Миллий домендаги 289 та веб-сайтда порнографик контент аниқланди
Интервью
−
01 Февраль 2022
14686Ўтган йили декабрь ойида ўтказилган мониторинг натижасида миллий домен остидаги 289 та веб-сайтда порнографик контентлар аниқланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Таҳлиллар шуни кўрсатдики, биргина 2021 йилнинг декабрь ойида ўтказилган мониторингнинг натижасида 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда беҳаёлик ва маънавиятга зид ҳолатлар акс этган контентлар аниқланди. Айни бир пайтда уларни кузатувчи обуначилар сони ҳам кўпаймоқда”, дейди сенатор.
Қолаверса, Фарҳод Боқиев бу ҳолатга қарши курашиш учун жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилиши ва олдинда миллий контентни яратиш масаласи борлигини айтди.
“Бугун нима сабабдан бу муаммо кун тартибига чиқди? Миллий контентни яратиш масаласи ҳам ётибди. Бугун хоҳлаймизми, йўқми Ўзбекистон, вазирлик ва бошқа ташкилотлар ҳақида биринчи навбатда “Википедия”да кўпроқ маълумотлар яратиш керак. Сабаби бу соҳада жуда кўп сусткашликларга йўл қўйилгани бор ҳақиқат. Негаки, миллий контентларнинг даражаси интернет деган бир уммонда жуда кам фоиз даражасини кўрсатяпти. Парламент миллий контентни ривожлантириш бўйича аниқ мақсад қўймоқда”, дейди Боқиев.
Аввалроқ, Ўзбекистонда Facebook’да 4,7 млн, Instagram’да 3,7 млн, Linkedln’да 288 минг, Telegram’да 18 млн, Odnoklassniki’да 16,7 млн, Twitter’да 51,6 минг ва Вконтактеда 2,6 млн фойдаланувчи борлиги ҳақида хабар берган эдик.