Алматов вазирликдан кетгач, мамлакатда норасмий лидерлик ИИВдан МХХга ўтганми?
Жамият
−
25 Март 2019
25610Хабарингиз бор, жорий йилнинг, 18 март куни QALAMPIR.UZ томонидан 1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматович Алматов билан эксклюзив интервью тақдим этилган эди.
Зокиржон Алматович мазкур интервьюда ўзи вазирлик лавозимини тарк этган 2006 йилдан кейин Ички ишлар вазирлиги мамлакатда етакчи ташкилот ролидан тушиб қолгани ҳақидаги фикрларини билдирди.
“15 йил вазир лавозимида ишлаб юрганимда ИИВ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ичида лидер вазифасини бажарган деб тўла-тўкис айта олмайман. Биз судни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳаммамиз чамбарчас боғлиқ томонларимиз кўп бўлган. Мақсадимиз битта вазифани бажариш. Мамлакатимизни асраш, тинчлик-осойишталик ўрнатиш. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш асосий мақсадимиз. Ана шунда бошимиздан жуда кўп оғир воқеалар ўтганда биз бир-биримизга камарбаста бўлиб ишлаганмиз. Миллий хавфсизлик ҳам, Прокуратура ходимлари ҳам, Ички ишлар идоралари ходимлари ҳам. Тўғри халқни ичида шу пайтда гап тарқалган. Ички ишлар идораларини обрўси жуда баланд деб. Оғир пайтларда бу нарса мани хаёлимга ҳам келмаган. Маълум вақтдан кейин ман касал бўлдим. Истеъфога чиқдим. Ундан кейин ички ишлар идоралари баъзи бир ташкилотларни тагига тушиб қолди деб гап-сўз тарқалди”, дейди Зокиржон Алматов.
Вазир маслаҳатчисининг сўзларига кўра, баъзи бир жойларда бу ҳақиқатдан тўғри нарса бўлган. Исботини топган. Кўп ички ишлар органларининг ходимлари асоссиз равишда қамоққа олинган. Ички ишлар идоралари ходимлари ишдан бўшатилган. Тухматлар асосида, уюштирилган ҳар хил воқеалар бўлиб ўтган.
Алматов шундай асоссий айбловлар тўқиб чиқариш Президентнинг 2017 йилдаги мурожаатномасида танқил қилингани ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг ўша пайтдаги йиғилишида айтиб ўтилганини ҳам таъкидлади.
“Ундан кейин Давлат хавфсизлик хизмати бўлиб қайта ташкил этилди. Ҳозирги пайтда Оллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ички ишлар идоралари ходимларининг мавқейи яна ўзини жойига қайтяпти. Раҳбаримиз томонидан жуда катта ишонч билдириляпти. Ёрдам кўрсатиляпти. Халқимизни ичида катта-катта ишлар олиб бориляпти. Яна ички ишлар идоралари ходимлари халқимизни энг яқин ташкилотига айланди. Ўзини қаддини кўтаряпти. Олдинги тазйиқлар, олдинги бўҳтонлар, туҳматлар йўқ бўлди. Буни ҳаммаси Республикамиз раҳбарининг бизга кўрсатган ёрдами, эътибори, ишончи туфайли бўлиб ўтди”, дейди у.
Бундан ташқари собиқ ички ишлар вазири давлатда бир ташкилот бошқа бир ташкилот тазйиқи остига тушиб қолиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида фикр билдирди.
“Тарозининг икки палласи бор. Ана шу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни тарозини палласи билан ўлчаш керак. Ҳар битта палла битта мувозанатда туриши керак. Қайси бирини босиб кетса қайси бири бошқа бир ташкилотни тазйиқ остида ушлаб туришга ҳаракат қилса билингки, у ерда ҳеч қачон тинчлик бўлмайди. Ютуққа эришиб бўлмайди. Агарда 1990 йилдаги воқеалар бўлиб ўтадиган бўлса, ана шу давлатда парокандалик юзага келиши мумкин. Шунинг учун Президентимизнинг асосий мақсади ҳам шу бўляпти. Халқимизнинг ишончига кириш. Халқимизнинг дард-у ғами, алами билан яшаш. Яна бир иборани айтиб ўтдилар. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак. Жуда оддий, содда, равон тилда айтилган. Халқчил гаплар. Шунинг учун мен битта нарсани ишонч билан айта оламан. Худо хоҳласа, Ўзбекистонда тинчлик, барқарорлик бундан ҳам яхши бўлади. Халқимизнинг ҳаёт тарзи бундан ҳам яхшиланади”, дейди Зокиржон Алматов.
Мазкур интервьюни тўлиқ шаклда қуйида ёки YouTube ва Mover’даги саҳифаларимизда кўришингиз мумкин.