QALAMPIR.UZ аралашуви билан намозхонларни безовта қилган реклама олиб ташланди

Жамият

image

Куни кеча QALAMPIR.UZ’га мурожаат келиб тушди. Унда муқаддас Ислом динига эътиқод қилувчи бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари шаҳар марказидаги масжидлардан бирида ўзлари дуч келган ҳолатни баён этиб, бу уларнинг диний амалларни бажаришларига қийинчилик туғдираётгани, қолаверса, Ислом дини арконларига тўғри келмаслигини ёзишган.

Гап шундаки, пойтахт марказидаги кўп қаватли Чорсу меҳмонхонаси деворига вертикал шаклда FONON заргарлик буюмлалари реклама баннери жойлаштирилган бўлиб, унда тилла тақинчоқларни тақиб олган аёл сурати акс этган. Ушбу сурат шаҳарнинг бир неча чақиримидан яққол кўринади. Жумладан, реклама баннери жойлаштирилган бинога яқин бўлган Хўжа Аҳрор Вали масжидидан ҳам. Сурат айнан қиблага қарама-қарши жойлаштирилган ва ибодатчиларнинг норозиликларига сабаб бўлган. Масжид ичига сиғмай, ташқарида ибодат қилаётганлар эса анча вақтгача қибла томонда ушбу аёл суратига қараб юзланиб, ибодат қилишга мажбур бўлганлар.

Дарҳақиқат, Ислом дини шариатида намозхоннинг кийимида, саждагоҳида ва орқа тарафидан бошқа жойларда жонли нарсалар, жумладан инсон ва ҳайвон сурати бўлиши макруҳдир, деб таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда жонли нарсанинг сурати бор уйга фаришталар кирмаслиги, бундай сурат бор жойда намоз ўқиш намознинг дурустлигига халал бермайди, аммо намозда чалғишни истамаган киши ибодат маҳал сурат ва ҳайкалчаларни ўзидан узоқроқ қилиши кераклиги айтилган.

Юқорида айтиб ўтилган мурожаат юзасидан QALAMPIR.UZ таҳририяти дарҳол FONON заргарлик заводининг реклама бўйича масъул ходимига боғланди. Ушбу масала бўйича жорий йилнинг 29 апрель куни QALAMPIR.UZ раҳбари FONON заводига бориб, масъуллар билан учрашди ва баннер юзасидан мурожаатни етказиб, уни олиб ташлаш бўйича чора кўришга чақирди. Мурожаат мазмуни батафсил тушунтирилгандан сўнг, завод масъул ходимлари реклама баннери жойлаштирилаётганда унинг атрофдан, хусусан масжид ҳовлисидан қандай кўриниши ҳисобга олинмаганини маълум қилдилар. Завод расмийлари ушбу масала эртагаёқ ижобий ҳал қилинишини ваъда қилди.

Қўшма ҳаракатлар натижасида бугун, 30 апрель куни “Чорсу” меҳмонхонанинг ташқи девор қисмига ўрнатилган FONON заргарлик заводига тегишли аёл кишининг расми туширилган реклама баннери ўзгартирилди.

Биз тадбирокорлар фаолиятига тўсқинлик қилинишини оқламаймиз, аксинча, бугунги кунда тадбиркорлар давлатга мадодкор. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг асосий қуроли бу нарх, сифат ва реклама эканини ҳам яхши биламиз. Албатта, тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг харидоргир бўлишида рекламанинг ўрни беқиёс. Аммо Ўзбекистон аҳолисининг аксари Ислом динига эътиқод қилади. Ишбилармонлар масжидлар атрофида реклама баннерларини жойлаштиришда шу омилларни ҳам инобатга олса, нур устига аъло нур бўларди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

338

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг