Тадқиқот. 90 фоиз ўзбекистонлик пропискага қарши чиқди

Жамият

image

Жаҳон банки тадқиқотчиси Уильям Сеиз ўтказган тадқиқотга кўра, Ўзбекистон ички миграция даражаси бўйича жаҳонда энг қуйи ўринларда туради. Таъкидланишича, Республикадаги урбанизация кўрсаткичларида 2009 йилдан буён турғунлик кузатилмоқда.

Тадқиқот муаллифи ички миграцияга тўсиқ бўлаётган прописка режими ва шаҳарда яшаш харажатларининг қишлоқ ҳудудларга нисбатан анча юқорилиги каби икки асосий омилни келтириб ўтган.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида яшаш харажатлари Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан 5,5 баробарга кўп. “Бу эса қишлоқларда яшаётган деярли барча фуқароларнинг пойтахтда ҳаёт кечиришга қурби етмаслигини билдиради” – дейилади тақдим этилган маълумотда.

2018 йилда Тошкент шаҳридаги ўртача маош миқдори қишлоқ жойлардаги ўртача ойликдан 88 фоизга, республика миқёсидаги ўртача маошдан 61 фоизга юқорироқ бўлган. Аҳолининг тахминан 90 фоизи – барча регистрацион чекловларни бекор қилиш тарафдори.

Ўзбекистонликлар ўртасида ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 80 фоизи фикрига кўра, прописка режимини бекор қилиш билангина урбанизация фаоллашишига эришиб бўлмайди. Бунинг учун шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш суръатини ошириш керак.

Тадқиқотчининг фикрича, аҳолининг кўчиш суръатлари сустлиги мамлакатда меҳнат унумдорлиги ва бандлик даражаси ўсишига салбий таъсир қилади. Бунинг учун қуйидаги чоралар тавсия этилган:

- шаҳарларда кенг миқёсда арзон ижара уйларини қуриш ва ижара уй-жой бозорини шакллантириш (Сингапур, Ҳонгконг ва Хитой тажрибаси);
- кўчмас мулк дахлсизлигини таъминлаш (бу ўз навбатида инвесторларни уй-жой қуришга рағбатлантиради);

- ҳам уй-жой қурилиши билан шуғуланувчи корхоналар, ҳам уй-жой сотиб олувчилар учун мақсадли субсидиялар ажратиш;

- шаҳарларни режалаштиришга (мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектлар жойлашуви) алоҳида эътибор қаратиш ва ҳк.

Сарвар Анвар ўғли


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

217

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг