“Ҳизбуллоҳ” ва Эрон Исроилга 150 та ракета учирди

Олам

image

Кеча, 11 март куни кечқурун Исроилнинг шимолий ва марказий ҳудудлари кенг кўламли ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Исроил Мудофаа армияси маълумотига кўра, мамлакат ҳудудига “Ҳизбуллоҳ” томонидан тахминан 150 та ракета учирилган.

Ҳужум маҳаллий вақт билан тахминан 20:00 да бошланган. Шимол ва марказий шаҳарларида ҳаво таҳдиди сиреналари янграган. Ҳайфада ҳам дронлар орқали эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантиришлар қайд этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумлар оқибатида камида икки киши жароҳатланган.

“Ҳизбуллоҳ” баёнотида ҳужумнинг мақсади Исроилнинг ҳарбий объектлари ва чегара ҳудудидаги аҳоли пунктлари бўлганлиги таъкидланган. Ҳаракат вакиллари ушбу ҳудудларда яшовчилардан уйларидан чиқишни сўраган.

Исроил ҳарбийлари тез орада Байрутдаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига қарши жавоб операцияси бошлаганини хабар қилган. ЦАҲАЛ маълумотига кўра, ҳаво зарбалари оқибатида ҳаракатнинг Даҳия ҳудудидаги позициялари нишонга олинган, бу ҳудуд унинг асосий марказларидан бири ҳисобланади.

Исроил армияси ҳужумлар давомида ҳаракатнинг тахминан ўн штаби ва ракета учириш қурилмалари нишонга олинганини билдирган. Ливан пойтахти аҳолиси ижтимоий тармоқларда портлашлар ва шаҳарнинг бир неча ҳудудида кўтарилган тутунларни тасвирловчи видеоларни жойлаштирган.

Ливандан кейинги ҳужумлардан сўнг Исроил ҳарбийлари Эрон ҳудудидан балистик ракеталар учирилганини қайд этган. ЦАҲАЛ маълумотига кўра, ҳаво мудофаа тизимлари барча ракеталарни йўқ қилган.

Кейинчалик Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси баёнот бериб, Исроилга ҳужум “Ҳизбуллоҳ” билан ҳамкорликдаги ва мувофиқлаштирилган операция эканлигини айтган. Исроил расмийлари бу маълумотни тасдиқламаган.

Тун давомида Исроил яна Ливандан ҳужумларга учраган. Бу сафар узоқ масофали ракеталар ишлатилган. Тель-Авив ва марказий шаҳарларида сиреналар янграган.

Шунингдек, Эрон ҳудудидан яна бир балистик ракета учирилгани хабар қилинган, ундан сўнг Исроил армияси жавоб зарбалари берилганини эълон қилган.

Яқин Шарқдаги таранглик 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига кенг кўламли ҳаво зарбаларини амалга оширганидан сўнг кескин ошди. Теҳрон жавобан Исроил ва Форс кўрфази мамлакатларидаги АҚШнинг ҳарбий объектларга зарбалар беришни бошлади.

“Ҳизбуллоҳ” Эронни қўллаб-қувватлаб, Исроил ҳудудига ракеталар ва дронлар орқали ҳужум қилганидан кейин Исроил армияси Ливандаги ҳаракат инфратузилмасига қарши операцияларни кучайтирди. Зарба командалар марказлари, қурол омборлари ва ракета позицияларига етказилди.

Исроилнинг баҳолашича, Жанубий Ливан ва Байрутнинг жанубий чекка ҳудудларида эвакуация ҳақида огоҳлантиришлар берилгач, 500 минггача одам ўз уйини тарк этиб, мамлакат шимолига кўчган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Исроил чегара ҳудудидаги ер операцияларини кенгайтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Тель-Авив Ҳизбуллоҳ ЦАҲАЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг