Ҳаммаси хаёлдан бошланади
Бу қизиқ
−
11 Ноябрь 2021 7189 3 дақиқа
2015 йил. 10 ноябрдан 11 ноябргача ўтар кечаси. Ўшанда ҳаво салқинроқ эди. Тунги соат 00:01 да QALAMPIR.UZ фаолиятига старт беришни режа қилгандик. Техник носозликлар сабаб 00:01 даги режа амалга ошмаган. Сайт эртаси куни тушга яқин ишлай бошлаган. Шукр, ўшандан буён тинимимиз йўқ. Ўшандан буён уйғоқмиз. Ўшандан буён огоҳмиз. Ўшандан буён қувончдамиз. Ўшандан буён...
6 ёшдамиз. Сиз учун ҳеч нарса эмасдир, ҳатто, биз таваллуд топган кун у қадар муҳим воқеа бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо сиз биз учун муҳимсиз. Бору йўғингиз, алам-ташвишларингиз, дардларингиз, кулгуларингиз, мазах қилишингиз, хатоларимизни айтишингиз билан кераксиз бизга. Биламиз, орангизда QALAMPIR'нинг мақолалари сабаб мушкули осон бўлганлар, муаммоси ечилганлар бор. Дардига малҳам топганлар талай.
6 йилда Ўзбекистоннинг энг кўп кузатувчига эга етакчи сайтларидан бирига, кимлар учундир ягонасига айландик. Илк кундан буён Ер бизнинг атрофимизда, биз Ер атрофида айланамиз.
Кўпинча тунларимиз бедор ўтади. Севимли ишимиз турганда аниқ иш вақти, тушлик, қариндош-уруғникидаги тўй-ҳашам, баъзан мотам ҳам четда қолади. Ҳаловат ёт, роҳат бегона. Ишимиз – бу. Фахрланамиз, севамиз, ардоқлаймиз!

Баъзан босим бўлганда, журналистларимиз тазйиққа учраганда, бизга таҳдид қилишганда ҳам одамлар олдидаги мажбуриятимиз, бурчимизни унутмадик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ватанни севиш, қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига хизмат қилиш ишимизнинг бош мезони бўлди.

Офисимизнинг ҳар қаричи бизга кимлигимиз ва нима учун ишлаётганимизни эслатиб туради. Ишхонага кириб келишда бизни жадид бобомиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир!” сўзлари кутиб олади. Чап девордан ўрин олган Ўзбекистондаги илк газеталарнинг нусхалари ва ёзув машинаси журналистикамизнинг тарихидан сўз очиб, елкамиздаги юкнинг масъулиятини ҳис қилишимизга ундайди. Чўлпоннинг сўзларини безаб турган лой сувоқ девор, чопон ва қийиқча халқимизнинг буюк ва шонли ўтмишини доим ёдга солиб туради.


Аёлларга нисбатан зўравонликка ва инсон ҳуқуқларининг топталиши, қамоқхоналардаги қийноқларга қаршилик акс этган иллюстрациялар ҳам бугун одамларни қийнаётган муаммолардан юз ўгиролмаслигимизни айтиб тургандек.

Биз ҳар куни одамлар орасидамиз. Гоҳ дард чекаётган, гоҳ ноҳақликка учраган, адолатсизлик қурбони бўлганлар қаршисида микрофон тутамиз. Айнан шундай вазиятларда офиснинг мажлислар хонасида ёзилган таъмал қоидаларимиз ёдга тушади: жасорат, адолат, виждон, масъулият, ирфон, ишонч. Буларсиз на ўзимизни журналист, на QALAMPIR’ни одамлар ишона оладиган ОАВ сифатида тасаввур қиламиз.


Шунингдек, иш жойимизда ҳар бир девор жамиятдаги муаммоларга қаратилган. Уларда ҳар қандай демократик жамиятнинг ойнаси сўз эркинлиги бўлиши ва мустақил матбуотсиз демократик жамият қуриб бўлмаслиги, экологияни асрамай туриб, инсониятнинг келажаги ҳақида ўй-хаёл қилиш, режа тузиш абсурдлиги, бутун дунёда давом этаётган урушлар, қирғинбаротлар ва сиёсий ўйинларнинг асосий қурбони асосан болалар бўлаётгани, бугун оила бўлиб яшашнинг ўзи камлик қилиши, балки ҳар бир оила ўз уйида, ўз томи остида яшаши кераклиги ғоялари акс этган.
Биз бу суратларни ҳар куни, ҳар дақиқада кўрамиз. Шунинг учун уйғоқмиз, шунинг учун огоҳмиз, шунинг учун оёғимиз ердан узилмаган.
Биз бу кунларни хаёл қилгандик.
6 ёшинг муборак ҚАЛАМПИРим!
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь