Статқўм бизнес билан чатишиб кетган амалдорлар ҳимоясига отландими ёхуд мақсад Orginfo.uz сайтини ёпишми?
Жамият
−
18 Декабрь 2021
10734Корхона ва ташкилотларнинг очиқ маълумотлари жойланадиган Orginfo.uz сайти эгасига ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилди. Бунга Давлат статистика қўмитасининг аризаси асос бўлган.
QALAMPIR.UZ мазкур вазиятда ҳам Orginfo.uz сайтини яратган Бобурмирзо Ҳамроқуловни, ҳам Давлат статистика қўмитасини тинглади.
Сайт асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, Orginfo.uz жорий йилнинг январь ойида ишга туширилган ва мутлақо Давлат статистика қўмитаси расмий сайтига жойланган корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги очиқ маълумотларга асосланган.
“Сайтимни январь ойида ўзимга портфолио, хобби ва бошқалар учун қулай восита бўлиши учун ишга туширдим. Атайин uz доменида очдим. Мен билан кимдир (статистика қўмитаси ҳам) боғланиши учун сайтда алоҳида боғланиш формасини ҳам қўшдим. Сайт ким томонидан яратилганини билдириш учун “Developer by bzimor” жумласини ҳам қўшиб қўйдим. Яъни бу ерда анонимлик йўқ. “Bzimor” деб Google’дан изласангиз мен ҳақимда бир дунё маълумот топасиз. Маълумотларни автоматик равишда stat.uz сайтидан олаётганим сабаб муаллифлик ҳуқуқи бўйича муаммо келиб чиқмаслиги учун у ташкилотни манба сифатида ҳам келтирдим”, дейди сайт асосчиси.
У сўзида давом этиб, айнан Давлат статистика қўмитаси сайтини манба сифатида кўрсатгани ва баъзи ташкилот ва корхоналар тўғрисида маълумотлар эскириб, Orginfo.uz’да келтирилган маълумотлар stat.uz’дагилар билан фарқ қилгани туфайли қўмита ёш сайт муаллифи устидан Ўзкомназорат (Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси)га мурожаат қилганини маълум қилди.
“Айтишларича, мен билан боғлана олишмаган. 11 августда ИИВ Киберхавфсизлик бўлимига чақиртирилдим, муаммо нимада эканини уларга тушунтирдим, тушунтириш хати ҳам ёзиб бердим. Камчиликларни тўғриладим (маълумот қачонги санада олинганини қўшиб қўйдим). Шу билан иш ёпилди деб ўйлагандим. 11 ноябрда эса Асака ИИБга чақиртирилдим. Аслида бу унақа катта иш бўлмаслиги мумкин. Лекин менга қўйилган айблов (шахсни обрўсизлантиришга қаратилган қасддан ёлғон тарқатиш) ва эҳтимолий жарима (14 млнга яқин) борлиги мени ташвишга солди”, дейди Бобурмирзо Ҳамроқулов.
У 15 ноябрь куни Асака туман ИИБга чақиртирилганда, иш маъмурий чора кўриш учун ИИБга юборилгани, энди масала судга оширилиши айтилган. Ўтган вақт мобайнида эса Ҳамроқулов судга чақирилмаган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасидаги қоидабузарликни содир этишда айбланмоқда.
“Сизга нисбатан очилган иш кимнингдир “заказ”и бўлиши мумкинми, бу сайт ортидан таҳдидга учрамаганмисиз”, деган саволга Бобурмирзо Ҳамроқулов шундай жавоб берди:
“Бирор нарса деёлмайман, агар сайтни ёпиш мақсад бўлганида аллақачон ёпилган бўларди, деб ўйлайман. Аввал ҳам, ҳозир ҳам таҳдид бўлмаган. ИИБда ҳам жуда яхши муомалада бўлишди, улар ҳам маълумотларда нега бунақа номувофиқлик бўлганини тушунишди”.
Қайд этиш керакки, Статистика қўмитасининг stat.uz сайтида STIR (ИНН) рақами орқали корхона ва ташкилотлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Бироқ қўмита сайтидан маълумот топиш мушкул. STIR’ни билмасдан исм-шариф ёки компания номи орқали маълумот топишнинг ҳам иложи йўқ. Етмаганига расмий ташкилот сайти МЧЖ таъсисчиларига тегишли бошқа корхона-ташкилотлар ҳақида маълумотларни “яширади”.
Orginfo.uz сайтида эса барчаси содда ва асосийси корхона кимга тегишли экани, унинг бошқа компанияларга ҳам алоқаси бор-йўқлиги кўрсатиб берилади. Шу сайт воситасида миллиардлаб суммали давлат буюртмалари баъзи амалдорларга ёки уларнинг қариндошларига тегишли компанияларга бериб юборилгани аниқлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Давлат статистика қўмитаси Матбуот котиби Усмон Абдурасулов Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан иш очилишида уларнинг тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Гап шундаки, Статқўмга банклар, тадбиркорлар ва ҳатто, журналистлардан ҳам stat.uz ва Orginfo.uz сайтларидаги маълумотлар турли экани ҳақида шикоятлар тушган. Шундан сўнг, Ахборот хавфсизлиги бошқармаси Ўзкомназоратга шикоят киритган.
Абдурасуловга кўра, инспекция суриштирув олиб бориб, сайт асосчиси, яъни Абдурасулов Бобурмирзо билан боғлана олмагач, ИИБга мурожаат қилган.
Статқўм Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ’га расмий баёнот тақдим этди. Унда Қўмита Orginfo.uz веб-сайти ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши ёки ишлашига қаршилик қилмаслиги, мазкур сайтларнинг белгиланган тартиб ва қоидалар асосида фаолият юритиши тарафдорилиги қайд этилган.
Таъкидланишича, Давлат статистика қўмитасининг ягона Давлат регистри маълумотлар базасида корхона ва ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ҳар куни янгиланиб борилади.
“Қўмита мазкур ҳолатда https://orginfo.uz веб-сайтига Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига тўғри келмайдиган ахборотларда қўмита номининг манба сифатида келтирилишига эътироз билдирган, холос. Сир эмаски, бир манбага эга бўлган икки хил маълумот фойдаланувчиларни чалғитиши, статистик маълумотларнинг ишончсизлигига олиб келади.
Қўмита мутахассислари бундан 7-8 ой олдин https://orginfo.uz веб-сайтига айнан нотўғри маълумотларга Давлат статистика қўмитаси номини манба сифатида кўрсатмаслиги бўйича электрон почта орқали мурожаатлар қилишган. Афсуски, бу мурожаатларга жавоб берилмаган. Сайтда алоқа учун телефон рақами кўрсатилмаган. Қўмитанинг мурожатларига қарамай, нотўғри маълумотларга қўмита номини манба сифатида келтириш ҳолатлари давом этган”, дейилади расмий баёнотда.
Шуни инобатга олган ҳолда, қўмита Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига мурожаат қилган.
“Давлат статистика қўмитаси мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсатини таъминлашга, Очиқ маълумотлар порталини ривожлантириб, очиқ маълумотлар соҳасида кўплаб халқаро рейтинг ва индексларда юқори ўринларни қайд этиб келмоқда. Қўмитанинг расмий веб-сайтидаги маълумотлардан халқаро ташкилотлар ҳам фойдаланаётгани сир эмас.
Кечаги ҳолатдан кейин Orginfo.uz веб-сайтида маълумотларнинг остида сайтда берилган барча маълумотлар норасмий. Расмий маълумотларни тегишли давлат ташкилотлари сайтларидан олишингиз мумкин деб ёзиб қўйила бошлади. Давлат статистика қўмитаси номи маълумотларга манба сифатида олиб ташланди. Бу учун Orginfo.uz веб-сайтига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Давлат статистика қўмитасининг ягона талаби ҳам шу эди. Такрор бўлса-да, қўмитани Orginfo.uz веб-сайти ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши ёки ишлашига қарлишиги йўқ”, дейилади Статқўмнинг расмий баёнотида.
Масаланинг бошқа жиҳати
Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда кун тартибига чиққач, блогер-юрист Хушнудбек Худойбердиев ўз муносабатини билдириб, сайти муаллифига нисбатан Ички ишлар бўлими томонидан очилган маъмурий ишда ҳам хатолар борлигини маълум қилди.
“Orginfo.uz сайтини яратган дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Андижон вилояти Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича маъмурий иш очилибди. Аммо бу айб мутлақо асоссиз қўйилган, деб ҳисоблайман. Ички ишлар ходими ёки шошиб қолган, ёки малакасизлик қилган.
202-2-моддада шундай дейилади: “Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш”.
Хўп, Orginfo.uz сайтида қандай ёлғон хабар тарқатилган? Ва бу маълумот кимнинг қадр-қимматини камситибди? "Миллиард туда, миллиард суда" қилаётган коттаконларнингми?
Яна бир гап: давлат ташкилоти, умуман олганда бирорта юридик шахс қадр-қиммати камситилгани ҳақида шикоят қила олмайди. Чунки ташкилотнинг қалби бўлмайди ва ўз-ўзидан қадр-қиммати ҳам йўқ. Бу модда билан иш очиш учун ўша қадр-қиммати камситилган ШАХСнинг шахсан ўзи ариза ёзиши керак. Хўш, ким шикоят ёзган? Шунақа ариза борми ички ишлар қўлида?”, деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Воқеага нисбатан ҳозирча Ўзкомназорат ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирганича йўқ.
LiveБарчаси