Ҳалигача ойлиги 1000 долларга чиқмаган ўқитувчиларга қонунчиликда қандай имтиёзлар берилган?
Жамият
−
01 Октябрь 2021
14476Жамиятнинг бугуни, келажаги ва салоҳияти таълим тизимининг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Ушбу тизимдаги ислоҳотларнинг муваффақияти эса кўп жиҳатдан мураббийларга боғлиқ. Шу муносабат билан 1996 йилдан буён Ўзбекистонда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида нишонлаб келинади.
Маълумки, 2018 йил 1 сентябрдан умумий ўрта таълим муассасалари юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақи 24 фоиз (тахминан 7 млн)га ошиши мумкинлиги акс этган Президент қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталига жойлаштирилган эди.
Шунингдек, 2019 йил февраль ойида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларнинг ойлигини 2024 йилгача 1000 доллар (айни вақтда қарийб 11 млн)га етишини маълум қилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг сентябрь ойи Президент Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда яна бир бор муаллимларнинг ойлигини энг ками 1000 доллар қилмагунча тўхтамаслиги ҳақида ваъда берган.
Бугунга келиб, ўқитувчиларнинг ойлиги гарчи минг долларга чиқмаган бўлса-да, қонунчиликда улар учун маълум бир имтиёзлар яратилган. Қуйида шулар ҳақида сўз боради:
1. Қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ва болалар – ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ белгиланади.
2. Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади.
3. Таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. Бунда:
• бир вилоят доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
• бошқа вилоятдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.
4. Қонунчиликка кўра:
• физика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти;
• физика фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
5. Таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:
• туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
• вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
• халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1, 2 ва 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).
6. Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш кўрсаткичлари асосида ҳар йили 1 февралгача ўтган йилги эришилган натижалардан келиб чиқиб, умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари қуйидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади:
• ўқувчиларининг 90 фоизи ва ундан ортиқ қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган умумтаълим муассасаларининг директорлари – 12 баравар, директори ўринбосарлари – 6 баравардан;
• ўқувчиларининг 85-89 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган умумтаълим муассасаларининг директорлари – 9 баравар, директор ўринбосарлари – 4,5 баравардан;
• ўқувчиларининг 80-84 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган умумтаълим муассасаларининг директорлари – 6 баравар, директор ўринбосарлари – 3 баравардан.
7. Кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланади.
8. Математика фани бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, математика фани бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида ойлик маошларига 25 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаб берилади.
9. 2022 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган мактабларнинг физика фани бўйича миллий сертификатлаш тизимида максимал баллнинг 70 ва ундан юқори фоизини тўплаган физика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақи 50 фоиз миқдорида тўланади.
10. Олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси бўлган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларига “Катта ўқитувчи (илмий даражага ва илмий унвонга эга бўлган)” базавий лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.
11. Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан қуйидаги шартларда кредитлар берилади:
• кредитни бериш муддати – 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга;
• дастлабки бадал суммаси – сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
• кредит учун фоиз ставкаси – Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.
12. Тиббиёт олий ўқув юртлари, шифокорлар малакасини ошириш институтлари ва тиббиёт факультетларининг профессор-ўқитувчиларига соғлиқни сақлаш идораларининг клиникалари ва клиник база бўлган бошқа муассасаларида даволаш-ташхис ишларини бажарганликлари учун қуйидаги миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади:
• кафедра мудирлари, профессорлар ва доцентларга – лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида;
• ассистентларга – лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида.
Шу тоифадаги ходимларга – беморларни операция қилувчи жарроҳларга, оператив фаолиятни, реанимация тадбирларини ва жадал терапия усулларини қўлловчи анестезиолог ва реаниматологларга, даволаш тадбирларини амалга оширувчи эндоскопчиларга қўшимча тўловлар уларнинг лавозим маошининг 25 ва 30 фоизи миқдорида белгиланади.
13. Таълим муассасаларининг чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчиларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида – лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида – базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар белгиланади, бунда қуйидагилар мажбурийдир:
• асосий ишидан ажралган ҳолда камида 144 соат давом этадиган дастур бўйича белгиланган тартибда малака ошириш;
• тегишли таълим муассасасида педагогик фаолият олиб бориш учун зарур малака ва чет тилини билишни аниқлаш бўйича Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларидан ўтиш. Тест синовларини ўтказиш тартиби Давлат тест маркази томонидан белгиланади;
• малака ошириш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат мавжудлиги.
LiveБарчаси