Ҳусанов бугун асосий таркибда тушиши мумкин

Спорт

image

Бугун, 15 февраль куни Англия Премьер лигаси 25-тур ўйинлари давом эттирилади. Бу турда “Манчестер Сити” ўз уйида “Ньюкасл”ни қабул қилади.

Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиш эҳтимоли бор

“Манчестер Сити”нинг жароҳат олган футболчилари кўпайиб кетгани ва айниқса, асосий ҳимоячилардан бири Мануэль Аканжи “Реал”га қарши баҳсда орттириб олган жароҳати сабаб, клуб мураббийи “Ньюкасл”га қарши ўйинда таркибда ўзгаришлар қилиши кутилмоқда. Айниқса, ҳимоя марказида ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда ўйнаш эҳтимоли ортмоқда. Чунки айни дамга келиб, Ҳусановдан кўра яхшироқ вариант йўқдек. Чунки Стоунз тушган тақдирда ҳам уни таянч ярим ҳимояга қўйиши мумкин. Нико ва Родрининг йўқлиги сабаб албатта. Қанотга Рико Льюис жойлашса, марказга Рубен Диаш ва Ҳусанов тандеми туширилиши мумкин. Аке варианти ҳам бор, аммо у ҳам яқиндагина жароҳатдан қайтган ва катта эҳтимол у захира ўриндиғида қолдирилади. Ҳусановнинг кубок доирасида “Лейтон”га қарши баҳсда гол ургани ва майдондаги энг яхшиларидан бири бўлгани ҳам унинг асосий таркибда тушишга лойиқлигини исботлайди. Лекин таркиб бўйича сўнгги қарорни мураббий Пеп Гвардиола чиқаради.

“Шаҳарликлар” турнир жадвалида 4-ўринга чиқиб олиши мумкин

Англия Премьер лигаси 25-турига қадар “Манчестер Сити” 41 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. Бугунги рақиб “Ньюкасл” ҳам 25-тургача “шаҳарликлар” каби 41 очко тўплаб, 6-ўринда бормоқда. Кўриниб турибдики, изма-из келаётган рақиблар бугун борини бериб ўйнайди. Сабаби, асосий таъқибчи “Челси” 15 февралга ўтар кечаси меҳмонда “Брайтон”га йирик 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди ва очкоси 43 лигича қолди. Агар бугунги баҳсда “Манчестер Сити” ва “Ньюкасл”дан бири ғалаба қозонса, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олади. Борди-ю, дуранг қайд этилса, икки жамоанинг очкоси 42 тага етади ва турнир жадвалидаги ўрнини сақлаб қолади, агар “Борнмут” меҳмонда “Саутгемптон” билан ўйинда ғалаба қозонмаса. Агар “Борнмут” ғалаба қозонадиган бўлса, 43 очкога эга бўлади ва 7-ўриндан 5-ўринга кўтарилиб олади.   

Тахминий таркиблар

Одатдагидек,  “One Football”, “Sportsmole”, “Opta” каби нашрлар “Манчестер Сити” - “Ньюкасл” ўйини учун тахминий таркибларини эълон қилди.

“One Football” талқинига кўра, “Манчестер Сити” таркиби:

Эдерсон, Нуньес, Диаш, Стоунз, Гвардиол, Ковачич, Бернарду, Гюндоган, Фоден, Мармуш, Холанд.

Захира: Морено, Льюис, Ҳусанов, Рейс, Аке, Нико, Де Брюйне, Макэти, Савиньо.

“Sportsmole” талқинига кўра, “Манчестер Сити” таркиби:

Ортега, Нуньес, Диаш Аке, Гвардиол, Нико, Ковачич, Савиньо, Фоден, Мармуш, Холанд.

“Opta” талқинига кўра, “Манчестер Сити” таркиби:

Эдерсон, Льюис, Диаш, Аке, Гвардиол, Стоунз, Фоден, Савиньо, Бернарду, Де Брюйне, Холанд.

Кўриниб турибдики, ҳар учала нашр ҳам ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни захира ўриндиғида қолдирган. Вариантлар, тахминлар ҳар хил, аммо юқорида айтганимиздек, якуний қарорни мураббий Гвардиола чиқаради. 

Маълумот ўрнида, “Манчестер Сити” - “Ньюкасл” ўртасидаги ўйин бугун, 15 февраль куни 20:00 да старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Манчестер Сити Англия Премьер лигаси Ньюкасл Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг