Инсониятни зир титратган экологик офатлар ёхуд Чернобиль ва Фукусимада нима бўлган эди

Таҳлил

image

“Фалокат огоҳлантирмасдан келади”.
Фёдор Достоевский

Ўтган сўнгги икки аср ичида ер юзида экологияга зарар келтирувчи техноген фалокатлар кўп юз берди. Мисол учун Чернобиль ва Фукусима атом электростанциясида рўй берган фалокат инсоният ва табиатга улкан зарар келтирди. Шу боис, ушбу мақоламизда инсон омили туфайли юзага келган тарихдаги энг даҳшатли экологик офатлар ҳақида сўз юритамиз.

Лондонни қоплаган заҳарли туман

Саноат инқилобининг ривожланиши натижасида, юзага келган биринчи энг йирик экологик офат 1952 йилнинг қишида, Лондон шаҳрида содир бўлган. Британия пойтахтида туман тушиши одатий ҳол ҳисобланади. Аммо, бу галдаги туман сариқ рангда бўлиб, у одамларга ўлим келтирувчи заҳар эди.

XX аср ўрталарида Лондондаги барча уйлар кўмир ёқиш орқали иситилган. Бундан ташқари, шаҳардаги 40 га яқин электростанцияларининг асосий ёқилғиси кўмир эди. Кўмирнинг кўп миқдорда ёқилиши натижасида, олтингугурт диоксиди атмосферага тарқалиб, ўлим келтирувчи туманни ҳосил қилади. Бунинг оқибатида саккиз кун ичида тўрт минг киши вафот этади. Кейинчалик бу заҳарли туман яна саккиз минг нафар инсоннинг ёстиғини қуритган.  

Орол фожиаси

Орол денгизининг қуриши XXI асрнинг энг катта экологик фалокатларидан бири бўлди. Қуришидан олдин Орол денгизи катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган эди.

Совет ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, пахтани кенг миқёсда етиштириш тўғрисида қарор қабул қилади. Экин майдонларини кенгайтириш учун Амударё ва Сирдарё орқали катта чўл ҳудудларига сув чиқарилган. Аммо, бу режа гидрология қонунларига зид равишда амалга оширилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда Сирдарё ва Амударёдан чексиз миқдорда сув сарфланган. Бунинг натижасида 1960 йилда Орол денгизи аста-секин ўз қирғоқларидан чекина бошлади. 1980 йилга келиб, Оролда балиқчилик саноати инқирозга учрайди. 1989 йилда денгиз қуриб, икки ҳовузга бўлиниб кетди. 2003 йилда эса Орол денгизининг атиги 4/1 қисми қолди. Кейинчалик, денгизнинг шарқий қисми бутунлай қуриб кетди. Илгари Оролда балиқларнинг 178 та тури яшаган бўлса, ҳозирда уларнинг атиги 38 та тури омон қолган.

Пахтани етиштиришда асосан кимёвий моддалардан кенг миқдорда фойдаланилган. Йиллар давомида Сирдарё ва Амударё орқали оқиб келган заҳарли моддалар ювиндиси Орол денгизига қуйилган. Денгиз қуригач, бу заҳарли моддалар шамол орқали минглаб километр масофага учиб бориб, кўплаб касалликларни келтириб чиқарган. Хусусан, денгиз атрофидаги аҳоли орасида ва янги туғилган чақалоқларда сил, тиф, анемия ва ақлий заифлик каби касалликлар аниқланган. Сўнгги йиллар давомида Орол денгизни тиклаш масаласида халқаро даражада кўплаб муҳокамалар амалга оширилди. Аммо ҳалигача ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Бҳопалдаги фалокат

1984 йил 3 декабрь куни тунда, Ҳиндистоннинг Бҳопал шаҳрида жойлашган зараркунандаларга қарши воситаларни ишлаб чиқарувчи заводда портлаш юз берди. Бунинг оқибатида заҳарли газ атмосферага тарқалиб кетди. Шу  куннинг ўзида уч мингдан зиёд киши заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди. Кейинги ҳафта давомида заҳарланишдан беш мингдандан ортиқ инсон вафот этди. Ҳукуматнинг 2006 йилдаги баёнотига кўра, тахминан, 200 мингдан зиёд киши заҳарланиб, фалажлик ва иммунитет танқислиги каби касалликларга чалинган экан.

 

Экспертларнинг фикрига кўра, порлаш газ захирасига сув тушиши натижасида юзага келган. Бу мудҳиш ҳодисага айбдор деб топилган шахсларга нисбатан, атига  икки минг доллар ва икки йиллик қамоқ жазоси тайинланган. 

Чернобиль

26 апрель дунёдаги энг йирик ядровий ҳалокатлардан бири рўй берган кун сифатида тарихнинг қора саҳифасидан жой олган. 1986 йил 26 апрель куни тунда, Украинанинг Чернобиль атом электростанциясининг тўртинчи блокида портлаш рўй беради. Бу портлаш натижасида, атроф муҳитга Хиросимадаги атом бомбасидан кўра 400 баробар кўп радиация тарқалди. Фалокат содир бўлган куннинг эртасига дарҳол 30 километр ҳудуддан 110 минг киши эвакуация қилинган. Бу ҳалокатни бартараф этиш учун 600 мингдан ортиқ ҳарбийлар ва ўт ўчириш ходимлари сафарбар этилган. Шунга қарамай станциядаги ёнғин бир неча кун давом этган. Расмий хабарларга кўра, портлаш вақтида ва ўт ўчириш жараёнида 31 нафар инсон ҳалок бўлган.

Чернобиль атом электростанциясидан чиққан радиация тез орада, Украина, Беларусь, Россия ва Европанинг бошқа мамлакатларига тарқалиб кетади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Чернобилдан тарқалган радиация туфайли тўрт минг инсон саратон ва бошқа турдаги касалликларга чалиниб, ҳалок бўлган. “Greenpeace” экологик гуруҳининг маълумот беришича, радиация оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 мингдан ортиқ.

“Piper Alpha” нефть платформасининг портлаши

1988 йил 6 июль куни Абердин соҳили яқинида жойлашган, Буюк Британияга тегишли “Piper Alpha” нефть платформасида портлаш юз берди. Бунинг оқибатида 228 нафар ишчидан 167 таси ҳалок бўлган. Ёнғинни бартараф этиш учун эса деярли уч ҳафта вақт кетган. 

“Piper Alpha” Буюк Британиянинг нефть ва газни қазиб олиш бўйича энг асосий платформаларидан бири ҳисобланиб, у кунига денгиз тубидан 300 минг баррелдан ортиқ нефтни қазиб чиқарган. 

“Exxon Valdez” танкерининг фалокати

1989 йил 24 март куни “Exxon Valdez” номли нефть ташувчи танкери Аляска кўрфази яқинида бошқа бир нефть танкерига урилиб кетади. Бу тўқнашув оқибатида 750 минг баррель нефть очиқ денгизга оқиб кетган. Тадқиқотчилар бу ҳалокатни энг даҳшатли техноген офатларидан бири, деб таърифлашади.

Бу фалокат оқибатида икки ярим миллион денгиз қуши, 2800 та денгиз типратикони, 300 та денгиз мушуги, 247 та денгиз бургути, 22 та кит ва миллионлаб балиқлар нобуд бўлган.

Форс кўрфазидаги фожиа

1990 йилда Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн қўшни давлат Қувайтни чегарадаги “Румайла” нефть булоғидан ноқонуний равишда нефть қазиб олишда айблаб, Қувайтдан 2,5 миллиард доллар миқдорида товон пули талаб қилади. Бироқ, Қувайт амири шайх Жобир Ал-Аҳмад бу талабни бажаришдан бош тортади. Шунда сўнг, 1990 йилнинг 1 августида Ироқ армияси Қувайтга бостириб кирган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқ қўшинларини 1991 йилнинг 15 январигача Қувайтдан чиқиб кетишини талаб этади.

