Журналистлар дахлсизлигини таъминлаш Қўмита олдидаги биринчи масала — сенатор

Жамият

Бугун ОАВ ходимлари ва блогерлар бормаган жой, ёритмаган мавзу йўқ. Инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, мулк ҳуқуқига тажовуз, мажбурий меҳнат, аёлларга нисбатан зўравонлик, лавозимни суисътемол қилиш, давлат мулки ва буджетини талон-тарож қилиш, коррупция каби масалар журналистлар назаридан четда қолмаяпти. Долзарб масалаларни қўрқмай ёритаётган журналистларга эса қўнғироқлар бўлаётгани, ёзилган танқидлар, олинган видеоларни ўчиртиришни сўраб таҳдид қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бугун журналистлар туҳмат билан осон жавобгарликка тортиш даврида яшамоқда. Хўш, бугун маълум даражада хавф остида қолаётган журналистлар дахлсизлиги қанчалик таъминланган?

Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев 14 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан "Миллий журналистика: ютуқ ва муаммолар таҳлили" мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида жавоб берди.

"Журналистларга бўлаётган босимлар ҳақида тўғри фикрлар билдирилди. Ҳақиқатан кўп кузатяпмизки, бугунги кун журналистлари ҳеч бир адвокатдан ёки депутатдан кам иш қилаётгани йўқ", дейди Боқиев.

Фарҳод Боқиевнинг қайд этишича, айни пайтда журналистлар дахлсизлиги билан боғлиқ муаммолар муҳокамаси сабабли тегишли қонунларни ўрганиш ва ўзгартириш киритиш ишлари бошланган.

“Журналистларнинг фаолияти ва дахлсизлиги билан боғлиқ масала 9 июль куни ҳам кўтарилган эди. Кейин экспертлар гуруҳи ва қўмита аъзолари билан ижтимоий тармоқларда ҳам айнан дахлсизлик масаласи муҳокамаси бўлиб ўтди. 
Дахлсизлик масаласи QALAMPIR.UZ сайти раҳбари Қамариддин Шайхов томонидан кўтарилганди. У киши ҳам қўмитамизда экспертлар гуруҳининг аъзоси ҳисобланади. Айни вақтда биз “Журналистик фаолият тўғрисида”ги қонун бўйича мониторинг ўтказишни бошладик. Таҳлиллар тугаллангач, ушбу қонун тегишли тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенатида қонунчилик ташаббускорлиги йўқ, аммо мониторинг қилиш, мазкур қонунларнинг қаерларида муаммолар борлигини ўрганиш ваколати бор", дейди Фарҳод Боқиев.

Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосарининг айтишича, журналист фаолиятига доир “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига сал кам 22 йилдан ошгани. У ҳаёт ўзгаришлардан, тараққиётдан иборат бўлгани каби қонунлар, меъёрий ҳужжатлар ҳам замон талабига мос келиши зарурлигини урғулади.

Шу билан бирга анжуманда давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам бир нечта чора тадбирлар кўриб чиқилаётгани айтилди. Булар ҳақида Боқиев маълумот берди:

"Очиқлик масaласида яна битта қонун бор. Бу “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонундир. Ушбу қонуннинг ҳам мониторингини амалга ошириш ишлари бошланди.

Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 июль куни қабул қилган фармонида ҳам назарда тутилган. 2022 йилда мазкур фармонини янги таҳрирда қабул қилиш масаласи кўрилган. Бунинг учун биз қонунни қайтадан кўриб, қаерида муаммоси бор, қонуннинг айрим моддалари ҳаётда ишламаяпти, деган мазмунда мониторинг ўтказишимиз керак. Шунинг учун қўмитанинг асосий иш режасига ушбу масалалар киритилган".

Эслатиб ўтамиз, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳам юқоридаги масала юзасидан фаол фикр билдириб, бугунги куннинг бир муҳим масаласи — бу журналистнинг дахсизлик ҳуқуқи эканини таъкидлаган.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Журналист журналистдахлсизлиги Олий Мажлиси Сенати

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг