Туркий дунё ахборот урушига тайёрми?

Таҳлил

image

Дунё глобаллашган сари имкониятлар қаторида муаммолар ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, халқаро терроризм, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида хавфсизликка нисбатан таҳдид, халқаро қочқинлар муаммоси, ирқчилик, исломофобия, ахборот хуружи, рақамли фашизм, иккилик стандарти тобора кучайиб бормоқда. Пандемия эса уларнинг янада қулоч ёзишига сабаб бўлди. 

Бугун Туркий дунё ривожланиш босқичини босиб ўтмоқда ва бу даврда уларга нисбатан ҳар қандай турдаги таҳдидлар ортаверади. Айни даврда бирор мамлакатда барқарорликка зарба бериш учун қурол кучидан фойдаланиш шарт эмас. Ахборотнинг ўзи етарли. Биз буни Араб баҳори, Украина, Беларусдаги воқеаларда кўрдик. Баъзан расмий ОАВ, айрим ҳолатларда эса ижтимоий тармоқлардан тарқатилаётган ахборотлар Туркий дунё халқларининг тарихий қадриятларини топташ, уларни обрўсизлантириш, бора-бора суверенитетига дахл қилишга қаратилганини фарқлаш қийин эмас. 

Туркий дунёда дезинформацияга қарши кураш

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг галдаги қадамлари ҳам айнан бирлашган ҳолатда ахборот хуружларига қарши туриш, ўз мамлакатларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида энг аввало Туркий дунёга, кейин эса жаҳон ахборот тармоқларига холис, текширилган маълумотларни етказиш бўлмоқда. 

Маълумки, бугун Қозоғистон Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Венгриянинг 4 миллион 823 4922 километр ерларида 170 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларни муштарак тарих, бир маданият, урф-одатлар, тил ва дин бирлаштириб туради. Ушбу етти давлат аҳолиси сони бўйича дунёнинг энг кўп аҳолисига эга бўлган мамлакатлар рейтингининг саккизинчи ўрнидан жой олган Бангладеш аҳолисидан 3 миллионга кўп. Умумий ялпи ички маҳсулот эса 1,3 трлн АҚШ доллари билан биргина Австралиянинг ялпи ички маҳсулоти миқдорига тенг.  

Кенгаш аъзоси ва кузатувчиси бўлган мамлакатлар ўртасида ахборот алмашинуви Европага қараганда нисбатан паст даражадалигини кўриш мумкин. Айтайлик, Туркий дунёдаги исталган мамлакат ҳақида ахборот олишни хоҳлаган Ўзбекистондаги ўқувчи энг аввало ўзи қидираётган ахборотни рус ёки ғарб манбаларидан излашга одатланиб қолган. Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжонда ҳам худди шундай вазиятни кузатиш мумкин. Туркиядагилар эса Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳақидаги ахборотни инглиз тилида ўқияпти. Бунда хабарни тарқатаёган манба ахборот ўзанини қаерга бурса, ўқувчи ўша ғоя оқимига тушиб қолмоқда. 

Шарқни кафтда тутиб туриш

Тезлик билан ривожланиб, салоҳият ва имкониятлари ортиб бораётган ушбу халқлар ўртасида йиллар давомида низолар келтириб чиқариш, ўзаро қўрқув кайфиятини уйғотиш айрим давлатлар учун жуда қўл келди. Бироқ, XXI асрга келиб дипломатик йўналишларда бунинг уддасидан чиқиш имкони бироз оғирлашди. Қолаверса, Шарқни мудом кафтда тутиб туриш дунёнинг мувозанати йўқолишига ҳам олиб келаётганини катта кучлар ҳам сезиб турибди. 

Бошқа тарафдан кафтда тутиб туриш амалиёти ўзини оқламай ҳам қолди. Энди халқлар ўртасида низо чиқариш учун ижтимоий тармоқдан битта ёлғон хабар тарқатишнинг ўзи етарлидек. Албатта, илдизлари олис ўтмишга, қардошлик алоқалари ота-болалар бешигига бориб тақаладиган бу халқлар ўртасида низо чиқариш осон эмас. Улар ҳар қандай ёлғон ортидан эргашиб кетавермайди. Аммо, дунё ривожланиб, низоларнинг янги сабабларини ўйлаб топиш индустриясига ортиғи билан куч бериляпти. Бу эса маънавий ва ақлий иммунитетни ривожлантириш, ахборот хуружларига бардошли бўлиш ва дунёга ўз ҳақиқатини, овозини етказиш йўлларини мудом излашни талаб этади. 

Маълумки, Туркий тилли давлатлар ўртасида ўзаро мулоқотни ривожлантириш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йилда Нахичеван битими билан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. Ўзбекистон ушбу Кенгашга 10 йил ўтиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлди. 

Минтақада ҳал қилувчи кучга эга бўлган Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши Кенгашнинг халқаро ҳамжамият қаршисидаги обрў-эътиборини янада юксалтирди. Айни вақтда Ўзбекистон ортидан Туркманистон ҳам ташкилотда кузатувчи давлат мақомини олиш арафасида турибди. Шунингдек, Украина ҳам аллақачон Кенгашда кузатувчи бўлиш таклифини билдирган. Кенгашга бўлган қизиқиш, унинг обрў-эътиборига хос ва мос тарзда ривожланиб бормоқда. Унинг имкониятлари, кенг салоҳияти, ҳатто, Европа мамлакатларининг диққат марказида турибди. Энди Туркий тилли давлатлар Кенгаши байроғи Европа (Венгрия)да ҳилпирамоқда. Олдинда эса Кенгаш номини Ташкилотга ўзгартириш масаласи турибди. Бу унинг имкониятларини янада кенгайтиради. 

Глобаллашув, ахборот ва дезинформация

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистика таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари ва ахборотлаштириш соҳаси масъул идоралар вакиллари иштирокида жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтган “Олис ўтмиш, буюк келажак” номли илк медиа форумда ҳам Туркий дунёни янада ривожлантириш, алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда Туркий давлатларга нисбатан ёлғон ахборотлар тарқатилиши, дезинформация, рақамли фашизм, қадриятларга болта урилишига биргаликда курашиш муҳокама қилинди. 

Форумда алоҳида урғуланганидек, бугун Туркий дунёга нисбатан ахборот хуружи, ижтимоий тармоқлардаги дезинформация бўрони ўтган йилнинг сентябрь ойида Қорабоғда бошланган қуролли тўқнашувлардан кейин янада ортган. Ғарб медиасида ушбу қуролли тўқнашувни ёритишда ёлғон баёнотларга асосланган хабарлар, ижтимоий тармоқларда эса Туркий дунёга нисбатан нафрат қўзғатувчи ёлғон хабарлар ва ҳақиқатдан йироқ суратлар тарқатилган. 

Форумда Туркия Президенти ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фехриттин Алтун сўзга чиқиб, глобаллашув жараёнларида ахборот хуружининг минтақа мамлакатлари учун туғдираётган хавфи хусусида сўз очди. 

“Қаршимизда том маънода ёлғон саноати мавжуд бўлиб, у ҳақиқатнинг моҳияти, қадр-қиймати ва аҳамиятини йўқотишга, жамиятларни маданий, иқтисодий ва мафкуравий эксплуатацияга очиқ қилишга ҳаракат қилмоқда.

Ушбу ёлғон саноати дунёнинг турли бурчакларида "сохта хабарлар" ёки "таҳрирланган контент" орқали жамиятларни биз ва уларнинг иккилигидан сиқиб чиқаришга ҳамда қоралашга ҳаракат қилмоқда.

Очиғини айтганда, ёлғон саноати ва дезинформацияга қарши курашни миллий хавфсизлигимизнинг ажралмас қисми сифатида кўрамиз ва барча қадамларимизни шу нуқтаи назар билан ташлаймиз. 

Бугун Туркий Кенгаш сифатида бизнинг вазифамиз рақамли фашизм, кибер-империализм ва глобал ёлғон саноатига қарши умумий маълумот ишлаб чиқариш ва тарқатиш, каналларимизни кучайтиришдир”, дейди Фехриттин Алтун. 

Ижтимоий тармоқ талвасаси

Айни вақтда дунё аҳолисининг 49 фоизи ёки 3 миллиард 81 миллиони ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб келади. Бу кўрсаткич эса йилдан йилга ўртача 8,7 фоизга ёки 304 миллион кишига ортиб бормоқда. Дунё миқёсида мобил телефон фойдаланувчилари эса 3,76 миллиард кишини ташкил этмоқда. 

Айни вақтда жаҳонда 15 га яқин энг оммалашган ижтимоий тармоқлар мавжуд бўлиб, ушбу рўйхат аввалида келувчи 6 та ижтимоий тармоқнинг ҳар биридан ойига 1 миллиарддан зиёд киши фойдаланади. Масалан: 

•    Facebook – 2,4 миллиард; 
•    YouTube – 2 миллиард;
•    WhatsApp – 2 миллиард;
•    Facebook Messenger – 1,3 миллиард;
•    WeChat (Weixin) – 1,1 миллиард;
•    Instagram – 1 миллиард. 

Ижтимоий тармоқлар энг аввалида ўзаро мулоқот қилиш майдони бўлган бўлса, бугун улар оммавий ахборот вазифасини ҳам бажармоқда. Анъанавий ОАВдан фарқи шундаки, биринчи навбатда ижтимоий тармоқда тарқатилаётган ахборотларнинг холис ва тўғрилиги доим савол остида. Устун тарафи ахборотларга нисбатан муносабат, фикр билдириш, мулоқот жараёнида қатнашиш мумкин. Бироқ, аксарият ҳолатларда мулоқотлар ва изоҳ қолдириш соғлом муҳитда содир бўлмаяпти. Фойдаланувчилар ўртасида диний, ирқий, этник можаролар келиб чиқмоқда. Қолаверса, ижтимоий тармоқ бугун исломофобия, терроризм ва сепаратизм тарғиботининг асосий марказига айланиб қолган.  

Қорабоғ тўқнашувида медианинг роли

Форумда иштирок этган Озарбайжон Президенти маслаҳатчиси Ҳикмат Ҳожиев мамлакат ўтган йили Қорабоғда 44 кун давом этган ҳам ҳарбий, ҳам ахборий урушда фақат ва фақат туркий тилли давлатлар ёрдамига таянганини алоҳида урғулади. Унинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситалари ходимлари гарданида муштарак маданиятни яқиндан ўрганиб, дунёга танитиш вазифаси бор.

"Шунинг учун оммавий ахборот воситалари ходимлари сифатида сизларнинг елкангизда катта масъулият бор. Биринчиси, муштарак маданиятимизни тарғиб қилиш, жамоатчиликка, айниқса, ёшларимизга, бой туркий маданиятнинг дунёда тан олиниши учун ҳаракат қилиш”, дейди Ҳожиев. 

Туркий дунё ва ўлкаларига қарши халқаро миқёсда бир қатор сохта хабар кампаниялари олиб борилаётганини тилга олган Президент маслаҳатчиси, уларга қарши курашда энг муҳим ўрин ҳақиқатни тўғри етказиш эканини таъкидлаб, биргаликда ҳаракат қилишга чорлади.  

Қорабоғда 10 минг квадрат километрдан ортиқ Озарбайжон ерларининг бутунлай вайрон бўлганига диққат қаратган Ҳожиев, Туркия оммавий ахборот воситалари ходимларининг Қорабоғга боргани ва ишғолчиларнинг ваҳший ҳаракатларини дунё жамоатчилиги билан баҳам кўрганини айтди. 

"Бу ердаги мақсадимиз қасос олиш эмас, тинчликка чақириш, келажакда дунёда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш. Айни пайтда, Қорабоғ, озар ва туркий халқларга хос чуқур маданий меросга эга. Бу маданият 30 йилдан бери йўқ қилинганини таъкидлаш жоиз”, дейди Озарбайжон овозини ижтимоий тармоқда янада фаол ва тўғри эшитилиши учун ёрдам сўраган Ҳожиев,

2020 йил 27 сентябрь. Озарбайжон Қорабоғ борасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни бошлаган бир вақтда, доимгидек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, НАТО, Минск Гуруҳи ва Хавфсизлик кенгаши давлатлари Озарбайжон ва Арманистонни муросага келишга чақирди. Бу Озарбайжон ва унинг минг йиллик тарихи, халқи ва унинг яқин ўтмишда бошидан кечирган кулфатларига беписандлик эди. Арманистоннинг 30 йил давомида халқаро ҳуқуқ нормалари, қолаверса, БМТ резолюцияларини бажармай келганига миқ этмаган халқаро ташкилотлар, баъзи йирик кучлар, Озарбайжоннинг паймонаси тўлиб, ўз ҳаққини талаб қилишни бошлаганда, тилга кирди. 27 сентябрь куни икки мамлакат ўртасида бошланган қуролли тўқнашув ўз ортидан йирик ахборот урушини ҳам етаклаб келди. Ахборот уруши эса қуролли тўқнашувнинг янада оловланиши, ҳақнинг ҳақсиз ҳолатга тушиб қолишигача борди. Айни вазиятда Туркий тилли давлатлар медиаси ҳақиқат қаршисида қалбан бирлашди. 

Ўша кунларни яхши эслаймиз. Ҳар дақиқада янги хабар ижтимоий тармоққа ёйилди. Айниқса, айрим манбаларда ёлғон, бир тарафлама, қораловчи хабарлар сони ортди. 

Айни вазиятда тезкорлик ва ахборот хуружи ёнма ён келди. Манбалар бир-бирини рад этадиган ахборотлар беришни бошлади. Вазият қалтис тус олгани сари холисликни байроқ қилган баъзи Ғарб оммавий ахборот воситалари, аслида, бошқа бир кучлар, манфаатлар қўлида қўғирчоқ бўлаётгани яққол кўзга ташланди. 

Айрим оммавий ахборот воситалари маълум воқелик ҳақида расмий идоралар ахборотига эмас, тахминларга асосланиб хабар тарқатди. 

Қорабоғдаги қуролли тўқнашувлар ортидан бошланган ахборот уруши, дезинформация муаммоси бугун ахборот соҳаси, одамларда ижтимоий фикр уйғотиш нақадар масъулиятли вазифа бўлиб бораётганини кўрсатади. Форумда сўз чиққан “Анадолу” ахборот агентлиги раҳбари Сардор Қоракўз ҳам бу ҳақда сўз очиб, ахборот урушида Туркий дунё ғалаби қилганини урғулади. 

“Биз шунчаки жангга кирмадик. Менимча, Қорабоғ – “асос берувчи” ғалаба.  Бу оммавий ахборот воситалари учун бирликда ҳаракат қилиш йўлидаги илк қадамдир. Қорабоғ ғалабаси ортидан оммавий ахборот воситаларимиз, ахборот агентликларимиз, университетларимиз, академикларимиз, барчамиз биргаликда ҳамкорлик қилиш ва муваффақиятга эришишнинг қувончини ҳис этдик. Бу эса биз учун янги эшикларни очади.

Арман диаспораси ҳам иқтисодий жиҳатдан дунёдаги энг кучли диаспоралардан биридир. Унинг бош қароргоҳи Калифорнияда, маданий гегемоннинг энг марказида жойлашган. Бошқа филиал Францияда. Бу икки марказдан халқаро оммавий ахборот воситаларига қаршилик кела бошлади. Лекин биз бутун дунёга адолатли ишимизни шундай стратегик, режали ва дастурлаштирилган тарзда айтдикки, хорижлик журналистлар нима бўлаётганини ўз кўзлари билан кўрдилар. У ерда Арманистон томонидан қилинган зулмга гувоҳ бўлдилар. Улар босиб олинган ерларда ҳам одамларга, ҳам тарихий обидаларга қарши амалга оширилаётган таъқибларни суратга олдилар. Ғалаба нафақат майдонда, балки мулоқотда ҳам қўлга киритилди ва бу мулоқотдаги ғалаба барчамизни илҳомлантирди, янада кучли ва янада стратегик ОАВ яратиш фикрини берди”, дейди “Анадолу” ахборот агентлиги раҳбари. 

Психологик уруш стратегияси
 
ХХ аср бошларида ҳам мудофаа, ҳам ҳужум қилиш мақсадида фойдаланиладиган ахборот ресурслари ҳарбий салоҳиятни ошириш нуқтаи назаридан муҳим ўзгарувчига айланди. Ўтган аср 40-йилларининг бошида АҚШ томонидан ўзига хос ҳужум тушунчаси сифатида ишлаб чиқилган Психологик уруш стратегияси ҳам яқин ўтмишда ахборотнинг ҳарбий стратегия концепциясида алоҳида аҳамият берилганидан далолат. 

Охирги даврда дунёнинг деярли барча минтақаларида кучайган ахборотга асосланган манипуляциялар давлатларнинг ушбу соҳадаги мудофаа концепциясини ўзгартириш заруратини туғдирмоқда. Худди шу нуқтаи назардан Туркий тилли давлатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган Медиа форумда ҳам бир қатор таклифлар илгари сурилди. Уларнинг қуйидагилари эътибор қозонди: 

1. 2022 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар Ахборот агентликлари раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш – Сердар Қоракўз, “Анадолу” ахборот агентлиги раҳбари.

2. Туркий тилли давлатлар журналистларининг “POOL”илини, Туркий тилли давлатлар Медиа иттифоқини ташкил этиш – Ровшан Мамедов, Озарбайжон телерадиокомпанияси ёпиқ акциядорлик жамияти раҳбари.

3. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши медиалари ўртасида холис ахборотни беғараз ва сифатли шаклда тарқатиш ва олишга мўлжалланган платформани ташкил этиш – Қамариддин Шайхов, QALAMPIR.UZ ахборот агентлиги раҳбари. 

Дунё бешдан буюкдир

Мақола аввалида таъкидлаганимиздек, пандемия глобал адолатсизлик, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, очлик, исломофобия, ирқий ва ижтимоий тенгсизлик, қочқинлар муаммоси, халқаро терроризм ва бир неча йиллардан буён дунёни безовта қилиб келаётган иккилик стандарти каби масалаларни янада кучайтирди. Дунё ҳақиқатан ҳам бешдан буюк (таҳр. – БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзо мамлакатларини 5 тадан ошириш керак)лигини, 8 миллиарддан ортиқ одамнинг ҳаётини бир ҳовуч мамлакатлар инсофига, кўп миллатли халқлар устидан ҳукм чиқаришни эса Ғарб медиасининг виждонига ташлаб қўйиб бўлмаслигини вазиятнинг ўзи тақазо этмоқда. 

Биз йиллар давомида ўз мамлакатимизда бўлган воқеаларни хорижий матбуотдан ўқиб, хабар топдик. Бунда мамлакатларимиз ва одамларимиз ҳақидаги бўҳтонларни ўқиганда, ўзимизни тутиб туришимиз жуда қийин. Айниқса, йирик жиноятлар билан боғлиқ хабарларда айбдорлар аниқланмай туриб, жиноятни содир этган шахс марказий осиёлик ёки фалончи давлат фуқароси бўлиши мумкин, деган тахминларнинг илгари сурилиши, ўқувчилар кўз ўнгида ўша мамлакат ва унинг кўп миллатли халқи обрў-эътиборини туширмоқда. Минг афсуски, айрим ҳамкасбларимиз бундан жуда унумли фойдаланиб келмоқда. ОАВдаги туҳматлардан иборат хабарларга ортиқ тоқат қилиб бўлмайди. 

Туркий тилли давлатлар хамкорлик кенгаши медиа соҳаси вакиллари иштирокида ўтган Медиа форум олдимизга улкан вазифаларни қўяди. Биз нафақат тажриба алмашдик, балки ўзаро мулоқот майдонини яратяпмиз. Энди хабарларни иккинчи ё учинчи манбалардан эмас, тўғридан тўғри олиш, қайта ишлаш ва сифатли тарзда тақдим этиш имкони ортмоқда. Ўйлаймизки, бугун ўз касбий фаолияти ва унинг ортидан келиши мумкин бўлган хатарлар, ахборот хуружи оқибатларини тўғри таҳлил қила олган ҳамкасбларимиз имкониятлардан журналистик фаолиятини виждон ва садоқат билан бажаришда фойдаланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг