Ҳусайн ва Қаззофийнинг аянчли қисмати ёхуд тахтдан тўнтарилган давлат раҳбарлари
Таҳлил
−
08 Сентябрь 2021
29061“Тарих ўтмишдаги сиёсат, сиёсат эса бугунги тарихдир”.
Дени Дидро
Қадим ўтмиш тарихига назар ташласак, кўплаб халқ қўзғолонлари, инқилоблар бўлганини кўрамиз. Баъзи инқилоблар натижасида амалдаги ҳукмдор ҳокимиятдан ағдарилган ва қатл этилган. Ушбу мақоламизда инқилоб йўли билан ҳокимиятдан ағдарилиб, ўлимга ҳукм этилган давлат раҳбарлари ҳақида маълумот берамиз.
Николай II
1894 йил 20 октябрь куни Россия императори Александр III вафот этди. Тахтга унинг тўнғич ўғли Николай II ўтиради. 1914 йил 28 июль куни Биринчи жаҳон урушининг бошланиши подшоҳ ҳукуматига қимматга тушди. Урушнинг чўзилиб кетиши аҳолининг турмуш даражасига қаттиқ таъсир қилди. Мамлакатда егулик танқислиги бошланди. Оч қолган халқ подшоҳдан норози бўла бошлади.
1917 йил 28 февраль куни Россия империясида юз берган инқилоб 300 йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳукмронлик қилиб келаётган Романовлар сулоласини ағдариб ташлади. 1917 йил 2 март куни подшоҳ Николай II тахтдан воз кечганини эълон қилди.
1917 йилнинг октябрь ойида ҳокимиятни Владимир Ленин бошчилигидаги Большевиклар партияси эгаллаб олди. Шундан сўнг, Большевиклар раҳбари Ленин подшоҳ ва унинг оила аъзоларини йўқ қилиш учун махфий тарзда буйруқ берди.
1918 йил 16 июль куни тунда, подшоҳ Николай II унинг рафиқаси Александра Феёдоровна ва императорнинг қизлари Ольга, Татьяна, Мария ҳамда 13 ёшли меросхўр шаҳзода Алексей сарой ертўласига олиб тушилиб, ваҳшийларча отиб ташланади.
Бенито Муссолини (дуче)
Бенито Андреа Муссолини 1883 йил 29 июль куни Италиянинг Варано ди-Коста қишлоғида туғилган. Унинг онаси Роза Малтони ўқитувчи бўлган. Отаси эса темирчи эди. 1902 йилда Муссолини Лозанна шаҳрида таниқли иқтисодчи ва социалист профессор Вильфредо Парето билан учрашади. Унинг маърузаларини тинглаб, Муссолини социалистик ғояларни ўрганади.
1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошлангач, Бенито Муссолини 1916 йилда фронтга кетади. Аммо, у жанг вақтида оёғидан оғир яраланиб, 1917 йилда фронтдан қайтиб келади.
1919 йилда Италияда фронтдан қайтган собиқ аскарлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун “Фаши ди комбаттименто” (Қуролдошлар уюшмаси), деб аталган ташкилотини тузадилар. Бу ташкилотга Бенито Муссолини бошчилик қилади. Ташкилот Италияда фашизм ғояларини кенг тарғиб қилди. Шу тариқа, Муссолини сиёсий кураш майдонига чиқиб келди.
1919–1920 йиллар Италия тарихига “қизил икки йиллик” номи билан кирди. Ушбу икки йилда социалистлар Шимолий Италиядаги завод ва фабрикаларни эгаллаб олади. 1920 йилда мамлакатда рўй берган “қизил икки йиллик” ҳукмрон доираларини чўчитиб юборди. Италия қирол Виктор Эммануэл III коммунистик қизил тўнтариш хавфидан даҳшатга тушиб, мамлакатда кучли диктатура ўрнатишга ҳаракат қилади.
1922 йилда йирик сармоядорлар қирол Виктор Эммануэл III га телеграмма юбориб, ундан ҳокимиятни Муссолинига беришни талаб этадилар. Қирол бунга жавобан Муссолинини Бош вазир этиб тайинлайди. 1922 йил 30 октябрь куни Бенито Муссолини коалицион ҳукумат тузди. Шу тариқа, Италияда фашистик давлат ташкил этилиб, унинг раҳбари Муссолини бўлди.
Италияда фашизмнинг тезда муваффақият қозонишида Муссолинининг шахсий сифатлари жуда катта роль ўйнади. У кучли нотиқлик қобилиятига эга эди. Муссолини фашизмни Италияда ўзига хос динга айлантирди. У Италиянинг Қадимги Рим империяси давридаги қудратини тиклашга ваъда берди. Ўзини эса бўлажак империянинг “доҳийси”, деб эълон қилди. Шунинг учун ҳам қадимги римликларнинг “дуче”(доҳий) сўзини ўзига лақаб қилиб олди.
Италия 1937 йилда Германия ва Япония ўртасида имзоланган “Антикоминтерн пакти”га қўшилди. Италия доҳийси бу пактни “бутун Европа унинг атрофида бирлашса арзийдиган аҳднома”, деб атади. Иккинчи жаҳон урушида Италия, Германия тарафидан жангга кирди. Аммо, урушда туб бурилиш бўлиб, Германия мағлубиятга учрай бошлади.
1943 йил 10 июль куни инглиз-америка армияси Италиянинг жанубини ишғол этди. Италия ҳукмрон доиралари Муссолинига нисбатан фитна уюштирди. 1943 йил 25 июль куни Италия қиролининг буйруғи билан доҳий ҳибсга олинади. Бенитто Мусоллини ва унинг рафиқаси 1945 йил 28 апрель куни Меззегра қишлоғида отиб ўлдирилди, жасадлари дарахтга осиб қўйилади.
Зулфуқор Али Бхутто
Зулфиқор Али Бхутто 1928 йил 5 январь куни Покистоннинг Ларкана шаҳрида таваллуд топган. У ўзининг сиёсий фаолиятини 1957 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Покистон вакили сифатида бошлаган. Зулфиқор Али Бхутто 1963 йилнинг 23 январида Покистон Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланади. Айнан шу вақтда Покистон ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир муаммоси авж олган эди. У Кашмир бўйича қўшни давлат билан келишишга ҳаракат қилади. Бхутто Покистон Президенти Аюб Хонни 1966 йил 11 январь куни Тошкент декларациясини имзолагани учун танқид қилади ва Ташқи ишлар вазири лавозимидан ўз ихтиёри билан кетади.
Зулфиқор Али Бхутто 1967 йилда мухолиф Покистон Халқ партиясига асос солади. Бхутто мамлакат бўйлаб ушбу шиорни илгари суради: “Ислом – бу бизнинг эътиқодимиз, демократия – бизнинг ҳокимият шаклимиз, социализм – бизнинг иқтисодий тизимимиз”. У “ислом социализми” деб номланган иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суриб, мамлакатда демократияни тиклашга уринади.
1971 йилда Покистонда бошланиб кетган фуқаролар уруши вақтида амалдаги мамлакат раҳбари Яҳё Хон истеъфога чиқди. 1971 йил 21 декабрь куни Зулфиқор Али Бхутто Покистон Президенти лавозимини эгаллади. У 1972 йилда Ҳиндистон Бош вазири Индира Ганди билан Кашмир муаммосини қисман ҳал этади. Шундан сўнг, Зулфиқор Али Бхутто бир вақтнинг ўзида Покистон Ички ва Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди.
Зулфиқор Али Бхутто 1977 йил 5 июль куни Зиё ул-Ҳақ томонидан мамлакатда амалга оширилган ҳарбий инқилоб вақтида қамоққа олинади. 1977 йил 24 октябрь куни Бхутто устидан суд жараёни бошланади. 1978 йил 18 март куни Покистон Олий суди Зулфиқор Али Бхуттони “ўзининг сиёсий рақибларини ўлимида айбдор”, деб топади ва уни ўлим жазосига ҳукм этади. Бу ҳукмни юмшатишларини сўраб Рим папаси, АҚШ Президенти Жимми Картер, Совет Иттифоқининг раҳбари Лионид Брежнев Зиё ул-Ҳақ номига мактуб ёзади. Лекин, бу мурожаатларга қарамай, Зулфиқор Али Бхутто 1979 йил 4 апрель куни Равалинди қамоқхонасида қатл этилади.
Ҳарбий тўнтариш қурбони
Али Аднан Эртекин Мендерес 1899 йил Туркиянинг ғарбидаги Айдин шаҳрида туғилган. У 1944 йилда мамлакатдаги Жалол Баяр бошчилигидаги мухолифат партияга қўшилади. Аммо, Мендерес партия лидерлари билан келиша олмасдан 1944 йилнинг сентябрь ойида бу ҳаракат аъзолигидан чиқади. Аднан Мендерес 1946 йилги сайловда ғалаба қозониб Туркия Бош вазири лавозимига сайланади. У 1961 йилга қадар Туркия Бош вазири лавозимида иш олиб боради.
Мендерес даврида (1946-1961) Туркия иқтисодиёти секин-аста оёққа тура бошлайди. АҚШ ва Буюк Британиянинг ишбилармон доиралари билан яхши алоқада бўлган Аднан Мендерес ушбу мамлакатлар ёрдамида Туркия иқтисодиётига, айниқса, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни олиб киради. 1959 йилда АҚШ ҳукумати ўрта масофадаги баллистик ракеталарини Туркия ҳудудига жойлаштиради.
1960 йил 25 май куни генерал Камал Гурсел бошчилигидаги ҳарбий тўнтариш натижасида Мендерес ҳокимиятдан ағдарилади ва ҳибсга олинади. 1960 йилнинг октябрь ойида унга нисбатдан суд жараёни бошланади. У Туркия жиноят кодексининг деярли барча бандлари билан айбланган.
1961 йилнинг 17 сентябрида Туркия ҳарбий суди Мендересни ўлим жазосига ҳукм қилади. Шундан сўнг, Аднан Мендерес суд ҳукми билан осиб ўлдирилади.
Руминия диктатори
Никола Чаушеску 1918 йил 26 январь куни Руминияда туғилган. У ўзининг сиёсий фаолиятини 1948 йилдан бошлаган. Чаушеску 1948-1950 йилларда Руминия Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида иш олиб борган. 1950 йилнинг 20 мартидан, 1954 йилнинг 19 апрелигача Руминия Қуролли кучлар вазирининг ўринбосари сифатида иш юритади.
1965 йил 19 март куни Руминия раҳбари Георге Деж саратон касаллигидан вафот этди. Унинг ўлими натижасида мамлакатда ҳокимият учун кураш бошланди. Бу курашда Никола Чаушеску ғалаба қозониб, 22 март куни Руминия Коммунистик партиясининг Биринчи котиби этиб сайланади. Унинг таклифига биноан, мамлакатнинг расмий номи “Руминия Социалистик Республикаси”га ўзгартирилади.
Чаушеску Руминияда ҳақиқий диктатура тузумини ўрнатди. У ўзининг кўплаб сиёсий рақибларини қамоққа олиб, қатл эттирди. Ҳатто, Чаушеску ўзини Руминияда Худо даражасига кўтарди.
1977 йилда Руминияда пенсия ёши кўтарилиб, ногиронлик нафақаси бекор қилинди. Бу ҳолат катта норозиликларга сабаб бўлди. Мамлакатдаги 35 минг нафар кончи иш ташлаб, норозилик намойишларига чиқди. Чаушеску бу митингни қонли йўл билан бостиради.
1989 йилда мамлакатда бошланган инқилоб оқибатида, Чаушеску ва унинг рафиқаси қўлга олинди. Никола ва Элена Чаушеску Жиноят кодексининг 145-моддаси (миллий иқтисодиётни йўқ қилиш), 163-моддаси (халқ ва давлатга қарши қуролли ҳаракатлар), 165-моддаси (давлат муассасаларини йўқ қилиш), 356-моддаси (геноцид) билан айбланди.
Олий суд Никола Чаушескуни ўлимга ҳукм қилди. Шундан сўнг, 1989 йил 25 декабрь куни Никола ва Элена Чаушеску Тирговиште саройида отиб ташланди.
Саддам Ҳусайн
Саддам Ҳусайн 1937 йилнинг 28 апрелида Ироқнинг Тикрит шаҳрида туғилган. У 1979 йилда Ироқ раҳбари Ҳасан ал-Бакр ҳукуматини ағдариб мамлакат Президентига айланди. Саддам Ҳусайн Ироқда ривожланган диктатура тизимини ўрнатди. Ҳусайн давлат раҳбари бўлишдан олдин Ироқ иқтисодиёти аста-секин ривожланаётган эди. Аммо, ҳокимият тепасига келган Саддам Ҳусайн 1980-1988 йилларда қўшни мамлакат Эронга қарши уруш олиб борди. Бу уруш Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, энг кўп инсонлар қурбон бўлган уруш сифатида тарихга кирди. Ҳусайн жанг вақтида кимёвий қуроллардан кенг фойдаланди. Шиа аъзоларига қарши қатағонлар ўтказилди. Уруш Ироқ иқтисодига катта зарар келтирди. Бундан ташқари, Ироқ бошқа мамлакатлардан олган қарзини ўз вақтида тўлай олмагани учун оғир молиявий инқирозга учради.
1990 йилда Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн қўшни давлат Кувайтни чегарадаги “Румайла” нефть булоғидан ноқонуний равишда нефть қазиб олишда айблаб, ундан 2,5 миллиард доллар миқдорида товон пули талаб қилади. Бироқ, Кувайт амири шайх Жобир Ал-Аҳмад бу талабни бажаришдан бош тортади. Шундан сўнг, 1990 йил 1 август куни Ироқ армияси Кувайтга бостириб киради. Аммо, БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқ қўшинларини 1991 йилнинг 15 январигача Кувайтдан чиқиб кетишини талаб қилади. Бу урушда Ироқ мағлубиятга учради. Бу мағлубиятдан сўнг, Ироқ иқтисодиёти оёққа тура олмайди. 1991 йилда мағлубият сабабли мамлакатда қўзғолон бошланиб кетди. Саддам Ҳусайн бу исённи қонли йўл билан бостирди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқ раҳбарини халқаро терроризмни қўллаб-қувватлашда ва оммавий қирғин қуролларидан фойдаланганликда айблади. 2003 йил апрель ойида АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ироққа бостириб кирди. Ҳусайн ҳукумати ағдарилиб, унинг ўзи қўлга олинди. 2006 йил 30 декабрь куни Ироқ Олий суди Саддам Ҳусайнни ўлим жазосига ҳукм этди. Ироқ раҳбари ўша куннинг ўзида осиб ўлдирилди.
Ливия диктатори
Муаммар ал-Қаззофий 1942 йил 7 июнь куни Ливиянинг Сирт вилоятида бадавий оиласида туғилган. Бу оила арабларнинг ал-Қаззоф қабиласига мансуб эди. Қаззофий 1969-1977 йиллар оралиғида мамлакатдаги инқилобий ҳаракатнинг кенгаш раиси бўлган. Муаммар Қаззофий 1969 йилда қирол Идрисни инқилоб йўли билан ағдариб ҳокимиятни қўлга киритди. У мамлакат бошқарувини ўз қўлига олгач, қўшни мамлакат Чадга ҳудудий даъволарни эълон қилди. Қаззофий даъво ортидан Чадга қўшин киритди. Бу ўз навбатида Халқаро кучларнинг норозилигига сабаб бўлди.
2000 йилларга келиб Қаззофий Европа мамлакатлари билан яқинлаша бошлади. Европа магнатларига Ливияга кириши учун рухсат берилди. Бу ҳаракатлар мамлакатнинг иқтисодий сиёсий ҳаётини бироз либераллаштиришга олиб келди. 2004 йилнинг 23 апрелида АҚШ Ливияга қарши иқтисодий санкцияларни қисман бекор қилди.
2008 йилнинг август ойида Африканинг 200 дан ортиқ қироллари, султонлари, амирлари, шайхлари ва қабила бошлиқларининг йиғилишида Муаммар Қаззофий “Африка қироллар қироли”, деб эълон қилинади.
2010-2011 йилларда араб мамлакатларида ҳокимият бошқарувига қарши “Араб баҳори”, деб номланган норозилик намойишлари бошланди. 2011 йил 15 февраль куни Ливияда ҳам Қаззофий бошқарувига қарши бўлган мухолиф кучлар бош кўтарди. Улар Қаззофийдан истеъфога чиқишини талаб этди. Мамлакатда фуқаролик уруши бошланди. 20 февраль куни Ливия пойтахти Триполи мухолифлар томонидан эгаллаб олинди.
2011 йил 27 июнь куни Ливиядаги фуқаролар уруши вақтида Халқаро жиноят суди Муаммар Қаззофийни қотиллик ва турли жиноятларда айблаб қўлга олиш учун рухсат берди. Шундан сўнг, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ливияга бостириб кирди.
Муаммар Каддафий бундай оғир вазиятда Сирт шаҳрига яшириниб олади. Аммо, 2011 йил 20 октябрь куни АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Сирт шаҳрига ҳужум қилди. Иккала оёғидан яраланган Қаззофий қўлга олиниб, халққа топширилади. Шунда сўнг, йиғилган оломон Муаммар Қаззофийни уришни, ҳақоратлашни бошлайди. Унга қарата турли буюмларни отади. Ғазабланган халқ Қаззофийни уруб ўлдиради. Кейинчалик, Қаззофийнинг мурдаси Мисрат шаҳрида музлатгичга солиниб халққа намойиш этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь