Ҳукумат 2020 йил учун ғўза ва пахта бўйича қарорни қабул қиляпти
Жамият
−
16 Сентябрь 2019
10456Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарор билан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўзпахтасаноат” ва “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятлари, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ишлаб чиқилган:
• 2020 йил пахта ҳосили учун ғўзанинг районлашган ва истиқболли навларини жойлаштириш;
• 2020 йилда белгиланган харид нархларига нисбатан рағбатлантирувчи коэффициент жорий этиладиган ғўзанинг селекцион навлари;
• 2020 йил пахта ҳосилини етиштиришнинг прогноз ҳажмлари;
• 2020 йил пахта ҳосили учун чигит экиш схемалари;
• 2020 йил пахта ҳосили учун суғурта уруғлик фондини ҳисобга олган ҳолда уруғлик пахта хомашёсини тозалаш ва уруғлик чигитни тайёрлаш ҳажмлари;
• 2020 йил пахта ҳосилини етиштириш учун талаб этиладиган моддий ресурслар ҳисоб-китоби маъқулланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 2020 йил пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратиладиган кредит ресурслари тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг 2020 йил ҳосилидан етиштириладиган ўрта толали ғўзанинг 2-саноат нави 1-класс пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархини 4 300 000 сўм миқдорида белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда пахта хомашёси харид нархномасини тасдиқласин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига етказади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагросервис” акциядорлик жамияти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил ҳосили учун кузги-қишки тадбирларни амалга ошириш, кузги шудгорлаш ишлари ўтказиладиган ҳамда пол олиб шўри ювиладиган экин майдонлари ҳажмлари ва муддатлари бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва ўн беш кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ҳамда фермер хўжаликлари:
• вилоятда бештадан, туманда иккитадан ортиқ бўлмаган, фермер хўжалигида эса - тавсия этилган битта нав экилишини ҳисобга олган ҳолда ғўза навларини жойлаштиришнинг тасдиқланган тартибига;
• илмий-тадқиқот институтлари томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга мувофиқ ҳар бир селекция нави учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ғўзани парвариш қилиш агротехникасига риоя этилиши учун шахсан масъул ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси:
• фермер хўжаликларининг ихтисослашуви ва шарт-шароитларини, шу жумладан, ерларнинг мелиоратив ҳолати, тупроқнинг балл-бонитети, сув таъминоти, охирги 3 йилдаги ҳосилдорлик кўрсаткичларини чуқур таҳлил қилиб, қишлоқ хўжалиги экин майдонларига ғўзанинг контурлар бўйича жойлаштирилишини таъминласинлар;
• жорий йил 1 ноябрга қадар фермер хўжаликлари билан пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ўртасида 2020 йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштириш бўйича контрактация шартномаларининг тузилишига амалий ёрдам кўрсатсинлар.
Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда экилиши белгиланган ғўза навларини мустақил равишда жойлаштириш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”:
• фермер хўжаликларига белгиланган ғўза навларининг авлодлари ва ҳажмлари бўйича дориланган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган юқори сифатли уруғлик чигитларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги ҳақини олдиндан тўлаш шарти билан қатъий равишда етказиб берилишини таъминлайдилар;
• Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлари ташкилотчилари ҳамда замонавий уруғчилик кластерлари билан биргаликда 2020 йилнинг 1 мартига қадар уруғлик пахта хомашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини танлаб олиш бўйича танловлар ўтказсин ва белгиланган тартибда рўйхатини шакллантирадилар.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 9-иловага мувофиқ 2020 йилда 200 минг гектар майдонда пахта етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқадилар.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти:
2020 йил пахта ҳосили учун экилиши режалаштирилган 62,0 минг тонна уруғлик чигитларни илдиз чириш ва гоммоз касалликларига ҳамда шира-трипс зараркунандаларига қарши комплекс таъсир этувчи уруғдорилагичлар билан 2020 йил 1 мартага қадар сифатли дорилашни ташкил қилади.
2020 йил пахта ҳосили учун экишга мўлжалланган уруғлик чигит “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ёки пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари тизими доирасида реализация қилинганда ёки фермер хўжаликларига сотилганда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзнефтгаз”, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
• 6-иловага мувофиқ фермер хўжаликлари ғўза майдонларига талаб этиладиган минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини белгиланган тартибда етказиб беради;
• 2020 йил мавсумида ғўза майдонларида зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларни тарқалиш башоратига кўра, зарур бўлган кимёвий, биологик ҳамда микробиологик воситалар заҳирасини 2020 йил 1 апрелгача тўлиқ яратади;
• шунингдек, ғўзани ўсиш ва ривожланишини бошқарувчи стимуляторлар билан вегетация даврида камида уч марта ишлов беришни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси 2020 йил пахта ҳосили учун белгиланган ғўза навларининг жойлаштирилиши, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланилиши, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа моддий-техника ресурсларининг пахта етиштирувчи хўжаликларга белгиланган тартибда етказиб берилиши юзасидан назорат ўрнатади.