“Отчёт” учун совға

Жамият

Кучимиз кимларга етяпти, тўғрироғи, кучингиз кимларга етяпти? Афсуски, арзимаган ойликка ишлаб, бола-чақасини ҳалол боқишга интилаётган, совуқда ҳам, иссиқда ҳам тиним билмайдиган, қўллари қавариб, ёши онангизнинг ёшига тенг бўлганларгами?

Ажойиб одамлармиз, ҳамма нарсани кимнидир кўзи учун қилишни яхши кўрамиз. Қаерга бормай, кимни кузатмай ҳамма фото “отчет” билан овора. Ана шундай иш 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ҳам бўлди.

Тошкентда ободонлаштириш ходимасини байрамга чақириб изза қилишди. Гап шундаки, Яшнобод туман ободонлаштириш бошқармаси ходималарини 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни байрам тадбирига чақириб, берилган совғани қайтариб олишган. Аёл ўзига берилган совғани олиб кетаётганида уни ўғрига чиқаришган.

“Қайтиб чақирманглар, илтимос, икки йилдан бери шундай қилишади, бировнинг садақаси керак эмас менга”, дейди аёл.

Бу видео тармоқларда тарқалиб, мутасаддилар танқид қилина бошлагандан кейин Яшнобод туман ҳокимлиги томонидан ҳолатга алоқадор хизмат текшируви тайинланиб, аёлнинг қўлидан совғаларни олиб қолган шахс бўйича тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди.

8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шаҳноза Султонова, Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ҳамда туман масъуллари ободонлаштириш ходимасининг хонадонига бориб, уни байрам билан табриклаган ҳамда эсдалик совғаларини топширгани акс этган видео тармоқларда эълон қилинди.

“Яхши ният билан ободонлаштиришда ишлайдиган 320 нафар аёлларни бир жойга тўплаб, байрам олдидан чиройли тадбир уюштирган эдик. Охирида сизни кимдир хафа қилибди. Шу сабабли сизнинг кўнглингизни кўтаргани ўзим келдим. Сизга нисбатан ким шундай қилган бўлса, биз уни топамиз”, деган туман ҳокими.

Албатта, шахсан туман ҳокими бориб аёлнинг кўнглини кўтаргани яхши, лекин бу аёл гапира олгани учунгина уни кўргани боришди. Юқорида у айтган гапларга эътибор берган бўлсангиз, аёл икки йилдан бери шунақа ҳолат бўлишини айтган. Тасаввур қиляпсизми, демак, қанча ободонлаштириш ходимлари совға билан расмга олиниб, совғаси қўлидан олинган бўлиши мумкин.

Тасвирга олиш жараёнларида кўпинча ободонлаштириш ходимларини учратамиз. Улардан муаммолари, ишларининг оғир-енгилини айтиб беришларини сўраганимизда рад жавобини оламиз. Камерани ўчириб, нега гапирмаймиз деганимизда эса “ўзи шу иш орқасидан арзимаган пул бўлса ҳам қозоним қайнаяпти, ҳозир гапирсам ишдан олишади” деб айтишганди.

QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ўзида 10 мингга яқин ободонлаштириш ходими фаолият олиб боради. Улардан тахминан ярми аёллар. Ёмғирми, қорми, фарқи йўқ, кўчани супураётган, қор кураётган, дарахтларни оқлаётган ободонлаштириш ходимларининг меҳнати оғир бўлса ҳам маоши жуда ва жуда кам. Таҳририятдаги маълумотларга кўра, ободонлаштириш ходимларининг иш ҳақи 1 800 000 дан бошланади, маълумот учун 2024 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 155 000 сўмни ташкил этади. Демак, 1 800 000 ойлик оладиган ободонлаштириш ходими Ўзбекистондаги энг кам ойлик иш ҳақидан 645 минг сўм кўп пул олади. Агар ободонлаштириш ходими бу соҳада 10 йилдан ортиқ вақтдан буён ишлаётган бўлса, айнан шу ходим 3 млн дан юқори маош олиш бахтига муяссар бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ободонлаштириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг