Ўзил уйғурларга тазйиқни қоралагач, Хитой “Арсенал”-“Сити” ўйини намойишини тақиқлади
Спорт
−
15 Декабрь 2019
7161“Арсенал” ярим ҳимоячиси Месут Ўзил Хитой ҳукуматининг мамлакат ғарбидаги Шинжондаги (Уйғур автоном райони) мусулмон уйғурларга нисбатан олиб бораётган репрессив сиёсатини қоралаб чиқди.
“Шарқий Туркистон ислом оламининг қон оқаётган жароҳати. Асо мақсади диндан узоқлаштириш бўлган таъқиб ва қувғинларга қаршилик кўрсатяпти.
Қуръон ёқиляпти, масжидлар ёпиляпти, мактаблар тақиқланяпти, дин уламолари бир-бир ўлдиряпти. Эркаклар лагерларга жўнатиляпти, уларнинг оиласи хитойлик эркаклар билан яшашга мажбурланяпти.
Аммо мусулмонлар жим, овози чиқмаяпти. Мусулмонлар ёрдам бермаяпти. Ахир зулмга рози бўлиш – айнан зулмнинг ўзи эканини улар билишмайдими?”, дейди Месут Ўзил.
Ўзилнинг танқидига жавобан Хитойнинг CCTV телеканали Англия премьер лигасининг 17-тури доирасидаги “Арсенал”-“Манчестер Сити” ўйинининг трансляциясини бекор қилди.
“Арсенал” ҳам бунга тезколик билан муносабат билдирди. Клуб бу Ўзилнинг шахсий фикри экани ҳақида баёнот берди. Лондон клуби бу масалада бетарафлигини очиқ баён этди. “Арсенал” Weibo ижтимоий тармоғида (Хитойнинг ички ижтимоий тармоғи, 500 миллиондан ортиқ фойдаланувчи бор) махсус баёнот берди.
“Биз Месут Ўзилнинг сўзлари билан боғлиқ вазиятни аниқлаштиришимиз керак. Месут нима ёзган бўлса – бу унинг шахсий фикри. “Арсенал” спорт ташкилоти сифатида ҳеч қачон сиёсий масалаларга аралашмайди”.
Клубнинг бундай ҳаракатини кутилмаган дейиш қийин. Некаги “Арсенал”нинг Хитойда бизнес манфаатлари бор, улардан бир ўйинчи учун кечиб бўлмайди. Клубнинг Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 5 млн нафардан ортиқ аъзо бор, ХХРда “Арсенал”нинг алоҳида офиси ҳам мавжуд, бу ерда клубнинг фаст-фуд тармоғини очиш режалаштирилган. “Арсенал” кўпинча ёзги турнесини Осиёда ўтказади.
Маълумот учун, Уйғурлар Шарқий Туркистоннинг туб халқи (11 миллион киши, эътиқодига кўра мусулмон-суннийлар), улар ҳозирги Хитой Халқ Республикаси таркибида ташкил этилган Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудида истиқомат қилишади.
2018 йилнинг сентябрида Humans Rights Watch Хитойдаги мусулмон аҳолининг таъқибга учраши бўйича ҳисобот эълон қилганди. Унда Хитой ҳукумати оммавий равишда ва кўп ҳолларда ҳеч бир сабабсиз уйғурларни қўлга олиб, уларни қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштириши айтилганди.
Америка нашрларининг ёзишича, минтақада диний бинолар бузиб, Қуръон тақиқланади, баъзи мусулмонлар уйғурлар эса чўчқа гўшти ейишга мажбурланади.
Ўтган йилнинг ноябрида Хитой “қайта тарбиялаш ва ўқитиш лагерлари” мавжудлигини тан олганди. Бу экстремизмга қарши кураш зарурати билан изоҳланган. БМТ маълумотига кўра, 2018 йил декабрида бир миллиондан ошиқ уйғурлар сақланаётганди.