Расмий Вашингтон 28 йилда илк бор ядро синови ўтказишни муҳокама қилди – ОАВ
Олам
−
23 Май 2020
5833Америка Қўшма Штатлари расмийлари 1992 йилдан бери илк бор ядро синовини ўтказиш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда “The Washington Post” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Газета маълумотларига кўра, бу масала кеча, 22 май куни АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи идоралари ходимларининг учрашувида кўтарилган. Ўша пайтда синовни ўтказиш тўғрисида келишувга эришилмаган. Амалдорлардан бири нашрга, мунозаралар давом этаётганини маълум қилган.
Бошқа бир манбанинг “The Washington Post”га маълум қилишича, Хитой ва Россия Федерациясидан келиб чиқадиган таҳдидларга жавобан бошқа чораларни кўришга қарор қилинган. Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгаши ушбу маълумотларга изоҳ беришдан бош тортди, дея таъкидлайди газета.
Маъмуриятнинг юқори лавозимли амалдорларидан бирининг таъкидлашича, Москва ва Пекинга АҚШ "синовлар" ўтказиши мумкинлигини кўрсатиш Қўшма Штатларга қурол назорати бўйича музокараларда устунликни бериши мумкин. Газета учрашув давомида ядро синовини ўтказиш ғояси борасида жиддий келишмовчиликлар пайдо бўлганига ишора қилган.
“The Washington Post” нашрига кўра, ядро қуролини тарқатмаслик тарафдорлари ядровий синовни қайта бошлаш беқарорлаштирувчи оқибатларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблашади. "Бу ядро қуролига эга бошқа давлатларни ушбу мисолга эргашиш учун имконият яратади. <...> Бу мисли кўрилмаган қурол пойгаси учун сигнал вазифасини ўтайди. Бу Шимолий Корея этакчиси Ким Чен Ин билан музокараларни сусайтиради", деб ёзади Америка қуролланиш назорати ассоциацияси раҳбари Дэрил Кимболл.