Нефть “акуласи”. Кафтида дунё пулини тутган Рокфеллер
Бу қизиқ
−
03 Ноябрь 2021
31394
“Агар сизнинг ягона мақсадингиз бойиб кетиш бўлса, унга ҳеч қачон эриша олмайсиз”.
Жон Рокфеллер
Дунёнинг энг бой одамлари рўйхатини тузиб келувчи “Forbes” журналининг маълумотларига кўра, “Moët Hennessy – Louis Vuitton” компаниясининг раҳбари Бернар Арно ҳозирда жаҳоннинг энг бадавлат инсони экан. Аммо, бир шахс борки, у бугунги миллиардерлардан анча бойроқ ва ҳамон энг бадавлат инсон сифатида тарихда қолмоқда.
Бугун сизга таништирмоқчи бўлган қаҳрамонимизнинг бойлик рекордини ҳали ҳеч бир миллиардер янгилагани йўқ. Тахминларга кўра, унинг бойлиги 428 миллиард долларни ташкил этади. Ҳайратланарли рақам тўғрими? Кутиб олинг, Америкадаги ёввойи капитализм “акуласи”, биринчи нефть магнати Жон Рокфеллер.
Болалигида 100 минг доллар пул ишлаб топишга ва 100 ёшгача яшашга ваъда бериб, иккала ваъдасининг устидан қисман чиққан инсон қандай фикрлагани қизиқ бўлса керак. Бугун, “Standart Oil” компаниясининг асосчиси Жон Рокфеллернинг ҳаётига холисона назар ташлаймиз. Хўш, Жон Рокфеллер ўзи ким: хасис ва очкўз олиб сотарми ёки кўпчилик бизнесменлар ўхшашга ҳаракат қиладиган тадбиркорми? Қуйида ушбу саволларга жавоб топамиз.
Рокфеллернинг болалиги
1839 йил АҚШ мустақиллик байрамидан тўрт кун ўтиб, аниқроғи 8 июль куни Нью-Йоркнинг Ричфорд шаҳарчаси яқинидаги Уильям Эвери Рокфеллер оиласида иккинчи ўғил фарзанд дунёга келди. Она ўғлига Жон деб исм қўйди.
Бўлажак миллиардернинг онаси Луиза Дэвисон художўй протестант бўлиб, болаларга дарс берар эди. Рокфеллернинг отаси унчалик оилапарвар инсон бўлмаган. У дуч келган ишни қилиб кўрар, дарахт кесишдан тортиб, сутхўрликкача касб қилганди. Шу сабабли, оилада фарзанд тарбияси билан кўпроқ она шуғулланган. Ёш Рокфеллер отасини унчалик ёқтирмас, катта бўлгани сайин характери онасига ўхшаб борар эди. У мақсад сари интилувчан, кам гап инсон бўлиб улғайди. Уильям Эвери ўз фарзандларини бошқа оталар каби эркаламасди. У ўғилларини ёшлигидан ўз кучига ишонишга ва пул топишга ундаб келган. Ҳатто, қаттиққўл ота ўз фарзандларига ширинликни текинга бермаган. “Ўғлим ширинлик хоҳлайсанми, унда пулини тўла. Пул топишни истайсанми, унда уйдаги идишларни юв”. Шу йўл билан у болаларига савдо-сотиқ қоидаларини ўргатиб борди.
Етти ёшида бўлажак нефть магнати фермага ишга кирди. Фермада у картошка йиғиш ва чорва молларини парвариш қилиш билан шуғулланиб, келажаги учун ўз капиталини тўплай бошлади. Рокфеллер ўзининг “Rockefeller how I made 500 million”, номли китобида шундай ёзади:
“Ёш бўлишимга қарамай, ҳар бир ҳаракатим ҳақида узоқ ўйлардим”.
Рокфеллер ойлик маошга ишлашни ёмон кўрган. Унинг фикрича, у пул учун эмас, пул у учун ишлаши керак эди. Отасидан бизнеснинг илк сабоқларини ўзлаштирган Рокфеллер, ширинликларни улгуржи нархларда сотиб олиб, мактабдаги дўстларига қимматроқ нархда сотишни ва фоиз эвазига пул беришни ўзига одат қилиб олади. У ўз пулини ҳар доим ҳисоб-китоб қилиб юрган. Улғайгач, курка жўжаларини бир муддат боқиб, фермерларга сотиш билан шуғулланган. Мактабни тамомлагач, Жон Рокфеллер тижорат коллежига ўқишга киради. Лекин, бир муддат ўтгач, у “керакли билимларни олиш учун менга уч ойлик бухгалтерия курслари етарли”, деган хулосага келиб, ўқишни ташлаб кетади.
Рокфеллернинг оиласи
Жон Рокфеллер 25 ёшида Лаура Спелман исмли яҳудий қизни севиб қолади. Қиз миллиардерни ўзининг тақводорлиги билан ром этади. Тез орада, икки севишган турмуш қуришди. Вақт ўтиб, оилада тўрт қиз ва бир ўғил фарзанд дунёга келди. Жоннинг рафиқаси унга нафақат севимли аёл, балки ҳақиқий ёрдамчи ва илҳом париси бўлди. Жон Рокфеллер ўзининг китобларида “муваффақиятга эришишимга айнан аёлимнинг қўшган ҳиссаси беқиёс бўлган”, деб ёзган.
Биринчи ва охирги иш
1855 йил Жон Рокфеллерга муваффақият келтирди. Ўша йили у “Jon Hewitt & Tuttle” корхонасига бухгалтер бўлиб ишга кирди. Ишбилармон йигитнинг бошланғич маоши 17 доллар эди. Рокфеллер пул тўплашни ўйламасдан, ўз устида ишлашда давом этди. Бир неча ойдан сўнг, унинг иш ҳақи 25 долларга кўтарилди. Компания раҳбарлари ёш йигитчада бошқарувчилик қобилиятини кўра олишди. Унга компания менежери лавозимини ва 600 долларлик маош таклиф қилишди. Ўша вақтда, АҚШда ўртача ойлик 50 доллар бўлган. Бу фаровон ҳаёт учун текин чипта эди. Бироқ, бу таклиф ёш миллиардерга ёқмади. Чунки, компаниянинг Жондан аввалги собиқ менежери икки минг доллар маош олган. Шундай қилиб, Рокфеллер компанияда бир йилдан кўпроқ ишлаганидан сўнг, ишдан кетади.
Дастлабки бизнес
“Пул ҳамиша сизнинг фойдангизга ишласин”. Бу Жон Рокфеллернинг ҳаётдаги асосий қоидаси бўлган. Шунинг учун бўлса керак, уни оддий иш ўринлари қизиқтирмаган. Жон ўз келажагини бизнесда кўрди. Ўша пайтда коллеждаги собиқ курсдоши Морис Кларк бизнес очиш учун шерик излаётганини эшитиб, буни зўр имконият, деб ҳисоблади.
Албатта, ўз бизнесингизни очиш учун бошланғич капитал керак. Шу сабабли Рокфеллер отасидан фоиз эвазига 1200 доллар қарз олишга қарор қилди. Бундан ташқари, унинг ўзи жамғарган 800 доллар пули ҳам бўлган. Шу тариқа, Рокфеллер Морис Кларк билан биргаликда илк фирмасини очди. Компания турли-туман маҳсулот савдоси билан шуғулланди. Хусусан, гўшт, сигарет, мато ва бошқалар. Рокфеллернинг ҳисобчилик тажрибаси қўл келиб, компания ишлари ривожланиб кетди. Улар бизнес учун тикилган пулларни бир йил ичида фойда билан чиқариб олишди.
1861 йил АҚШда бошланган фуқаролар уруши вақтида Рокфеллернинг компанияси ҳарбий буюртмалар олиб, бойиб кетди. Нефть магнати “уруш вақтида иккала томонни қўллаб турган”, деган миш-миш бор. Аммо, бу нотўғри. Сабаби, Рофеллернинг ўзи қулдорликка қарши бўлган. Хуллас, икки йил ичида компания даромади шу даражада кўпайдики, бизнес ҳамкорлар пулни қаерга қўйишни билмай қолишди.
Нефть васвасаси
XIX аср бошларида чироқ ёқиш учун асосан кит ёғидан фойдаланилган. Лекин, аср ўрталарига келиб денгизда кит сони кескин камайиб кетди. Бу эса ўз-ўзидан кит ёғининг нархи кўтарилишига сабаб бўлди. XIX асрнинг иккинчи ярмида АҚШда илк нефтни қайта ишлаш заводи қурилди. Бунинг натижасида, чироқ учун кит ёғи эмас, керасин ишлатиш оммалашди. Шундан сўнг, АҚШда оммавий нефть қазиб олиш жараёни бошланди. Айни шу вақтда Рофеллер келажакнинг нефть орқали бунёд бўлишини ҳис қилиб, ўзининг кичик нефть заводини қуришга қарор қилди.
Жон Рофеллер ўз шериги Морис Кларкнинг компаниядаги барча улушини сотиб олди. Кларкнинг ўрнига у жуда иқтидорли ва тажрибали кимёгар Сэмюэл Эндрюсга ҳамкорлик таклиф қилди. Сабаби, Сэмюэл нефтни қайта ишлаш бўйича янги услубни кашф этган эди.
“Standart Oil”
1870 йилда Жон Рокфеллер ўзининг нефтни қайта ишлаб чиқарувчи “Standart Oil” заводини ишга туширди. Тез орада, “Standart Oil” энг сифатли керасин ишлаб чиқаришни, парафин, вазелин ва энг асосийси максимал чиқиндисиз нефтни қайта ишлашни йўлга қўйди. Қизиғи, Рокфеллер ўз ишчиларига корхона акцияларини улуш қилиб берган. Бу эса ишчиларга янада самарали ишлаши учун рағбат бўлиб хизмат қилди. Чунки, уларнинг ойлик маоши айнан компаниянинг аҳволига боғлиқ бўлган.
Вақт ўтиши билан Рокфеллер ўз рақибларини “йўқ қила” бошлади. Яъни ҳеч қандай қон тўкишсиз, ур-йиқитсиз рақибларини ўйиндан чиқарди. Қадай қилиб, деган савол пайдо бўлиши табиий. 1850 йилдан нефтни қазиб чиқариш оммавий тус олди. Бозорда нефтнинг кўпайиши, қора олтин нархини кескин пасайтириб юборди. Бунинг натижасида, кўплаб нефть ишлаб чиқарувчи майда заводлар инқирозга учради. Бу вазиятда темирни қизиғида босиб қолган Рокфеллер, касодга учраган корхоналарни сотиб олди. Бир йилдан сўнг, “Standart Oil” компанияси Америка нефтининг тўрт фоизига эгалик қила бошлади.
АҚШнинг Дулут шаҳарида темир йўл қурилишини ўз бўйнига олган ташкилот кутилмаганда молиявий инқирозга учради. Бу корхона фоиз эвазига Жон Рокфеллердан қарз олишга мажбур бўлди. Қарз бериш орқали Рокфеллер темир йўл назоратини аста-секин ўз назоратига олди. Бўлажак нефть магнати ўз маҳсулотини темир йўл орқали, арзонроқ нархга АҚШ бўйлаб тарқатишни бошлади. Бутун мамлакат бўйлаб биргина “Standart Oil” компанияси бир баррель нефть ташиш учун 10 цент сарфлаган.
Рокфеллерга қарши уруш
Вақт ўтиши билан темир йўл компаниялари Рокфеллердан норози бўла бошлади. Улар Рокфеллерга қарши туриш мақсадида, темир йўлларнинг ягона картелини (бирлашмасини) яратишди. Том Скотт йирик темир йўл компаниясининг президенти эди, у ўзининг энг хавфли рақиби билан бирлашди. Биргаликда улар Рокфеллерни бизнесдан чиқариб ташлашмоқчи бўлди. Рокфеллер буни уруш бошлашга даъват сифатида қабул қилди. У нефтни ташишнинг янги усулларини қидиришни бошлади. У кутилмаган ечимни топишга муваффақ бўлди. Заводда у нефтнинг катта қувурлар бўйича ҳайдаб ўткизилаётганини кўрди ва агарда у етарлича узун қувурни ўтказа олса, бутун темир йўл инфратузилмасига кучли зарба бера олишини тушунди. Лекин бундай қурилиш ниҳоятда катта маблағ талаб қиларди. Бошқа тарафдан олиб қараганда, ҳаммаси у ўйлаганидек бўлса, Рокфеллер темир йўл компанияларига тобе бўлмас эди. Қурилиш ишлари узлуксиз равишда, ҳаттоки тунда ҳам тўхтатилмади. Қувурнинг умумий узунлиги 6000 километрдан ошиб, қудуқлардан чиқаётган нефтни тўғридан-тўғри Рокфеллернинг заводларига етказиб берди.
Бу темир йўл компаниялар учун ниҳоятда оғир зарба бўлди, уларнинг акциялари қулаб тушди. Инвесторлар катта зарар кўрди, сабаби темир йўл даромадининг 40 фоизи айнан Рокфеллернинг нефтини ташишга тўғри келарди. 360 та темир йўл компанияси банкротликка учради. Бу иқтисодиётга қақшатқич зарба бўлди ва мамлакат мисли кўрилмаган тушкунлик ҳолатига тушиб қолди. Бунинг натижасида, темир йўл бизнеси деярли барбод бўлди. Рокфеллер ўз рақибларини сотиб олишда давом этди, у аксарият компанияларни жуда ҳам кулгили нархларда харид қилди. Жон Рокфеллер рақибларининг олдига иккита танловни қўйди. У билан бирлашиш ёки инқирозга учраш. Уларнинг аксарияти улуш эвазига “Standart Oil” компаниясига қўшилди. 1880 йилга келиб, Рокфеллер Америка нефтнинг 95 фоизини ўз қўлига олди. Шу тариқа, “Standart Oil” дунёдаги энг йирик нефть компаниясига айланди.
Монополиянинг синиши
1901 йилда АҚШда ҳокимият тепасига Теодор Рузвельт келди. У монополияга қарши сиёсат олиб борди. Антимонопол суриштирув натижасида, нефть магнати депрессияга тушиб қолди ва асаб касаллигига чалинди. Бу касаллик оқибатида Рокфеллернинг барча сочлари тўкилиб кетди.
Рокфеллер бизнесининг асил кўламини прокурор, полиция ёки ҳукумат комиссияси эмас, балки оддий журналист аёл Ида Тарбелл фош этди. Ида Тарбелл Рокфеллер ҳақида керакли махфий маълумотларни тўплаш учун бир ўзи бутун мамлакатни кезиб чиқди. У ёзган мақола АҚШда катта шов-шув келтириб чиқарди. Ҳукумат “Standart Oil” компаниясини бўлишни талаб қилди.
1911 йилда Жон Рокфеллер ўз корпорациясини 34 та кичик компанияларга бўлиб, акцияларининг устидан ўз назоратини мустаҳкамлади. Ҳисоб-китобларга кўра, “Standart Oil” компанияси ҳар йили Рокфеллерга 3 миллион доллар фойда келтирган. Маълумотларга қараганда, 1910 йилга келиб Рокфеллер ўн олтита темир йўл ва олтита пўлат компанияси, тўққизта кўчмас мулк фирмаси, олтита юк ташиш компанияси, тўққизта банк ва учта апелсин боғига эга бўлган.
Шахсий имидж
Жон Рокфеллер қимматбаҳо кийимларни ёқтирмаган. У ҳар доим костюм кийиб юришни ўзи учун афзал, деб ҳисоблаган. Рокфеллер сомондан тўқилган шляпаларни яхши кўрган. Шунинг учун бўлса керак, у асосан шляпа билан суратга тушган.
Рокфеллер “Standart Oil” компаниясининг директорлар кенгашидан кетгач, ўзини буткул савобли ишларга бахшида қилди. У таълим, илм-фан, тиббиёт ва санъат учун пул ажрата бошлади. Умрининг охирга келиб Рокфеллер 550 миллион доллар пулини эҳсон қилиб юборди. Бу маълумотни ўқиб баъзиларда “ниҳоят инсоният олдидаги қарзини узибди”, деган фикр уйғониши мумкин. Аслида ундай эмас. Рокфеллер ойига 16 доллар пул топган вақтида ҳам муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган. У умри давомида даромадининг 10 фоизни черковга хайрия қилган.
XX асрда Рокфеллернинг исми бойлик тимсолига айланди. У ўз бойлигини АҚШдаги бошқа миллионерлар каби кўз-кўз қилмади. Жон Рокфеллер юз йил яшамоқчи эди. Бироқ, бундай бўлмади. 1937 йил 23 май куни дунёнинг биринчи миллиардери 98 ёшида юрак хуружидан вафот этди. У нафақат капитализм ривожланишида аҳамиятли шахс бўла олди, балки бўлажак миллиардерлар учун айрим анъаналарга асос солиб кетди. Айнан ундан кейин, ҳар бир бизнесмен даромадининг бир қисмини хайрияга сарф қилишни одат қилиб олди. Хўш, Жон Рокфеллер ўзи ким? Хасис ва очкўз олиб сотарми ёки кўпчилик бизнесменлар ўхшашга ҳаракат қиладиган тадбиркорми? Хулоса ўзингиздан.
LiveБарчаси