Ҳокимларнинг ваколатини “қирқадиган” янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, аммо...

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ваколатини ҳокимлардан олиб Халқ депутатлари вилоят Кенгашларига бериш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев ўз Telegram каналида маълум қилди. 

Кушербоевнинг таъкидлашича, бир жиҳатдан олганда, кўп вақтдан бери одамларда жиддий эътирозлар пайдо қилиб келаётган ер участкаси ва кўчмас мулкларни ҳокимлар томонидан бузиб ташланиши ёки олиб қўйилишига чек қўйиш, ўзбошимчаликка йўл қўймаслик масаласида янги ечимдек тасаввур пайдо қилаётган ушбу қонун лойиҳаси амалда вазиятни ўзгартирмайдиган оддий ҳужжатга айланиб қолиши мумкин. Чунки лойиҳага кўра, ер участкаларини олиб қўйиш ҳоким эмас, Кенгаш қарори билан амалга оширилади, Кенгашга эса ҳоким бошчилик қилади. (Таҳр. Али – хўжа, хўжа – Али)

“Бир томондан масаланинг бир шахс яккаҳокимлиги орқали эмас, коллегиал тарзда, кўпчиликнинг овози билан ҳал этиш прогрессив ҳаракат бўлиши мумкин, ҳар қалай мулк масаласини сайловчиларнинг вакиллари ҳал этиши “бир зўравон”нинг ҳал этишидан кўра ижобийроқ. Аммо энг катта хавф бундамас: лойиҳа қабул қилинса, келиб чиқадиган асосий муаммо бу –фуқаро Кенгаш қароридан норози бўлган тақдирда нима қилади, деган савол”, деб ёзади депутат.

Қонун лойиҳасида Ер кодексининг 37-моддасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига ёҳуд Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, бу туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг ёҳуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан қилиниши мумкин.

Янги қонун лойиҳасида ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақида депутатлардан иборат Кенгашнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига рози бўлмаган тақдирда қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатилмоқда. Бу ҳақда гапираркан, Кушербоев шундай дейди: 

“Вазирлар Маҳкамаси қарори устидан судга шикоят қилишку амалда натижаси “ноль” бўлса-да тушунарли. (Шу жойида яқинда Қибрай тумани Маъмурий судида шунча далил, қонун, кафолатга ишониб ҳукумат аъзоларини судга берган “Sulton tex group” МЧЖ кластери билан боғлиқ вазиятни кузатиб борган жамоатчиликнинг қонунларни қўллашга “духи” етмаган“мустақил суд”дан хафсаласи пир бўлгани эсга тушади). Лекин Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори устидан шикоят бериш тартибининг ўзи борми? Агар бўлса, шикоят айнан кимнинг устидан берилади, 60 нафар депутатнингми? Мана бу саволлар очиқ.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорлари Олий Мажлис томонидан белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкинлиги келтирилган. Демак фуқаро ўз-ўзидан Кенгаш қарори устидан судга шикоят қила олмайди. Чунки бу Олий Мажлис ваколатида қилинадиган иш, агар Олий Мажлиснинг бундай тартиби бўлса албатта.

Шунингдек, мамлакат бўйича “снос эпидемияси” кўламининг катталиги бошқа ҳокимиятлар каби “катта армия”га эга бўлмаган Олий Мажлиснинг ҳар бир норози фуқаро шикояти бўйича ишлай олиш имкониятини ҳам шубҳага қўяди. 

Бу эса ўз ўрнида фуқароларнинг Конституцияда кафолатлаб қўйилган ҳар қандай орган ҳаракати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклайди. Чунки Конституциянинг 44-моддасида “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”, деб белгиланган”, деб ёзади Кушербоев.

Депутатнинг фикрича, янги қонун лойиҳаси фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга оширишга монеълик қилиши мумкин. Бу ҳолатда  Конституцияга ўзгартириш киритиш ёки лойиҳадан воз кечиш керак.

“Аммо сўнгги вақтларда мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлаётган муаммолар қонунсизлик ёки қабул қилинаётган қонунларнинг мазмунида эмас, балки қонунларга амалда ижрочи ва назоратчилар томонидан амал қилинмаслигида. Мулкка доир қанча қонун қабул қилмайлик, унга масъуллар  ҳам амал қилмаса бари бефойда”, дейди депутат.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг