Оддийлик ва ҳашамат. АҚШ Президентларининг Овал кабинети 112 йилда қандай ўзгарди? (фотофакт)
Олам
−
03 Январь 2022
15602Оқ уйдаги Овал кабинет 1909 йил октябрь ойида Уильям Говард Тафт Президент лавозимини эгаллаганидан бери АҚШ давлат раҳбарларининг асосий иш жойи ҳисобланади. Ҳар бир янги тайинланган раҳбарнинг ҳохишига кўра бу хона ўз кўринишини ўзгартиради.
Хонани безатиш Президентнинг қадриятлари ва унинг маъмурияти мақсадини ифодалаш учун жуда муҳим. Овал офисни қайта таъмирлаш - бу шунчаки Президентнинг дидини ифодаламайди. Айнан шу ерда Президент халқаро миқёсдаги нуфузли шахслар билан учрашади ва одамларга муҳим хабарларни ОАВга етказади. Янги Президент Овал кабинет собиқ раҳбарни эслатмаслиги учун ҳам унга ўзгартириш киритади.
Бу залдан фақатгина шаҳар аҳолиси учун томоша уюштиришда фойдаланилмайди, у дунёдаги энг кучли хона бўлиб, кундалик иш ва ходимлар учрашувлари учун ҳам ишлатилади. Қўшма Штатларнинг 27-президенти Уильям Говард Тафт 1909 йилда биринчи марта Овал офисга ўтганидан бери бу хона йигирмата АҚШ Президентига иш кабинети бўлган. Амалдаги Президент Жо Байден Овал кабинетнинг йигирманчи соҳиби ҳисобланади.
Американинг турар-жой биноларига ишончли хизмат кўрсатувчи “American Home Shield” компанияси йиллар давомида Овал офиc қай тарзда ўзгарганини ўрганиб чиқди.
27-Президент Уильям Говард Тафт (1909-1913)
Оқ уйнинг Ғарбий қанотининг кенгайиши пайтида Тафт маъмурият идорасини Рузвельт залидан Президент котиби (ҳозирги штаб бошлиғи) кабинетига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди. Илгари, офиснинг фақат бир томони айлана шаклда эди, лекин Тафт уни тенглик рамзи сифатида тўлиқ овал шаклга келтирди.
28-Президент Вудро Вилсон (1913-1921)
Ғарбий қанотдаги қайта янгиланишдан сўнг, Тафтнинг ворислари янги Овал офисга фақат кичик ўзгартиришлар киритдилар. Президент Вилсон Шартнома хонасида ишлашни афзал кўрди (кейинчалик у Обаманинг “одам ғорига” айланади). Ипак, бахмал пардалари ва маҳагуа ёғочли поллари сингари Овал офис ҳам ўз қимматини йўқотди.
29-Президент Уоррен Хардинг (1921-1923)
Президент Хардинг бошқарувининг иккинчи йилида вафот этди. 1923 йил август ойидаги Овал офисининг ёрқин фотосуратида Хардингнинг чармдан ишланган стули ва мотам матолари билан безатилган машҳур блоттери кўрсатилган.
30-Президент Калвин Кулиж (1923-1929)
Президент Кулиж даврида Овал кабинет асосан дизайнер Натан С. Уайет Уильям Тафт учун жиҳозлаганидек қолган.
Неоклассик услубдаги мармар камин муҳитга жиддийлик ва ишончлилик ҳиссини берган. Хонадаги қандил эса таниқли ёритиш ва металлга ишлов бериш компанияси EF Caldwell & Co томонидан ишлаб чиқилган.
31-Президент Герберт Гувер (1929-1933)
Уайет ва Тафтнинг Овал кабинети 1929 йил Рождество арафасида Оқ уйдаги ёнғин оқибатида вайрон бўлди. Ўша пайтдаги Президент Гувер мустамлака услубидаги офисни ёғоч панелли деворлар билан таъмирлади ва кенгайтирди.
32-Президент Франклин Делано Рузвельт (1933-1945)
Гувернинг таъмирлаш ишларига қарамай, Рузвельт тез орада Овал офисда табиий ёруғлик яхшилаш мақсадида уни Ғарбий қанотнинг жануби-шарқий бурчагига кўчирди. У ҳам уни икки футга (60 см) катталаштирди. Бироқ, Рузвельт Grand Rapids мебел ишлаб чиқарувчилар уюшмаси фойдаланган 17 қисмдан иборат Гувер тўпламини сақлаб қолди. Унга, “клуб креслоси, иккита катта ва битта кичикроқ қанотли стул, иккита стол, айланадиган стул, иккита кресло, иккита китоб жавони, кичик стол ва икки томонга ўрнатилган учта чекиш стендлари” киритилган.
33-Президент Гарри С. Трумэн (1945-1953)
Трумэн биринчи бўлиб Президент муҳри туширилган гиламчага эга бўлди. У кўк-яшил ранглар уйғунлигидан ташкил топган бўлиб, чет қисмига қозиқда кесилгандай қилиб тасмалар қўйилган. Гилам Жон Кеннедига суиқасд қилинган кунгача алмаштирилмади. (Бу тасодиф эди. Жаклин Кеннеди Техасда бўлганларида офисни таъмирлашни режалаштирган.)
34-Президент Дуайт Д. Эйзенхауэр (1953-1961)
Эйзенхауэр Овал офис декорациясига жиддий ўзгартириш киритмаган икки Президентдан бири. Бироқ, хабарларга кўра, у ўзининг ҳовлисида ўрнатган гольф майдончасидан қайтаётганда олиб ташламаган гольф шпиклари билан офис полига зарар етказган.
35-Президент Жон Кеннеди (1961-1963)
Американинг Биринчи хоними Президент Жон Кеннедининг рафиқаси Жаклин Кеннеди француз интерьер дизайнери Стефан Буденни Оқ уйни реконструкция қилиш ва тиклаш учун таклиф қилди. Буден унга янги қизил гилам, оқ диван ва рангпар пардаларни тақдим этди, аммо Кеннедилар ниҳоясига етган ишни кўра олишмади. Таъмирлашдан олдин Жон Кеннеди Иккинчи Жаҳон урушида унинг ҳаётини сақлаб қолган кокос қобиғидан ясалган қоғозларни солиб қўядиган идишни қўйиш орқали хонани шахсийлаштирди.
36-Президент Линдон Б. Жонсон (1963-1969)
Жонсон Эйзенхауэр полда қолдирган изларни ёғочдан ясалган линолеум билан беркитди. У шунингдек, Овал офисга телетайп шкафи ва учта телевизорли банкет ўрнатиб, уни медиа асрига олиб кирди. Жонсоннинг ҳатто LBJ монограммали телевизор пульти ҳам бор эди. Шунинг учун ҳам каналларни ким бошқариши тўғрисида ҳеч қандай баҳс-мунозара бўлмасди.
37-Президент Ричард Никсон (1969-1974)
Никсон ўзининг Овал кабинети учун шоҳона кўк ва олтин комбинациясини танлади – эҳтимол у меҳмонлар орасида Элвис Пресли бўлишини кутгандир. Никсон, шунингдек, офисга Вильсон столини (ҳозирда Президент Байден фойдаланмоқда) олиб келди. У стол ўзининг кумири Вудро Вильсонга тегишли деб янглишганди.
38-Президент Жеральд Форд (1974-1977)
Форд Никсоннинг олтин ва шоҳона кўк рангларини сариқ ва ҳаворанг қилиб, ёрқин ҳамда юмшоқ ранглар схемасига алмаштирди. Айнан Форд бугунги кунда Овал офисда сақланиб қолган Seymur’нинг баланд корпусли соатини ўрнатган. Ушбу соат тахминан 1800 йилда қизил ёғочдан қурилган ва у Оқ уйнинг “хазинаси” ҳисобланади.
39-Президент Жимми Картер (1977-1981)
Картер Форднинг декорациясини сақлаб қолди, лекин баъзи шахсий нарсаларни қўшди. У, шунингдек, биринчи марта Жон Кеннеди фойдаланган ва Бушлардан ташқари Картердан кейинги ҳар бир Президент томонидан севиб келинаётган машҳур Resolute столини олиб келди.
40-Президент Рональд Рейган (1981-1989)
Қўшма Штатларнинг 40-Президенти Рональд Рейган Овал офисни қайтадан янгилаш учун иккинчи бор сайланиш муддатини кутди. Ёнғоқ ва оқ эман дарахтидан ясалган янги полда қуёш нурлари тасвири билан безатилган янги гилам жуда кўркам кўринарди. Рейган, шунингдек, Rеsolute столининг тортмасига ҳадеб тиззасини уравермаслик учун 2 дюймли (5 см) таглик қўшди.
41-Президент Жорж H. В. Буш (1989-1993)
Президент Жорж Буш (каттаси) Овал офисни кўк ранглар схемаси билан модернизация қилди. Шунингдек, у кўплаб оилавий фотосуратларини хонага қўйиб чиқди. Буш ўзининг кабинетида C&О столидан фойдаланган ягона Президент - у Рейганнинг вице-президенти бўлиб ишлаган пайтида ундан фойдаланишни яхши кўрган.
42-Президент Билл Клинтон (1993-2001)
Билл Клинтон даврида Каки Хокерсмит Овал офисини Никсон даврини эслатувчи нақшда безатди. Хокерсмитнинг ажойиб кўк гилами яқинда Байден маъмуриятининг Овал идорасига қайтарилди.
43-Президент Жорж Буш (2001-2009)
Кичик Жорж Буш қуёш нурлари тасвири туширилган гиламчани танлаши билан Рональд Рейганга тақлид қилди, дизайнер Кен Бласингейм уни антиқа олтин пардалар билан бирлаштирди. Гиламнинг ўзи биринчи хоним Лаура Буш томонидан яратилган бўлиб, у қуёш чиқишидаги оптимизмни уйғотиш учун мўлжалланган эди.
44-Президент Барак Обама (2009-2017)
Президент Обама биринчи бўлиб деворларни гулқоғоз билан безашни таклиф қилди. Бу учун у олтин ва очиқ қаймоқрангли чизиқ тортилган гулқоғозни танлади. Хонадаги жигарранг бахмал диванлар ва нейтрал фон Обама ҳақиқатда офисдан ўтириш ва ишлаш учун фойдаланганини кўрсатган.
“Кимдир Бушнинг хонасини чойхонага ўхшатганди, дарҳақиқат у олижаноб эди, лекин Обаманинг хонаси тезгина эспрессо ичиш ва ишга киришиш жойига ўхшайди”, дейди Обаманинг дизайнери Майкл C. Смит.
45-Президент Дональд Трамп (2017-2021)
Трампнинг пардалар танлаши бироз истеҳзоли бўлиб чиқди. У омбордан топиб олган тилла пардалар дастлаб биринчи хоним Хиллари Клинтон томонидан турмуш ўртоғи Биллнинг овал кабинети учун танланган эди. Трамп, шунингдек, Обаманинг девор қоғози ўрнига бинода тарих туйғусини уйғотиш учун мўлжалланган денгиз ўрамлари, барглар ва гул медальонлари нақшини қўйди.
46-Президент Жо Байден (2021-)
Президент Жо Байден Клинтон пардаларини деразаларда қолдиришни маьқул кўрди ва Клинтоннинг тўқ кўк гиламини ҳам қайтариб олиб келди. Унинг ўзи эса ёши 3,9 миллиард йил бўлган Ой тошини ўрнаттирди.
Овал офиснинг декорацияси шахсий дид ва ниятнинг ифодасидир. Бу, шунингдек, Президент интерьер дизайнери учун ўз номини қолдириш ва тарихий ишларни амалга оширишида улкан имкониятдир. Оқ уй фахрланишга арзигулик уйдир.
Мунира Турсунова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь