Ҳоким ёрдамчилари давлат гранти асосида ўқишга кириши мумкин

Жамият

image

Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМларининг сиртқи таълим шакли иқтисодий таълим йўналишларига ҳокимнинг тавсияси билан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори regulation.gov.uz порталига муҳокамага учун қўйилди.
Қарор лойиҳасига кўра, ҳоким ёрдамчиларининг ўқитиш харажатлари Давлат бюджетидан қоплаб берилиб, улардан фақат суҳбатдан ўтиш талаб этилади.

Суҳбат жараёнида эса ҳоким ёрдамчиларининг ҳар бирига қуйидаги мавзулар бўйича биттадан жами тўртта савол берилади:
1.  Мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти;
2.  Белгиланган бакалавриат таълим йўналишини танлашдан асосий мақсад;
3.  Белгиланган бакалавриат таълим йўналишига мос меҳнат фаолияти давомида эришган ютуқ ва натижалари;
4.  Белгиланган бакалавриат таълим йўналиши соҳасида билим ва касбий кўникмаларнинг мавжудлиги.

Ҳар бир саволга 25 баллдан ажратилиб, жами тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 100 баллни ташкил этади. 

“Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган қайдномага асосан Суҳбат комиссиясининг иштирок этган аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртачаси 55 баллдан юқори бўлганда абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади”, дейилади Қарор лойиҳасида.

Қарор лойиҳасини қабул қилишига эса ҳоким ёрдамчиларини тайинлаш жараёнида иқтисодий билимларни эга бўлган кадрлар етишмовчилиги юзага келаётгани сабаб сифатида кўрсатилган.

“Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши намуна кўрсатиб келаётган олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларига олий таълим бериш, уларни иш сифатини ошириши ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада ошириш имконини беради”, - дейилади қарор таҳлилида.

Мазкур қарорнинг муҳокамаси эса 19 ноябрга қадар давом этиши белгиланган.

Маълумот учун, 2022 йилнинг январь ойидан маҳаллаларда жами 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган эди. 

Республика бўйича энг кўп ҳоким ёрдамчилари Самарқанд вилоятида бўлиб, уларнинг умумий сони 1120 нафарни ташкил қилади. Шунингдек, Фарғона вилоятида 1055 нафар, Тошкент вилоятида эса 1014 нафар ҳоким ёрдамчилари лавозимга тайинланган.

Бундан ташқари, бошқа ҳудудларда ҳоким ёрдамчилари сони қуйидагича:
Қорақалпоғистон Республикасида 424 нафар ;
Сирдарё  вилоятида 236 нафар;
Жиззах вилоятида 299 нафар;
Навоий вилоятида 330 нафар; 
Андижон вилоятида эса 887 нафар; 
Қашқадарё вилоятида 796 нафар;
Наманган вилоятида 780 нафар;
Сурхондарё вилоятида 721 нафар;
Тошкент шаҳрида 579 нафар;
Бухоро вилоятида 544 нафар;
Хоразм вилоятида 526 нафарни ташкил қилади.

Уларнинг маоши эса ўртача 5 млн 343 минг сўмга тенг.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилиши ҳақида Президент қарор қабул қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг