Ҳукуматда лавозимий ўзгаришлар, Конгрессдан пул талаб қилган Трамп, кенгаяётган вирус – 24 февраль тунининг энг муҳим хабарлари

Жамият

image

Жаҳон янгиликлари

Япония. 24 февраль куни Ер юзидаги энг кекса фуқаро – япониялик Ватанабэ Титэцу 112 ёшида оламдан ўтди. У Ниигата префектурасидаги қариялари уйида вафот этган. Ватанабэ Титэцу икки ҳафта муқаддам, яъни 12 февраль куни Ер юзидаги энг кекса одам сифатида “Гиннеснинг рекорлар китоби”га кирган эди.  

АҚШ. Дональд Трамп маъмурияти коронавирусга қарши курашиш учун конгрессдан 2,5 миллиард доллар сўради. “Бугун маъмурият вакиллари қўшимча молиявий режа билан конгрессга йўл олади. Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришни тезлаштириш, тайёргарлик ишларини қўллаб-қувватлаш ва зарур материал ҳамда ускуналарни харид қилиш учун 2,5 млрд доллар сўралади”, дейди маъмурият вакили.  

Баҳрайн. Баҳрайн фуқаро авиацияси бошқармаси коронавирус сабаб Дубай халқаро аэропорти ва БAAнинг Шаржа халқаро аэропортидан келадиган барча рейсларни 48 соатга тўхтатиб қўйишини маълум қилди. Аввалроқ мамлакатда 1 кишида вирусга чалиниш ҳолати кузатилгани маълум қилинган эди.

Перу. Мамлакат жанубидаги Aрекипа провинциясида иккита автобуснинг тўқнашуви оқибатида камида ўн бир киши ҳалок бўлди ва яна 40 киши жароҳат олди. 24 февраль куни Panamericana Sur автомагистралида иккита автобус бир-бирига бориб урилган. Ҳудудий ҳокимият воқеа оқибатида 11 киши вафот этганини, улардан олти нафари ҳодиса жойида, яна беш киши касалхоналарда оламдан ўтганини тасдиқлади.

Испания. Мамлакатда коронавирус инфекциясининг янги ҳолати қайд этилди. Аввалроқ мамлакатда вирусга чалиниш ҳолати 2 кишида кузатилган эди. Кейинроқ уларни шифо топиб, шифохонадан чиқариб юборилгани хабар қилинди. Янги ҳолат бўйича вирусга чалинган эркак изолация қилинган ва керакли муолажаларни олмоқда.

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Япония ва Корея Республикаси билан икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ушбу мамлакатлар билан ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари изчил ошиб бораётгани ҳақида сўз юритилди. Йиғилишда турли икки томонлама тадбирлар, жумладан, ишбилармон доираларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Наманганда IT Park филиали қурилиши бошланди. Бунинг учун 5,8 квадрат метр ер майдони ажратилган. Қурилиш ишлари ишлаб чиқилган бош режа асосида ва маҳаллий ҳокимият идоралари назорати остида олиб борилмоқда.

Лавозимий ўзгаришлар

24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган йиғилишда бир қанча лавозимий ўзгаришлар амалга оширилган. Жумладан, 2019 йилнинг февраль ойидан буён Бош вазир ўринбосари — Молия вазири сифатида ишлаб келаётган Жамшид Қўчқоров Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига тайинланган. Унинг ўрнини биринчи ўринбосари Тимур Ишметов эгаллаган. 

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ҳам лавозимини тарк этган. Унинг ўрнини 2017 йилнинг май ойидан буён Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев эгаллаган.

Бундан ташқари, Нодир Отажонов бош вазир маслаҳатчиси лавозимидан озод қилинган. Бироқ “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқарув раиси лавозимини сақлаб қолган.

Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги раҳбари Ботир Хўжаев вазифасидан озод этилиб, Бош вазирнинг саноат ва кооперация масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг