида "баклажка" орқали икки марта гиёҳвандлик моддасини якка ўзи истеъмол қилганини, бироқ ушбу моддаларни сотиш ёки тарқатиш мақсадида сақламаганини, бу шунчаки отасидан қолган мерос эканини айтди.

“Жаноб судья бу моддалар марҳум отамга тегишли эди. Отам кексалиги туфайли, оғриқларини қолдириш мақсадида чекиб турарди. Отам вафотидан кейин сиқилганда икки марта чекиб кўрганман, тан оламан, лекин сотиш ёки тарқатиш ниятим бўлмаган, бу отамдан қолган мерос. Мен катта тадбиркорман, бундай ишлар билан шуғулланишга ор қиламан”, дея изоҳ берди Каримов.

Суд мажлисида шов-шувларга сабаб бўлган уй-можароси ҳақида ҳам сўз борди. Бу галги судда яна такроран айбланувчи томони Алимбоевларга тегишли уй-жойни марҳум отасининг номидан ўзларига қайтаришга тайёрлигини маълум қилди. Мабодо Алимбоевлар мазкур ҳадяни қабул қилмаса, ушбу хонадонни 1 сўм эвазига нотариал идора орқали олди-сотди қилишга тайёрлигини билдирди. Шу сабабли Санжар Каримовнинг адвокатлари раислик қилувчи судья Баҳром Бердиевга мазкур уйга нисбатан тақиқни олиб ташлаш ҳақида илтимоснома киритди.

Аввалроқ, Алимбоевларга тегишли уй-жой низоли бўлганлиги туфайли мазкур турар-жойга нисбатан суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддаси Даъвони таъминлаш чоралари 3-қисми (бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш) бўйича тақиқ қўйилган.

Раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларнинг сўзини тинглаб, келгусида бошқа  эҳтимоли мавжуд бўлган хавфларни олдини олиш мақсадида, кейинги суд мажлисида нотариусни суд мажлисига чақирган ҳолда, ушбу уйни собиқ эгаларига олди-сотди жараёни амалга оширилиши мумкин бўлишини билдирди. 

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ‘нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

тадбиркор адвокатлар Real Sanjik Санжар Каримов Гейдар Алиев Баҳром Бердиевга Алимбоевлар Мирзо Улуғбек туман суди “Gonzo”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг