Ҳокимнинг кучи тандирга етди. Намангандаги тандирлар ичида сомсаси билан бузилди (видео)
3-саҳифа
−
20 Январь 17637 2 дақиқа
Наманган вилояти Чуст туманида ҳоким Бахтиёр Салимжонов топшириғига асосан қишлоқда қонуний равишда фаолият юритиб, 20 нафар фуқарони иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорнинг тандирлари бузиб ташлангани айтилмоқда.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, бузиш ишлари ҳеч ким томонидан расман тушунтирилмаган. Ҳокимлик вакиллари келиб, бу ишлар ҳоким топшириғи эканини билдирган, холос. Ҳужжатлар мавжудлиги, фаолиятнинг қонунийлиги ёки нега айнан шу жойда иш олиб борилаётгани ҳақида ҳеч қандай савол берилмаган.
У шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтгани, 20 нафар ишчиси борлигини ҳам айтган.
“Йигирма нафар фуқарони иш билан таъминлаб қўйган эдик. Улар орасида боқувчисини йўқотганлар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам мавжуд. Мана, энди улар ҳам ишсиз қолади. Ҳокимлик вакиллари келди, бузиш ҳақида буйруқ чиққанини айтди ва бузиб ташлади. Ҳаттоки сомсаларимиз ҳам тандирнинг ичида қолди”, деган тадбиркор.
Сомсапазнинг видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг Чуст тумани ҳокимлиги ҳам ҳолат юзасидан расмий муносабат берди. Ҳокимлик тадбиркорнинг ҳужжатлари мавжудлигини инкор қилган.
Унга кўра, Чуст туманидан ўтувчи D-105 Фарғона халқа йўлининг Чустнон-Дўстларобод маҳалласи ҳудудида кескин бурилиш қисмида фуқаро томонидан фойдаланиб келинаётган тандирхона биноси ҳамда унга туташ ошхона биносида ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз, қурилиш ишларини амалга ошириш учун махсус рухсатномасиз сомсахона ташкил этилган.
“Мазкур ҳудуд D-105 автойўлининг ҳимоя минтақаси бўлиб, ушбу ҳудудда енгил ёки капитал қурилиш ишларини амалга ошириш мумкин эмас”, дейилади муносабатда.
Қолаверса, ҳокимлик йўловчи ҳамда ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотлар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантирилганда тандирхона фуқаронинг ўзи томонидан бузиб ташланганини ёзмоқда. Тадбиркор эса ҳеч ким тушунтириш бермаганини айтади.
“Чуст тумани ҳокимлиги ҳамда масъул ташкилотлар томонидан фуқарога қонуний тартибда тадбиркорлик фаолиятини олиб боришида ҳеч қандай қаршилик бўлмаслиги тушунтирилди ҳамда норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар талаблари доирасида сомсахона ташкил этиш учун бир неча таклифлар билдирилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов экологик рейд давомида сомсахона тандирларини буздириб ташлагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, ҳокимга нисбатан ушбу иши учун ҳайфсан интизомий жазо чораси берилган.
Live
Барчаси