Ҳокимларнинг ХДКдаги ваколатлари тугатилмоқда
Жамият
−
09 Март 2023
12082Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш амалиёти тугатилиб, кенгашларга ҳокимдан мустақил бўлган алоҳида Кенгаш раиси раҳбарлик қилиши белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Жаҳонгир Ширинов “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасига тушунтириш бераётиб айтиб ўтди.
“Содда қилиб айтганда, эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади”, дейди Ширинов.
Қайд этилишича, энди ҳудудда ижро ҳокимиятига ҳокимлар, вакиллик органига ҳокимдан мустақил бўлган маҳаллий Кенгашлар раислари раҳбарлик қилади. Ҳокимлар эса маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот беради.
“Таъкидлаш лозимки, маҳаллий Кенгашларнинг иш тартиби ҳозирги тартибга мослашиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли, Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларини бир-биридан бирданига ажратиб бўлмайди, бунинг учун қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш, кадрларни тайёрлаш, моддий-техника масалаларини ҳал қилиш керак бўлади. Энг муҳими, ҳудудларда иккита орган ўртасида вазифалар такрорланишига йўл қўймаслик учун, уларнинг ваколат ва вазифаларини аниқ қилиб ажратиб бериш лозим”, дейди депутат Жаҳонгир Ширинов.
Унга кўра, Кенгашлар раиси ва ҳоким лавозимларининг бир-биридан ажратилиши – Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024 йилдаги навбатдаги маҳаллий кенгашларга сайлов натижалари бўйича, туман ва шаҳарнинг вакиллик ва ижро органларига нисбатан эса 2026 йил 1 январдан бошлаб қўлланилиши белгиланмоқда.
Лойиҳанинг илгари эълон қилган таҳририда халқ депутатлари Кенгаши томонидан маҳаллий бюджетни кўриб чиқиш фақатгина ҳокимнинг тақдимига биноан амалга оширилиши кўрсатилган эди. Бу эса депутатларнинг бу борадаги ваколатини бевосита ҳокимга боғлаб қўйган эди. Эндиликда мана шундай “тобелик” чиқариб ташланмоқда, яъни мазкур норманинг янги матнида халқ депутатлари Кенгаши “маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш” ваколати ҳеч қандай шартларсиз ва тўсиқларсиз амалга оширилиши кўрсатилмоқда. Бундай қоида ҳудудий дастурларни тасдиқлаш жараёнига нисбатан ҳам татбиқ этилмоқда.
LiveБарчаси