Ҳусанов ҳақиқий жангчи – Гвардиола
Спорт
−
09 Февраль 8902 1 дақиқа
Кеча, 8 февраль куни Англия Премьер-лигаси 25-тури доирасида “Ливерпуль” ҳамда “Манчестер Сити” жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Унда меҳмонлар – “Сити” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов 61 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Ўйиндан сўнг Пеп Гвардиола Ҳусанов ҳақида ижобий фикр билдирди.
“У биринчи марта “Энфилд”да ўйнади. Ўзбекистондан келиб, Францияда ярим йилгина ўйнаб, шу даражани кўрсатмоқда. Бу ерда биринчи марта майдонга тушиб, Салоҳ ва Экитикедек футболчиларга қарши ажойиб футбол кўрсатди. Тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам. Қандай иқтидор у ҳақиқий жангчи”, дейди Гвардиола ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов учрашувнинг 61-дақиқасида жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Рубен Диаш ўйинга туширилди. Бир бўлимдан сал кўпроқ ҳаракат қилган ҳимоячининг ўйини “SofaScore” портали томонидан 6,5 баллга баҳоланди.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” чемпионатдаги очколарини 50 тага етказиб, турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Лондоннинг “Арсенал” жамоаси эса 56 очко билан пешқадамликни сақлаб қолмоқда.