QALAMPIR.UZ'нинг 4 нафар ходими “Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди
Жамият
−
28 Август 2021
9255Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан QALAMPIR.UZ интернет нашрининг тўрт нафар аъзоси – QALAMPIR.UZ интернет нашр асосчиси, журналист Қамариддин Шайхов, нашр Бош муҳаррири Суннатилла Абдуллаев, Бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинова, масъул котиб-контент менежер Азиз Турапов Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги эсдалик нишони билан тақдирланди.
Бугун, 28 август куни Миллий матбуот марказида эсдалик нишон билан тақдирланганларга мукофотларни топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров иштирок этди.
Маълумот учун, Қамариддин Шайхов журналистик фаолиятини 2004 йилда "Ўзбекистон" радиосида "Келажак тонги" болалар эшиттиришида бошлади.
2009-2010 йилларда Нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида;
2010-2015 йилларда "Даракчи" газетасида мухбир бўлиб фаолият юритди.
2015 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлади. Шу йилнинг ўзида QALAMPIR.UZ лойиҳасига асос солди.
Қамариддин Шайхов журналистик фаолияти давомида ижтимоий-сиёсий, маданий, маърифий соҳалар юзасидан юзлаб мақолалар, ўнлаб кўрсатув ва интервьюлар тайёрлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, олимлар, сиётсатчилар билан ўтказган суҳбатлари кенг аудиторияда катта қизиқиш уйғотган. Шунингдек, Қамариддин Шайхов 2017 йилда Туркия Республикасида бўлиб, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Баку мэри Элдор Азизов билан ҳам учрашиб, суҳбатлашган эди.
Журналист жамиятда учраб турадиган муаммолар - коррупция, ишсизлик, жиноятчилик, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби масалаларда ўткир чиқишлар қилади.
Айниқса, журналист инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, болалар ва ногиронлар масалалари Қамариддин Шайховнинг журналистик фаолиятида алоҳида ўрин тутади.
Суннатилла Тўхтамурод ўғли Абдуллаев 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 2019 йилда Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ филологияси факультетини тамомлаган.
2017 йилдан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида фаолият олиб боради.
2018 йилда “Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танловида Ўзбекистон-Туркия муносабатларини энг яхши ёритган журналист сифатида эътироф этилиб, мукофотланган.
2020 йилнинг март ойидан буён QALAMPIR.UZ интернет нашри Бош муҳаррири лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Феруза Муродулла қизи Нажмиддинова 1992 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 2011-2015 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бакалавриатини, 2015-2017 йилларда магистратурани тамомлаган.
Нажмиддинова 2019 йилнинг март ойидан буён QALAMPIR.UZ интернет нашри мухбири ўлароқ фаолият бошлади. Айни вақтда нашр Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, болалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аёлларга қарши зўравонликка қарши кураш, гендер тенглигини таъминлаш каби масалалар Феруза Нажмиддинова тайёрлаган мақола, лавҳа, интервью ва репортажларнинг бош мавзуси бўлиб келмоқда.
Феруза Нажмиддинова бугунгача жамоатчилик учун муҳим мавзуларда 500 га яқин ижодий ишлар – мақола, репортаж, лавҳа ва интервьюларни тақдим этган. Уларнинг ҳар бири ўқувчилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
Шунингдек, Нажмиддинова қарийб 30 йил давомида мустамлакада бўлиб келган Тоғли Қорабоғнинг миналанган ҳудудларига кириб борган биринчи ўзбек журналисти саналади. Унинг жорий йил май ойида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муаммоли ҳудуд бўлган Қорабоғдан тайёрлаган журналистик материаллари ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси раиси Танзила Норбаева, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ вакили Улуғбек Муҳаммадиев ўтказган суҳбатлари долзарблиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Феруза Нажмиддинова 2021 йил Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида ғолиб бўлди.
Азиз Ўткир ўғли Турапов 2000 йилда Навоий вилояти Кармана туманида туғилган. Маълумоти – тугалланмаган олий. Миллати – ўзбек.
Айни вақтда Тошкент давлат техника университети 4-курс талабаси.
2020 йил март ойидан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида фаолият юритиб келмоқда.