“Арқадағ” Тўқаевни “Бетарафлик” ордени билан мукофотлади
Олам
−
26 Октябрь 2021
3020Кеча, 25 октябрь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни Туркманистоннинг “Bitaraplyk” (“Бетарафлик”) ордени билан мукофотлади. “Арқадағ”нинг бу ҳақдаги фармони давлат ахборот агентлигининг “Туркменистан сегодня” нашрида келтирилган.
Қайд этилишича, Тўқаевга орден мамлакатнинг доимий бетарафлигини тан олиш, Туркманистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун, шунингдек икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, илмий, таълим ва маданий соҳалар бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун берилган.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон Президентининг Туркманистонга ташрифи жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Биринчи куни Тўқаев Бердимуҳамедов билан биргаликда Ахалтекин от спорти мажмуасига ташриф буюрди. Бу ерда Бердимуҳамедов Қозоғистон раҳбарига Ахалтекин оти ва туркман итини совға қилди.
Иккинчи кун Президентлар тор доирада музокара ўтказиб, Қозоғистон-Туркманистон стратегик шериклигига оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилган.
Сафари якунида Қосим-Жомарт Тўқаев “Арқадағ”ни келаси йили давлат ташрифи билан Қозоғистонга таклиф қилди.
LiveБарчаси