АҚШ Афғонистонда қолдириб кетган ҳарбий техника бутун дунё учун катта муаммолиги айтилди
Олам
−
02 Ноябрь 2021
14209Афғонистонда ташлаб кетилган Америка қуроллари ноқонуний бозорга кириб, бутун дунё учун муаммога айланиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича Федерал хизмати раҳбари Дмитрий Шугаев РБКга берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Америкаликларнинг ақлдан оздирадиган миқдорда қурол ва ҳарбий техникани ташлаб кетгани нафақат Афғонистон учун, балки бутун дунё учун катта муаммога айланди. Жумладан, Афғонистон ҳудудида турли халқаро террорчилик ташкилотлари фаолият юритмоқда ва ушбу қуроллар уларнинг қўлига тушиши истисно қилинмаган, агар, аллақачон, тушмаган бўлса”, дейди Шугаев.
Унинг сўзларига кўра, бу қуроллар ноқонуний бозорга ҳам кириши мумкин.
“Яъни, [америкаликлар ташлаб кетган қуроллар] дунёнинг исталган нуқтасида бўлиши мумкин. Бизни жуда ёқимсиз сюрпризлар кутаётгани истисно қилинмаган. Қолаверса, Қўшма Штатлар у ерда жуда жиддий ускуналар қолдирган”, дея таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Афғонистонда қуроллар ва ҳарбий техникасини ташлаб кетганига Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам тўхталиб ўтган ва қолдирилган ҳарбий ускуналарнинг қийматини 85 миллиард доллардан ортиққа баҳолаган. Худди шундай кўрсаткични АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ҳам айтганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилининг 31 август куни якунланди. Бу билан бирга Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари ва фуқароларини эвакуация қилиш ҳам ниҳоясига етди. Аҳамиятлиси, америкаликлар мамлакатни тарк этишга улгурмасидан жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади.
Маълумот ўринда, 2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилди. Бироқ, 20 йил давомида тўпланган ҳарбий техниканинг катта қисми ушбу давлатда қолиб кетди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь