Видеоси тарқалган Бабашева, Президент бўлолмаган Отажонов ва Қодиров, Mercedes'ли бўлган “Jahonkent”. 2021 йилда кимлар “тренд”да бўлди?

Жамият

image

Ўтган 2021 йил қизиқарли ва шов-шувли воқеаларга бой бўлди. Уларни биз бир неча йиллар давомида эслаб юрамиз. Негаки, бу воқеалар ё давлат аҳамиятига молик, ё одамлар ҳаётига алоқадор.

Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиб кетиши сабабли ҳар қандай воқеанинг муҳокама мавзусига айланиши янада осонлашди. Биз қуйида 2021 йил Ўзбекистонда энг кўп муҳокамаларга учраган одамларни эслаб ўтамиз.

Президентликка яқин ҳам келолмаган Жаҳонгир Отажонов

Жаҳонгир Отажонов. Илгари бу ном одамларга фақатгина хонанда сифатида таниш эди. Аммо, жорий йил унинг кўплаб қирралари намоён бўлди. Айни сайловолди жараёнларининг қизғин тарзда ўтишида ҳам унинг ўрни “катта”.

Отажонов 2020 йил декабрь ойида санъатдан кетганини эълон қилган эди. Орадан кўп ўтмай, у жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайловида номзодини қўймоқчилигини оммага маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик фойдаланувчилар Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўйиш тўғрисидаги мурожаатини ҳазилга йўйди ва “пиар” сифатида қабул қилди.

Бунинг ортидан, у Президент бўлиш нияти жиддий эканини таъкидлаб, ўзининг шу мавзудаги иккинчи видеомурожаатини қолдирди. У галдаги мурожаатида давлат раҳбарининг люкс саройларда яшашига қарши эканини айтиб ўтди.

Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, унда Президентдан ўзини туман ҳокими қилиб тайинлашини сўради.

Отажонов айтди ва узоққа бормай сўзидан қайтди. Камига саҳнага ҳам қайтди. Отажонов энди ортиқ сиёсий фаолият  билан шуғулланмаслигини айтиб, онасининг шарафига “Онам учун" деб номланган концерт бериш ниятида эканлигини маълум қилди.

Мигрантларнинг чўнтагиги кўз олайтирган Қодиров

Алишер Қодиров. Бу номни хорижда меҳнат қилиб, пул топаётган ўзбекистонлик фуқаролар яхшигина танийди, ҳатто, ундан нафратлишгача боради. Жорий йил сайловолди ўтказилган учрашувларнинг бирида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни солиққа тортишни таклиф қилган эди.

Бу таклиф бир неча миллион хорижда меҳнат қилаётган  ўзбекистонлик фуқароларнинг кескин эътирозига сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамаларни келтириб чиқарганди. Қодировнинг мигрантлардан ҳам солиқ ундириш кераклиги ҳақидаги гапларига айримлар “Алишер Қодировнинг бу гапларидан кейин унга овоз берувчилар сони кескин тушиб кетади”, деб, яна кимлардир “Бу ҳам сайлов олдидан бир пиар”, деб муносабат билдирган эди.

Умуман олганда, Алишер Қодиров йил давомида, қолаверса, сайлов жараёнларида муҳокама марказидаги шахс, балогардон бўлди. Унинг гоҳ Расул Кушербоевни популистликда айблаши, гоҳ UzAutoMotors монополиясини қўллаб чиқиши, кези келганда эса бесоқолбозликка ва Тошкент марказида СССР байроғи кўтарилишига қарши кескин баёнотлар билан чиқиши унинг пиарига яхшигина хизмат қилди. “Суюнчи” фильмида сизни ҳамма ёмон кўради – дадам, ойим, магазинчи Ғайбулла”, деб айтилганидек, Қодировни ҳамма ёмон кўрмаса ҳам, лекин магазинчи Ғайбулла ака аниқ танийди.

Эслатиб ўтамиз, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров сайловда 5,5 фоиз сайловчининг қўлловига эришиб, умумий ҳисобда учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, сайловдан сўнг Қодировнинг ижтимоий тармоқларда кам кўриниш бераётгани ҳам барча маълум.

“Jahonkent” ёхуд Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга нисбатан кўпчилик анчадан буён монополист унвонини қўллайди. Камига жорий йилда ижтимоий тармоқларда Ортиқхўжаев ва “унинг Тошкенти” мадҳ этилган бир-биридан қизиқ атамалар пайдо бўлди: “Jahonkent”, “JahonCity”, “Jahoniston”, “Jahonlandiya”. Бу номлар одатда Тошкентда Ортиқхўжаевга бевосита ёки билвосита бўлган ширкатлар, қурилиш компаниялари кундан кунга ортиб бораётганига норозилик сифатида қўлланилади.

Ортиқхўжаев якунига етаётган 2021 йилда ҳам жамоатчилик диққат марказида бўлди. Дастлаб, февраль ойида пойтахт ҳокими “Мовий гумбазлар” деб аталадиган сердарахт майдон ўрнида “Истиқлол” мажмуасини қуришни режалаштириши ортидан шаҳар аҳолисининг кескин танқидига учради. Ишга Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдириб, “Мовий гумбазлар”ни асраб қолиш кераклигини айтиб чиқди.

Шундан сўнг, Ортиқхўжаев қилмаган ишини қилиб, одамларни эшитиш ниятида “Мовий гумбазлар” майдонида аҳоли билан учрашув ўтказди. Ҳоким бугунгача ҳаммага гапини ўтказиб, ўзиникини маъқуллашга ўрганмаганми, учрашувда эътироз билдирган одамлар билан баравар олишиб, бақира кетса денг. Буни кўрган аҳоли ҳам, журналистлар ҳам ёқа тишлади. Ҳоким дегани башанг, оғир, босиқ, мулоҳазали бўлмасмиди. Бунча бақиради?!

Ортиқхўжаев ишонч билан “Истиқлол” мажмуаси қурилмаса, ундан кейинги ҳокимлар дарахтзорни расво қилишини айтди. У айнан кимга шаъма қилди билмадигу аммо унгача бўлган даврда Тошкентда бунча кўп дарахт кесилмаганди. Биргина Миллий боғ ва унинг ҳудудидаги кўлнинг йўқ қилингани гапларимизга яққол мисол бўла олади.

Учрашув якунида Ортиқхўжаев аҳолидан уч кун муҳлат олиб, лойиҳани тақдим этишини, қурилиш бўлса ҳам ҳудудда бирорта дарахт экилмаслигини, акс ҳолда истеъфога чиқишини маълум қилди. Якунда иш дарахт кесмаса битмайдиган шекил, “Истиқлол” мажмуаси Тошкент чеккасида, Қибрай туманида барпо этилди.

Июль ойида ҳам пойтахтнинг бизнесмен-ҳокими ижтимоий тармоқлар юлдузига айланди. Бунга Ортиқхўжаевнинг коронавирусга қарши эмланиши “спектакль”, аслида у эмланмаган деган тахмин сабаб бўлди. Бу тахминлар эса ҳокимлик тарқатган видео асосида туғилди. Видеода шифокор вакцинани кўк индикаторли шприцда тортиб олган, ҳокимга эса қора индикаторли шприцда юборгани кўринганди. Ана буни пайқаган тармоқ фойдаланувчилари, “ҳоким кўзбўямачилик қилди. У аслида эмланмади, демак вакцина хавфли”, дея бонг урди. Аммо бу масалага ҳокимлик айрим ОАВ орқали изоҳ бериб, ёпди-ёпди қилиб юборди.

Декабрь ойида Ортиқхўжаев атрофидаги муҳокамалар фуқаро пойтахт ҳокимлигига бозор нархи 250 минг доллар бўлган Mercedes-Benz  S500 Hybrid автомобилини совға қилиши билан яна авж олди. Жамоатчилик фаоллари бу ҳадя ортида ҳоким ниманидир кўзлаган деган тахмин билан обдон ўйланди, якунда бунга жавоб топилмади, чоғи. Яна ким билади дейсиз, ҳокимга машинанинг фалончи амманинг қизлари совға қилгандир. Уёғи бизга қоронғи.

Шундан бери ҳоким ҳам тинч, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатувчи блогер ва журналистлар ҳам.

Марям Тиллаева

Марям Тилляева Каримовлар оиласида машҳурлик бобида онаси Лола ва холаси Гулнора, холаваччалари Имон ва Исломни ҳам ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиб қолди. Ҳаммасига унинг яланғоч сурати сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси, Лола Каримова-Тилляеванинг қизи Марям Тилляева таниқли рус блогери Амиран Сардаровга турмушга чиқди.

Орадан кўп ўтмай, Амиран Instagram саҳифасига турмуш ўртоғи Марям билан тушган ўзбек минталитетига мутлақо мос келмайдиган расм жойлади. Ушбу сурат ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Баҳсларда фикр билдирганлар ушбу суратни Биринчи Президент Ислом Каримовнинг фаолияти, маънавият ҳақидаги чиқишлари билан боғлади. Мазкур сурат ва ҳолатнинг марҳум Президент Каримов билан боғланишига унинг қизи Лола Каримова-Тилляева муносабат билдириб, қизининг қилмишини Ислом Каримов номи билан боғламасликни сўраб чиқди. Орадан бироз вақт ўтиб, Амиран саҳифасидаги суратни ўчирди ва Марямнинг яқинларидан узр сўради.

Шунингдек, Амираннинг айтишича, Марямнинг ота-онаси қизи билан алоқаларни узган. Улар Амиранни муносиб куёв сифатида қабул қилмаган.

Марямнинг ота-онаси қизи ўзига мос жуфтни танлашига умид қилишган, аммо унинг бир блогерга турмушга чиқиш ҳақидаги қарори ҳамма учун кутилмаган ҳодиса бўлган.

Амиран ўзи ва рафиқаси Марямнинг ота-онаси билан тил топишишда муаммога учраётганини тан олган.

Чироғи ўчмаган Норбоева

Танзила Норбоева. Бу номни қишлоқ шароитида, тунларни чироқсиз ўтказаётган аҳоли жуда яхши таниб қолди. Жорий йил сайловолди ўтказилган тадбирлардан бирида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Сенат раиси Норбоевага “Катта-катта давраларда аёлларнинг ҳуқуқлари, уларнинг сайловда фаол иштирок этиши ҳақида гап кетмоқда. Ўзим қишлоқларга бориб гувоҳи бўлдим. Баъзи қишлоқ аёллари ҳатто сайлов ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Сабаби уларнинг уйида чироқ йўқ. Телевизор кўра олмайди. Сайлов билан аҳолини қанчалик қамраб ололяпмиз?”, деган савол билан мурожаат қилган эди.

Танзила Норбоева журналиснинг саволига жавобан бугунги кунда аҳолига шароит яратиш борасида кўплаб ислоҳотлар олиб борилаётганини маълум қилган. Қолаверса, ҳозирда буткул зулматда ўтирган аҳоли йўқлиги, баъзи ҳудудларда қандайдир сабаб билан свет ўчган бўлса, бу айнан ўша жойдаги мутассадилар айби билан бўлган ҳолат эканини айтган эди.

Очиқ мулоқот давомида Халқ демократик партияси Зангиота тумани кенгаши раиси Моҳира Акромова QALAMPIR.UZ журналистининг қишлоқ аёллари номзодларни танимаслиги ҳақидаги фикрларига эътироз билдириб, партиялар нафақат уйда ўтирган, балки далада меҳнат қилаётган аёллар билан ҳам гаплашиб тарғибот ишларини олиб бораётганини маълум қилган.

Партия вакилининг эътирозидан кейин Танзила Норбоева вазиятга хулоса ясаб шундай жавоб берган эди:

“Тушунтириш берганингиз учун раҳмат. Умуман олганда “свет” ўчиши ёки зулматда ўтириб, телевизор кўролмаслик бу беш йил олдинги тарих эди. Ҳозир бунақа тарих йўқ”.

Норбоеванинг “Свет” ўчиши ва зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил аввалги тарих эди, ҳозир бу тарих ҳаммаси бартараф қилинди”, деган қисми ижтимоий тармоқлар муҳокама майдонида трендга чиқди. Норбоеванинг сўзлари туширилган 9 сониялик видео ортидан тармоқда унга нисбатан жавоблар сони ортди. Видеомурожаатларда кимдир айни вақтда уйида чироқ йўқлигидан нолиса, яна кимдир аллақачон электр энергиясидан телевизор кўришга фойдаланмай қўйгани, Янги Ўзбекистонда ҳам болалар шам ёруғида дарс қилаётганини ёзди.

Ҳатто, Ўзбекистонлик хонанда Шоҳужаҳон Бозоров мамлакат Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг “свет” ва газ ўчиши тарихга айлангани ҳақидаги гапларига жавобан қўшиқ куйлади.

Эзилгани сезилган Юлдуз Усмонова

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси Юлдуз Усмонова жорий йил Президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида мамлакатда санъаткорлар эзилганини айтиб, шов-шувли интервью берди. У “Миллий” телеканалининг “Инсон қадри” кўрсатувидаги чиқишида Каримов даврида мамлакатдан бир неча марта қувилганини хотирлади. У ҳақиқатни гапиргани учун боши калтак остида қолганини айтди.

Интервью кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, Юлдуз Усмоновага нисбатан “Хаста бўлма” қўшиғининг шеър муаллифи сифатида Йўлчи Рўзиев муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Даъво ариза қисман қаноатлантирилиб, Юлдуз Усмоновадан даъвогар Йўлчи Рўзиевга 50 000 000 сўм маънавий зарар учун компенсация, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида етказилган зарар ҳисобига товон пули ундириш белгиланган. Аммо Усмонова ҳамон пулни тўлагани йўқ. У шоир билан судлашишда давом этиб, апелляция судига шикоят киритган.

Қодировни масхарабоз деган “популист” Кушербоев

Расул Кушербоев. Жамиятда бўлаётган бирон бир ҳодиса бу депутатнинг эътиборидан четда қолмайди. Албатта, у ҳар бир воқага ўз муносабатини билдирадиган фаоллардан. Жорий йил "Миллий тикланиш"партияси раиси Алишер Қодиров ва Кушербоев ўртасида ўзаро низо авжига чиқди.

Гап шундаки, "Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров  QALAMPIR.UZ’га интервю бериб, "Депутатлар орасида популист борми?" деган саволга жавобан, фақатгина Расул Кушербоевни популист депутат деб билишини айтди. Ушбу интервю ижтимоий тармоқларда шов-шувни келтириб чиқарди. Бу орада Расул Кушербоев QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилиб, Қодировнинг айбловига нисбатан жавоби борлиги ва интервью бермоқчилигини айтди. Холислик нуқтаи назаридан QALAMPIR.UZ Расул Кушербоевга ҳам ўз фикрини баён этиш имконини берди.

Кушербоев журналистнинг "Қодиров популистми?", деган саволига "Йўқ, у масхарабоз! Яъни, бугун бир гапни гапириб, эртага бошқа гапни гапирадиган одам. Принципсиз одам! Майли, инсон сифатида бир-иккита жиҳатларини ҳурмат қиламан. Лекин инсон бир нарсани гапирдими, шунда қатъий туриш керак! Партиянинг кучи унинг қатъияти ва принципларида", деб жавоб берди.

Айнан шу ҳолат ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

#men_feruzaman ёхуд Ферузалар

Феруза Нажмиддинова. Бу ном кўпчиликка ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдиган, доимо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашувчи журналист сифатида яхши таниш.

Жорий йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова “Tashkent city” ҳудудидаги ресторанлар Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорини писанд қилмай, 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақида танқидий-таҳлилий репортаж тайёрлади.

Репортаж оммага тақдим этилганидан бир кун ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларга Феруза Нажмиддинованинг номини булғовчи, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган номақбул видео сиздирилди. Видеода кўп қаватли уйнинг балконида ишқий муносабатда бўлаётган аёл ва эркак акс этган бўлиб, видео қаҳрамонларини таниб олиш жуда қийин. Шунга қарамай, ушбу видеонинг бошига журналист Феруза Нажмиддинованинг иш фаолияти давомида тушган суратлари жойлаштирилиб, монтаж қилинган ва гўё номақбул видео қаҳрамони журналист Феруза Нажмиддинова экани ёзилган.

Ушбу ҳолат кенг жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Кўплаб журналистлар  Феруза Нажмиддинованинг ўрнида бошқа журналистлар, ҳатто, ўзлари ҳам бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, “Шантаж ва туҳматчилар бизни бу йўл билан ҳақиқатни айтишдан тўхтата олмайсиз”, дея мурожаат қилиб чиқишди. Шунингдек, #men_feruzaman ҳештеги кенг оммалашди.

Воқеа ортидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари Шерзод Асадов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, сиёсий партиялар, вазирлик ва идоралар муносабат билдириб, Нажмиддинова фонида барча аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқдилар.

Ҳақиқат қарор топди ва бу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова эмаслиги тасдиқланди.  Гарчи, 4 ой олдин QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шанини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, ҳали ҳануз айбдорлар топилгани йўқ, мутасаддилар эса ҳамон жим.

6,5 йилга “кесилган” Отабек Сатторий

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ воқеалар Ўзбекистон медиа муҳити, ижтимоий тармоқлар диққат марказида бўлди.

Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилгани ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатгани сабаб бўлган.

Бу масала бўйича журналистика соҳасига алоқадор бир қатор нуфузли  ташкилотлар, депутат ва жамоат арбоблари муносабат билдирди.

Муносабатларда бу ишда конституцион ҳақ-ҳуқуқ, ҳақиқат, адолат, сўз эркинлигига  ҳурмат ва  очиқлик таъминланиши лозимлигига даъват этилди.

Шунингдек, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси – CPJ (Commitee to Protect Journalists) Ўзбекистон ҳукуматида ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди.

Ташкилотнинг фикрича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа ташланган. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот “агар товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, мазкур ҳибс воқеаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига раҳна солувчи яна бир ҳаракатдир”, деб ташвиш билдирди.

Бу масалада мавҳумлик ва зиддиятлар кўп эди. Ички ишлар вазирлиги берган баёнотдан сўнг баҳс-мунозаралар янада авж олгани маълум.

Суд ҳукмига кўра, блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уни узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Интим видеоси ортидан сазойи Феруза Бабашева

Феруза Бабашева. Жорий йил ижтимоий тармоқларда  Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашева ва шахси номаълум бўлган бир эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси тарқалди.

Видео тарқалиши жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари депутатнинг шахсий ҳаётига дахлдор видеонинг тарқатилиши, унинг шаъни ва обрўсига путур етказиш учун уюштирилганини айтиб, бу ишни қоралади.

Тошкент вилояти ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, воқеа “Хавфсиз тун” тадбири доирасида аниқланган ишратхонада тасвирга олинганини маълум қилди. Шунингдек, рейд вақтида олинган тасвирларни тарқатганларни аниқлаш ишлар бошланганини билдирди.

“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига асосан, Феруза Бабашева депутатлик ваколатларининг муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарорни сессияда қатнашган 24 нафар депутатдан 23 нафари ёқлаб овоз берди.

Шу тариқа сессия ишида Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Алламжонов айбдор

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов “Алламжонов айбдор” номли китоб ёзди.

Китобда барча нарсалар ҳақида очиқчасига ёзилган. Кўпгина хотиралар Алламжоновнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Президент Администрацияси Матбуот хизматида фаолият юритган даврлари билан боғлиқ. Китобда, шунингдек Биринчи Президент Ислом Каримов ва Президент Шавкат Мирзиёев даври, собиқ ДСҚ раиси Парпиев билан муносабатлари, Саида Мирзиёева билан тандеми ва Гулнора Каримова ҳақида сўз боради.

Ушбу китоб кенг оммалашди ва ижтимоий тармоқларда “тренд”га чиқди.

Гоҳ дўппили, гоҳ дўпписиз Назарбеков

Озодбек Назарбеков. Бундан кейин бирон жойда дўппи ҳақида гап кетса, одамлар Маданият вазири Назарбековни ҳам эслаб ўтишcа керак. Озодбек Назарбековнинг мажбурий дўппи тарғиботидан кейин дўппи тикадигану сотадиган опахонларнинг иши гуллаб кетганмиш. Катта-катта корхоналар фаолият турини ўзгартириб, дўппи тикишга ихтисослашибди.

Жорий йил Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлар орқали видеобаёнот билан чиқиб, энди вазирлик ходимлари ишга дўппи кийиб келиши йўлга қўйилгани ҳақида гапириб, бошқа ҳамкасбларини ҳам дўппи кийиш борасида шахсий намуна бўлишга чақирган эди.

Назарбеков бошчилигидаги Маданият вазирлигидагиларнинг дўппи кийиш борасидаги ушбу қарори ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Вазирнинг миллий қадриятларни ишга дўппи кийиб келиш йўли билан ҳаётга қайтариш ва уни оммалаштириш борасидаги таклифи кўп ўтмай танқидлар ёмғири остида қолди.

Жамоатчилик Назарбековдан дўппи кийишни тарғиб қилгунча, ишни маданиятнинг энг оддий кўринишларидан бошлашга чақириб, ўз норозиликларини билдирди.

Буни қарангки, Маданиат  вазирга дўппи бўйича билдирган таклифи ортидан келган танқидлар оғир таъсир қилди чоғи вазирликда унинг ўзи биринчилардан бўлиб дўппини ташлади. Вазирлик ахборот хизмати томонидан тарқатилган сўнгги хабарлар, Назарбековнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида жойлаштирилган охирги постларда вазирнинг дўпписиз ўтиргани гувоҳи бўлдик.

Лозим цехида ишлаётган Қодиров, чиннига гул солаётган Абдуллаев

Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев. Улар ўзбекистонликларга жуда яхши таниш. Бири собиқ Бош прокурор, иккинчиси собиқ Бош прокурор ва ДХХ раиси.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги комиссия Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги 22-сонли колонияда мониторинг ўтказган. Комиссия таркибида бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган пайти қамалган собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев билан учрашганини маълум қилди.

Унга кўра, собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров лозим цехида, Ихтиёр Абдуллаев эса чинни заводида ишлаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

431

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг