Ҳокимлар натижа бўлмаса, маблағ қайтариб олиниши ҳақида огоҳлантирилди
Жамият
−
16 Июнь 2025 6139 3 дақиқа
Бугун, 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида ҳокимлар натижа бўлмаса, маблағ қайтариб олиниши ҳақида огоҳлантирилди.
Маълум қилинишича, ҳар бир туманда 5 тадан, жами 1 минг 156 та драйвер лойиҳа инфратузилмасига 300 миллиард сўм ажратилган. Лекин Бухородаги 27 та, Навоийдаги 22 та лойиҳа бўйича қурилиш бошланмаган. Жиззах, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятида ҳам ишлар режадан 1-2 ойга кечикаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ёки 16 та туманнинг ҳар бирини жадал ривожлантиришга 70 миллиард сўмдан пул ажратилди.
Биринчи босқичда 336 миллиард сўм берилгани билан Чимбой, Асака, Чортоқ туманлари ҳокимлари ўзи берган лойиҳани уч ойдан бери қайта-қайта ўзгартираётгани танқид қилинди. Сирдарё, Яккабоғ туманлари ва Янгийўл шаҳрида ҳам ишлар сустлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳокимлар натижа бўлмаса, маблағ қайтариб олиниши ҳақида огоҳлантирилди.
Шунингдек, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш, қайта ишлашга замонавий агротехнология олиб кириш, экспортни кўпайтириш учун 16 та туманда “Агростар” компанияси ташкил этилиб, 300 миллиард сўм берилган. Банклар ҳам уларга 10 миллион доллардан ресурс ажратишни бошлади.
Лекин бу туманларнинг 5 тасида мева-сабзавот экспорти кўпайиш ўрнига, ўтган йилгидан камайган. Барча масалалар ресурс билан ҳал қилиб берилган бўлса, “Агростар” компаниялари қачон натижа беришни бошлайди, дея савол қўйди Президент Мирзиёев.
Ҳокимлардан озиқ-овқат ва экспортни кўпайтириш талаб қилинмоқда. Лекин туманлар ҳудудининг катта қисмини ташкил қиладиган ўрмон ва яйлов ерлари республика ташкилотларига берилган. Туман ҳокимининг ваколати бўлмагани учун дарахт билан қопланмаган ўрмон ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштира олмайди.
Умуман, озиқ-овқатни кўпайтиришда энг катта захира бўлган 16 миллион гектар яйлов ва 12 миллион гектар ўрмон ерларидан етарлича фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Шунча ресурс билан гўштга бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, экспортга ҳам чиқсак бўлади-ку!” деди давлат раҳбари.
Бош вазирга бу масалани назоратга олиб, бир ойда ўрмон ва яйлов ерларининг қанчасини аҳолига озиқ-овқат, озуқа учун бўлиб беришини ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ерларни аукционга чиқариш топширилди. Шунингдек, яйлов ва ўрмон ерларини олаётган фермер ва чорвадорларнинг айланма маблағини ҳам ҳал қилиб бериш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, гўшт, сут, парранда гўшти ва тухум нархи кескин ошмаслиги, корхоналар “соя”дан чиқиб ишлаши учун ҚҚСнинг ярмини кэшбек қилиб қайтариш тартиби ўтган ҳафта тасдиқланган эди. Мутасаддилар кэшбекни бир кунга бўлса ҳам кечиктирмаслик зарурлиги ҳақида огоҳлантирилди.
“Ҳокимларни ҳам огоҳлантираман, ушбу янги механизм асосида гўшт, сут, парранда гўшти ва тухум нархи барқарор бўлиши шарт. Буни эплай олмаганлари ишдан кетади”, деди Президент.
Суд қарорлари вақтида ижро бўлмаётгани юзасидан мурожаатлар жуда кўплиги қайд этилди. Ўтган йили МИБга юборилган ҳар бешта суд қароридан биттаси ижро қилинмагани танқид қилинди.
Live
Барчаси