Акбар Тошқулов Адлия вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди
Жамият
−
09 Декабрь 2021
9815Адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов бошқа ишга ўтаётгани муносабатибиан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Эндиликда у Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимига тайинланиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, Акбар Тошқулов 1971 йилнинг 21 сентябрида Жиззах вилоятида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1994-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасида катта маслаҳатчи лавозимида бошлаган.
1995-1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси бош маслаҳатчиси, 1997-2000 йилларда бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2000-2002 йилларда Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборотни таснифлаш бўлими бошлиғи, 2002-2003 йилларда – Халқ хўжалигида юридик ишлар бўлими бошлиғи, 2003-2005 йилларда хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғИ, 2005-2013 йилларда Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи, 2013-2017 йилларда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 апрелдаги қарори билан Акбар Тошқулов Адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 августдаги фармонига асосан Акбар Тошқуловга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос” фахрий унвони берилган.
Шунингдек, Тошкент давлат юридик университетнинг аввалги ректори Раҳим Ҳакимов шу йилнинг июнида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари этиб тайинланганди. Шундан буён университетда ректорлик лавозими вакант бўлиб қолмоқда.
LiveБарчаси