1991 йилнинг январь ойида Ироқ армияси Қувайтни тарк этаётганида, атайлаб нефть конларини ёқиб юборади. Бу эса экологияга мисли кўрилмаган даражада зарар келтиради. Дастлаб мутахассислар ёнаётган нефть қудуқларини ўчириш учун бир неча йил керак бўлади, деб тахмин қилишган эди. Ўт  ўчирувчиларнинг улкан машаққати туфайли ёнғин саккиз ойда тўлиқ ўчирилади. Ёнғин содир бўлган пайтдан бошлаб тугагунга қадар, 350 миллион тонна газ ҳавода ёниб кетади. Бу ҳалокатни бартараф этиш учун Қувайт ҳукумати 1,5 миллиард доллар сарфланган.

Ҳисоб китобларга кўра, ёнғин ўчирилгунгача нефть булоқларидан 240 миллион баррель нефть Форс кўрфазига оқиб кетган. Денгиз сувига қўшилган нефть 550 километр масофадаги сувни ифлослантиради. Бунинг оқибатида 30 мингдан ортиқ ҳайвон нобуд бўлган.

“Deep Water” нефть платформасининг портлаши

2010 йил 20 апрель куни Мексика кўрфазидаги “Deep Water” нефть платформасининг портлаши энг йирик техноген фалокатларидан бири ҳисобланади. Бу фалокат натижасида, 13 киши ҳалок бўлган ва 17 нафар ишчи жароҳат олган. Энг ачинарлиси экологияга катта зарар етказилган. Портлаш оқибатида денгиз тубида жойлашган нефть қувурларига катта зарар етади. 152 кун давомида океан тубидаги қувурдан 5 миллион баррелга яқин нефть сувга тарқалиб, 75 минг кв/км ҳудудни ифлослантиради. 

Мутахассислар бир йил давомида нефть тарқалишига қарши кураш олиб боришган. Ушбу вақт ичида Мексика кўрфази ўлган ҳайвонлар ва нефть ювиндисига тўлиб кетади. Бу фалокат оқибатида умумий миқдорда 6 минг 814 та ҳайвон, шу жумладан, 6 минг 104 та денгиз қуши, 609 та денгиз тошбақаси ва 100 та дельфин нобуд бўлган. 

Фукусима фожиаси

2011 йилнинг март ойида Япония тарихидаги энг кучли тўққиз баллик зилзила содир бўлди. Бу ер силкиниши ўз навбатида цунамини келтириб  чиқарди. Қисқа вақт ичида бутун мамлакатни сув босди. 

Цунами натижасида, Токиодан 250 километр узоқликда жойлашган Фукусима атом электростанцияси ишдан чиқди. 11 март куни электр токининг ўчиши оқибатида реактор қобиғи қизиб, биринчи ва учинчи блокда портлаш юз беради. Дарҳол станция атрофидаги 160 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган. Маълумотларга кўра, зилзила ва сув тошқини оқибатида 15 минг киши ҳалок бўлган ҳамда 6 мингдан ортиқ инсон дараксиз кетган.

2011 йил 23 март куни олимлар Фукусимадан 30 километр узоқликдаги океан суви намуналарини ўрганишган. Тадқиқот натижасига кўра, сувдаги радиация даражаси нормаль кўрсаткичдан тўрт минг баробар ошиб кетгани маълум бўлади. Фукусимаги ядровий фалокат 1986 йилдаги Чернобиль атом электростанциясидаги портлашдан кейин, инсоният тарихида энг даҳшатли ядровий фалокатга айланди.

Сардор Али Нурматов
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

176

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг