Қандай ҳолларда Ўзбекистонда 15 йилдан буён яшаётган шахсга фуқаролик берилмайди?
Жамият
−
21 Июнь 2021
6724Хабарингиз бўлса, аввалроқ Ўзбекистон фуқаролигини олиш нормалари анчайин соддалашгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур қонун билан республика ҳудудида 15 йилдан буён доимий равишда яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби жорий қилинганди.
Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистон ҳудудида 15 йилдан буён яшаётганига қарамасдан фуқаролик паспортини бериш рад этилиши мумкинми? Ушбу саволга миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Руслан Каримов жавоб берди.
“Жорий йилнинг 14 июндаги 696-сонли қонунда (Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги) 15 йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида яшаб келаётган фуқароларнинг Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши кўрсатиб ўтилган. Бу ерда биз “доимий яшаб турган” сўзига урғу берамиз. Aгар 15 йилдан буён Ўзбекистонда доимий яшаб келганини тасдиқловчи ҳужжат бўлса, бундай фуқароларга биз рад жавобини беришимиз мумкин эмас. Улар 15 йил давомида бошқа давлат фуқаролигини қабул қилмаган бўлишлари лозим. Aкс ҳолда биз рад жавоби беришга асосимиз бўлади.
Шунингдек, фуқаронинг 15 йилдан буён яшаб келаётганини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса фуқаро ёки фуқаро бўлмаган шахслар ушбу ҳолатни исботлаш мақсадида суд органларига мурожаат қилишлари мумкин. Суднинг ҳукмига асосан унинг доимий яшаб келганлиги тасдиқланса, шу қарорга асосан уларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олиб, ID карта орқали фуқаролигини расмийлаштириб берамиз”, дейди Руслан Каримов.
Маълумот ўрнида, 2016 йил декабрь ойидан 2021 йил май ойига қадар Президентнинг 87 та фармони асосида 22 269 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.
LiveБарчаси