Даҳанаки жангчилар: АҚШ-Хитой қарама-қаршилигида ким қудратлироқ? (1-қисм)
Таҳлил
−
21 Март 2021
26400Икки Жаҳон урушидан сўнг АҚШ дунё олтин захирасининг 50 фоизидан ортиғига эга бўлиб, маҳаллий долларини халқаро валютага айлантирди. СССРга қарши “Совуқ уруш”да ҳам ғолиб чиқиб, бир қутбли дунёда якка гегемонга айланди. АҚШ ички молиявий сиёсати орқали ўз аҳолиси харид қобилятини TOP даражага олиб чиқди. Бугун бутун дунё ишлаб чиқараётган барча маҳсулотнинг 24 фоизини айнан америкаликлар истеъмол қилмоқда. Ташқи сиёсатда ҳам демократия жарчиси сифатида фаол, НАТОдек ҳарбий ташкилоти билан дунёнинг исталган нуқтасида ўз манфаатларини ҳимоя қила олади. Фазога учирилган сунъий йўлдошларнинг ҳам ярми айнан АҚШга тегишли.
Хитой ўтган асрнинг 50-йилларида дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири эди. 70-йилларнинг охирида мамлакатда ўтказилган радикал истоҳотлар, дунёга очилиш ва очиқ бозор иқтисодиётга ўтиш орқали кескин ўсишга эришди. Ўша даврда энг камбағал мамлакатлар қаторида турган Хитой эндиликда дунё етакчиси бўлиш учун даъвогарлик қилмоқда: ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши бўйича аллақачон, АҚШни ортдда қолдирди. Бугун бутун дунё ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг 28 фоиздан ортиғи айнан Хитой ҳисобига тўғри келади.
Ўтган 2020 йилда АҚШ ички сиёсатида мувозанат бузилди, ирқчилик муаммоси америкаликларни оёққа турғизди, бу ҳам етмагандек Трамп ва Байден ўртасидаги кураш АҚШ жамиятининг бўлинишига олиб келди. Бу инқирозли даврни Хитой эса анча мувафаққиятли босиб ўтди: 2020 йилда иқтисодий ўсишга эришган ягона давлат бўлди, камбағаллик чизиғидан пастда яшовчи аҳолиси қолмади. Хўш, бу икки гегемондан қай бири кучлироқ? Наҳотки, Хитой АҚШдан ўзиб кетган бўлса? Қуйида ушбу саволга жавоб топиш учун икки давлатнинг ҳарбий, иқтисодий, технологик ва мафкуравий кучини таққослаймиз.
Ҳарбий салоҳият
Ҳарбий куч мамлакат сиёсий барқарорлигини таъминлашда ҳамда ташқи сиёсатда ўз манфаатларини ҳимоя қилишда энг самарали восита ҳисобланади. Мамлакатнинг ҳарбий кучи халқаро жараёнларга ёки унинг субъектларига, аниқроғи бошқа давлат ва ташкилотларга таъсир ўтказа олиш қобилиятидир. Ҳарбий кучсиз дунёга гегемонлик қилиб бўлмайди.
Ҳарбий саноатнинг иқтисодий ҳолати. Бунда АҚШ ва Хитойнинг ҳарбий куч учун қанча пул сарфлашидан тортиб, қанча қурол ишлаб чиқараши ва сотиши ҳақида сўз боради.
SIPRI(Стокгольм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти)нинг маълумотларига кўра, Хитой 2019 йилда 228 миллиард доллар миқдоридаги маблағни ҳарбий соҳа учун сарфлаган. Ушбу кўрсаткич бўйича АҚШ анча олдинда, аниқроғи АҚШнинг ҳарбий структура учун йўналтирган маблағи 649 миллиард долларга тенг. Ҳисоб 1:0. Америка олдинда.
Дунёга лидер бўлишни мақсад қилган давлат нафақат замонавий ва сифатли қурол билан ўз армиясини таъминлаши ҳамда унга миллиард-миллиард пул сарфлаши балки, ҳарбий саноатни бизнесга айлантириши керак. Бу геосиёсий жиҳатдан муҳим, яъни бошқа давлатларни ўзига боғлаб қўйиш воситаси ҳисобланади. Бундан ташқари, қурол савдосидан келган маблағ ҳарбий соҳага қилинган харажат ўрнини тўлдиришда ёрдам беради. Яна шуни қўшимча қилиш керакки, юқоридаги савдо жараёни натижасида янги қуроллар ишлаб чиқарилади, бу эса ушбу соҳада рақобатбардош бўлишга ва мавжуд ҳарбий резервни доимий модернизация қилиш учун имконият яратади.
SIPRI’га кўра, 2015-2019 йилларда бутун дунё бўйлаб сотилган қуролларнинг 35 фоизи АҚШ ҳисобига тўғри келди. Ушбу 5 йил ичида АҚШ 96 та давлатга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, зирҳли техника, ракета ва сунъий йўлдош хизматини экспорт қилган. Энг йирик қурол экспортёрлари орасида АҚШдан кейин Россия, Франция ва Германия турибди. Хитой эса бешинчи ўринда. Ҳисоб 2:0. Хитой яна ортда қолмоқда.
Шу ўринда, дунё бўйлаб АҚШнинг 50 дан ортиқ давлатда, Хитойнинг эса атига 4 та давлатда ҳарбий базаси борлигини қайд этиш зарур. Бу ҳам муҳим кўрсаткич, зеро лидер бўлишга интилган давлат ташқи сиёсатда фаоллик қилади, ҳарбий базалар эса ўз сўзини айтишда асосий ролни ўйнайди. АҚШ ҳисобни йирик 3:0 кўринишга олиб келмоқда.
Бундан ташқари, Хитой бирорта ҳарбий альянсга аъзо эмас. У фақат ШҲТ (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) доирасида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон билан ҳарбий соҳада ўзаро ишончни ошириш тўғрисида келишувга эга. Лекин АҚШда НАТО бор. Ушбу ташкилотнинг бош қоидаси – ҳамма бир киши учун, аниқроғи альянснинг бир аъзосига ҳужум бўлса, унинг бошқа аъзолари душманга қарши бирлашади. НАТОнинг 30 нафар аъзоси борлигини ва умумий ҳисобда бутун дунё ҳарбий ҳаражатининг 70 фоизи айнан шу альянс ҳисобига тўғри келиши инобатга олинса, ташкилот қанчалик йирик ҳарбий кучга эга эканини тасаввур қилиш мумкин бўлади. Ҳарбий соҳадаги иттифоқ нуқтаи назаридан ҳам АҚШ Хитойга ҳеч қандай имконият қолдирмади.
АҚШ ва Хитой юқори даражадаги ҳарбий кучни бир-бирига қарши қўллаши мумкинми?
Ҳарбий кучдан 2 хил йўл билан фойдаланиш мумкин: биринчиси – демонстрация, яъни кўргазма қилиш. Бундай усулдан асосан ҳарбий парадлар, дала-ўқув машғулотлари ҳамда синов жараёнларида фойдаланилади ва шу орқали рақиб ҳамда душманларга нимага қодирлиги “кўз-кўз” қилинади. АҚШ ва Хитой ҳарбий имкониятларини фақат намойиш қилиши мумкин, лекин бир-бирига нисбатан тўғридан-тўғри ушбу кучни қўллаши эҳтимолдан йироқ. Чунки улар эгалик қилаётган қуроллар шунчалик хавфли ва масштаби кенгки, агар улар амалиётда қўлланса, оқибатлари бутун инсониятга раҳна солиши мумкин.
Иккинчи усул интервенция, яъни бостириб кириш, ҳарбий қуч ва қуролларнинг амалиётда қўлланишидир. Бу усулни АҚШ ҳам, Хитой ҳам ўзидан кучсиз давлатларга нисбатан ёки бошқа давлат ҳудудида ўз манфаатларини ҳимоя қилишда қўллаши мумкин.
Технология учун кураш
СССР қулаганидан сўнг АҚШ дунёнинг ягона технологик зонасига айланди. Ҳозирги кунда ривожланган давлат даражасига чиққан Япония, Хитой, Жанубий Кореа ва Европа Иттифоқининг айрим давлатлари айнан АҚШнинг глобал технологик монополияси остида шаклланиб келди. Эндиликда уларнинг ичида Хитой АҚШдан бутунлай мустақил бўлган ўзининг технологик зонасини яратиш йўлида кетмоқда. Бу учун Хитойда ҳаракат анча олдин, мамлакатни ўтган асрнинг 70-90-йилларида бошқарган Дэн Сяопин давридан бошланган.
“Бизга керак бўлган илғор технологиялар эвазига [Хитой] ўз бозорининг бир қисмидан воз кечиши керак”, деган эди у 1984 йилда.
Шу тариқа Хитой бозорига АҚШ компаниялари кириб келди. У ердаги арзон ишчи кучи Америка компанияларини ўз маҳсулотларини Хитойда ишлаб чиқаришга ундади. Кейинчалик Хитой Америка компанияларидан технологияни, ҳатто мажбурлаб қўлга киритиш учун турли хил воситалардан фойдаланди.
Пекин: чет эт компаниялари Хитой бозорига кириши учун, ўз технологиясини бериши керак.
АҚШ компаниялари вакиллари узоқ вақтдан бери ўзларининг шикоятларини билдириб келган, аммо сўнгги пайтларда Хитой кимёвий моддалар, компьютер чиплари, сунъий интеллект, робототехника ва электр транспорт воситалари каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришда етакчи бўлишга интилаётгани сабабли қўрқувлар кучайди.
“АҚШ Хитойдан ҳамкорликни кутган эди, бироқ унинг ўрнига ЖСТ стандартларига риоя қилмаслик, адолатсиз савдо амалиётлари ва технологияларни ўғирлаш ҳолатларини олди”, дейди Байден.
Муаллифлик ҳуқуқинининг топталиши Хитойда бўлиб турган АҚШ компанияларининг рақобатбардошлигини хавф остига қўйди. 2018 йилда икки давлат ўртасида бошланган савдо уруши заминида ҳам аслида айнан технология учун кураш ётибди. Давом этаётган савдо уруши нима билан якун топиши ҳали номаълум, лекин айни вақтда технология борасида АҚШ кучлими ёки Хитой?
Энг қиммат технологик компаниялар қаерда?
Дастурий таъминот, смартфонлар, электрон тижорат, қидирув ва ижтимоий тармоқларда етакчи ўйинчиларга эга АҚШ дунёдаги энг қиммат технологик компанияларни барпо этди. Сўнгги беш йил ичида Хитой ҳам технологик соҳада кескин ўсди, Tencent ва Alibaba глобал етакчи компаниялар орасига қўшилди. Қуйидаги рўйхат ушбу компанияларнинг технология бозоридаги баҳосини кўрсатиш билан биргаликда, уларнинг сотиб олиш, истеъдодларни ёллаш, капитални жалб қилиш ва янги технологияларга сармоя киритиш учун қанча молиявий кучга эга эканини ҳам кўрсатади.
Ушбу диаграммада акс этганидек, энг қиммат 10 та технологик компаниянинг 7 таси АҚШ ҳисобига тўғри келади. Ҳисоб 1:0. АҚШ технология борасида ҳам олдинда.
Энг йирик интернет бозор
Қўшма Штатлар кўп йиллар давомида дунёдаги энг йирик ва муҳим интернет бозори бўлиб келган. Аммо Хитой сўнгги йилларда аҳоли сони ҳисобига Қўшма Штатлардан ўзиб кетди.
Осиё гиганти ҳозирда АҚШдан тўрт баравар кўп мобил фойдаланувчига эга бўлиб, электрон тижорат ва маълумот алмашишдан тортиб ўйинлар ҳамда рақамли тўловларга қадар ички бизнес имкониятларини ўз ичига олган дунёдаги энг йирик бозорга эга. Ҳисоб 1:1. Бу борада Хитой АҚШ билан тенглашди.
Технология бозорига киритилган венчур капитал
АҚШ венчур капитал бизнесини ихтиро қилди ва хусусий капитал моделидан фойдаланиб дунёдаги энг қудратли технологик компанияларни яратди. У ҳали ҳам устунликка эга. Пандемияга қарамасдан АҚШ компаниялари 130 миллиард доллар миқдорида венчур капиталини жалб қилган. Хитой ушбу кўрсаткич бўйича АҚШ билан ўртадаги фарқни сезиларли даражада қисқартирди ва 2020 йилда 118 миллиард доллар миқдорида венчур инвестицияси жалб этди.
Бу Хитойда сармояси 1 миллиард долларга етган стартаплар сонининг кескин кўпайишига олиб келди. Улар орасида TikTok’ни яратган Bytedance, Alipay тўлов хизматига асос солган “Ant Financial” ва Хитойнинг ўзида жуда машҳур бўлган такси буюртма қилиш хизматини йўлга қўйган DiDi компаниялари бор. Ҳисоб 2:1. АҚШ яна олдинга ўтиб олди.
Чип учун пойга
Чиплар технологик инқилобнинг марказида турган жуда катта ҳисоблаш қувватидир. Улар техниканинг таркибий қисми бўлиб, ҳар қандай алоқа воситасидан тортиб тиббиёт ускуналари, компьютер ва ҳатто ракета таркибида ҳам мавжуд. Америка компаниялари ушбу қурилмани ишлаб чиқаришда устунликка эга: улар интеллектуал мулкнинг катта қисмини назорат қилади ва ишлаб чиқариш бўйича хитойлик рақибларидан устун туради. “The Wall Street”нинг энг йирик таҳлилий марказларидан бири бўлган “Sanford C. Bernstein” ҳисоб-китобларига кўра, Huawei таркибидаги чип, микросхема ишлаб чиқарувчи Хитойдаги энг йирик HiSilicon номли компания 2018 йилда 7,6 миллиард доллар даромад қилган. Бу Американинг Intel чипмейкер компанияси даромадининг тахминан ўндан бир қисмига тенг. Тайваннинг acer, Кореанинг LG, Хитойнинг Lenovo ва яна бошқа бир қатор компанияларнинг барчаси АҚШнинг Intel маҳсулотларидан фойдаланади.
Бундан ташқари Хитойнинг чип ва микросхема ишлаб чиқарувчи объектлари фаолият олиб бориши учун АҚШнинг “Cadence” ва “Synopsys” компаниялари дастурий таъминоти талаб этилади. Шунингдек, физик чипларни ишлаб чиқариш учун хитойликлар АҚШнинг “Applied Materials” ва “Lam Research” компанияларидан лойиҳалаш ва жиҳозлашда кўмак олишга мажбур. Кўриниб турибдики, ҳар қандай техниканинг зарурий таъминоти ҳисобланган чип ва микросхема ишлаб чиқаришда АҚШ яққол устун. Ҳисоб эса 3:1. АҚШ Хитойни ортда қолдиришда давом этмоқда.
5G ва телекоммуникация келажаги
Гарчи телефонни ихтиро қилган Александр Грейам Белл “American Telephone and Telegraph Company” компаниясига асос солиб, Қўшма Штатларни телекоммуникация соҳасида етакчига айлантирган бўлса-да, у кунлар ортда қолди. Сўнгги йигирма йил ичида АҚШнинг алоқа инфраструктурасини ишлаб чиқарувчи компаниялари ўз мавқеларини йўқотди. Эндиликда бу соҳада бошқа давлатлар ҳукмронлик қилмоқда. Huawei, шубҳасиз, бутун дунё операторлари ўзлаштира бошлаган бешинчи авлод (5G) технологиясини ривожлантиришда энг кучли компания ҳисобланади. Бутун дунё фойдаланаётган телекоммуникация инфраструктурасининг 29 фоизи ушбу Хитой компанияси ҳисобига тўғри келади. Ундан кейинги ўринда мос равишда 25 ва 21 фоиз ҳисса билан Швециянинг Ericsson ва Финляндиянинг Nokia компаниялари устунлик қилмоқда. Умимий ҳисоб 3:2.
Натижаларга назар соладиган бўлсак, АҚШ ҳозирчалик ҳам ҳарбий, ҳам технологик жиҳатдан Хитойдан кучлироқ, аниқроғи унинг кўрсаткичлари баланд. Лекин Хитойнинг қисқа давр ичида ночорликдан кўтарилиб, ҳозирда дунё етакчилиги учун даъво қилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Сўнгги хулоса эса ўзингиздан.
Иқтисодий ва мафкуравий жиҳатдан АҚШ устунроқми ёки Хитой? Бу ҳақда линк орқали ўқинг. БОСИНГ
LiveБарчаси