Ҳусийлар Тель-Авив яқинидаги ҳарбий объектга зарба берди
Олам
−
24 Декабрь
4962Яман ҳусийлари Тель-Авив яқинидаги ҳарбий объектга ракета ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда ҳусийлар томонидан тузилган қуролли кучлар вакили Яҳё Сария маълум қилди.
“Яман Қуролли кучлари Ракета Кучлари Фаластин 2 типидаги гипертовушли баллистик ракета билан босиб олинган Яффа ҳудудидаги Исроил ҳарбий нишонига ҳужум қилди. Операция ўз мақсадларига муваффақиятли эришди”, деди Сария.
Бугун, 24 декабрга ўтар кечаси Исроил армияси Ямандан учирилган ракета Исроил ҳаво ҳудудига киргунга қадар уриб туширилганини маълум қилди. Тель-Авивнинг 20 га яқин аҳолиси шаҳарда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинганидан сўнг жароҳат олди. Улар бошпаналарга шошилиш пайтида яраланган.
Ғазо секторидаги можаро авж олгандан сўнг, ҳусийлар Исроилни ўққа тутиши ва Фаластин анклавидаги операция тўхтатилмагунча унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслиги ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилган.
Ҳусийларга жавобан Америка расмийлари Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш учун халқаро коалиция тузилгани ва Prosperity Guardian операцияси бошланганини эълон қилди. Кейинчалик Буюк Британия ва АҚШ Қуролли кучлари Яманнинг турли вилоятларидаги исёнчиларнинг ҳарбий нишонларига мунтазам зарба бера бошлади.