Тўқаев олигархлар бойлигини бўлишиши учун очган фонд катта маблағ йиғди
Олам
−
01 Февраль 2022
12584Қозоғистоннинг бир қатор компаниялари “Қозоғистон халқига” жамғармасига хайрия маблағларини ўтказиб, уни яна 16,5 миллиард тенге билан тўлдирди. Бу ҳақда жамғарма Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 29-31 январь оралиғида қуйидаги маблағлар киритилган:
• “АО Altyntau Kokshetau” ОАЖ - 6 миллиард 470 миллион тенге;
• “Казцинк” МЧЖ – 5 миллиард 855 миллион тенге;
• “КаР-Тел” МЧЖ – 2 миллиард тенге;
• “Жайремский ГОК” ОАЖ – 675 миллион тенге;
• Цхай Яков Андреевич - 500 миллион тенге;
• “MabetexGroup” компанияси - 500 миллион тенге;
• “AlSolutions” МЧЖ - 300 миллион тенге;
• “САУТС ОЙЛ” МЧЖ – 200 миллион тенге.
Хабарга кўра, жорий йилнинг 16 январидан 31 январгача бўлган даврда жамғармага 109,8 (252 млн 847 минг 440 доллар) миллиард тенге келиб тушган.
“Илгари жамғарма йилига камида 100 миллиард тенге миқдорида маблағ тўплаши тахмин қилинган эди. Прогноз ҳисоб-китоблари хорижий ва халқаро компаниялардан маблағлар олишни назарда тутмаган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Нур Отан” партияси қурултойидаги нутқида жамғармага хайрия қилишга шошилмаётган йирик бизнес вакилларини қаттиқ огоҳлантирган эди.
“Олигополияга кирувчи айрим таниқли ишбилармонлар давлат раҳбари ташаббуси билан ўтказилаётган хайрия тадбирида қатнашишга шошилмаяпти. Бу очкўзликми, нигилизмми, лоқайдликми ёки эътиборсизликми? Давлатда бунга жавоб олиш учун бир қатор ваколатлар мавжуд. Бу савол!”, деган эди Президент.
Маълумот учун, жорий йилнинг 11 январь куни Қосим-Жомарт Тўқаев соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий соҳа, маданият ва спорт соҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш учун “Қозоғистон халқига” жамғармасини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.
LiveБарчаси