Ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
Олам
−
30 Декабрь 2023
9816Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Билдирилишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган муқаддам судланган шахс Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани “Илғор” МФЙ ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 10 гектар ер майдонини “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг 67-бандининг ижроси доирасида 10 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига тадбиркордан 80 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, у мазкур пул маблағидан 15 минг АҚШ долларини Оҳангарон тумани “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчисига бериши кераклиги аниқланиб, ушбу мансабдор шахс ҳам сўралган пулни олган вақтида қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олинганди. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида эса Кадастр агентлигининг бош мутахассиси ва ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта инспектори пора олаётганда ушланди.
LiveБарчаси