Ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш керак – Президент илм-фанни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди
Жамият
−
03 Декабрь 2020
4255Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатда илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги тўрт йилда 28 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк ташкил этилди. Давлат раҳбари академик ва тадқиқотчилар билан бир неча бор учрашиб, улар кўтарган барча масалаларни ҳал қилиб берди. Олимларнинг иш ҳақи 3 баравар оширилди. Илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш учун катта маблағлар йўналтирилди.
Бир сўз билан айтганда, соҳа учун ҳам моддий, ҳам ташкилий жиҳатдан барча шароит яратилмоқда. Лекин, йиғилишда таъкидланганидек, 100 дан зиёд илмий ташкилотлар фаолиятида, улар томонидан олиб борилаётган изланишларда ҳали сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ. Масалан, 24 та муассаса ўтган йили халқаро тан олинган журналларда бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаган. Инновация вазирлиги илмдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизим ва муҳитни йўлга қўя олмаяпти.
Мисол учун, инновацион ишланмалар учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилаётган бўлса-да, танлов натижаси бўйича бор-йўғи 29 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа шакллантирилди, холос. Фанлар академияси тизимидаги 33 та илмий институт томонидан ўтган йили атиги 59 та патент олинган.
Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар даражаси ўта паст, илм ва инновация масалалари бўйича масъул проректорлар умуман ишламаётгани қайд этилди.
"Олийгоҳ, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқот қандай? Бугун кун тартибида мана шу савол турибди. Афсуски, мулоқот талаб даражасида эмас", деди Шавкат Мирзиёев.
Видеоселектор йиғилишида илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, илмий институтларга буюртмаларни шакллантириш бўйича долзарб йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, ҳудудларни ихтисослаштириш, юқори қийматли маҳсулотларни кўпайтиришга хизмат қиладиган ишланмалар зарурлиги таъкидланди. Чунки ҳудудлар иқлимига мос экин навларини яратиш, сифатли уруғлик тайёрлаш ишлари мутлақо қониқарсиз аҳволдалиги қайд этилди. Охирги икки йилда 108 миллион долларлик кўчат ва уруғлар импорт қилинган. Бу йил биргина картошка уруғининг импорти ўтган йилгига нисбатан 2 баравар ошган.
Ҳудудларда хусусий уруғчилик корхоналари ташкил этиш, чет элдан бозорбоп навларни олиб келиб, маҳаллий шароитларга мослаштирган ҳолда, уруғ брендлари яратиш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигига экинларнинг янги авлод гибрид уруғларини етиштириш ва уруғшунослик лабораториялари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ҳам илмий ечимлар орқали ҳал қилиш мумкин. Хусусан, суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш кенгайиб бормоқда. Лекин бунда ўғитларни тўғри эритиш, суғориш вақтини аниқлаш, муддатида техник хизмат кўрсатиш бўйича тизим ташкил этилмаган. Ёмғирлатиб суғориш бўйича илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш ҳам оқсамоқда.
Шу боис Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида сув тежовчи технологияларга хизмат кўрсатадиган қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Хорижий молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган ирригация объектларини лойиҳалаштириш ишларига чет эллик мутахассислар билан бирга маҳаллий олимларни ҳам жалб қилиш муҳимлиги айтилди. Мисол учун, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш бўйича 215 миллион долларлик лойиҳанинг 8 миллиони илмий изланишларга йўналтирилган.
Хоразмда ташкил этилган Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази орқали вилоятдаги ирригация иншоотларини қайта лойиҳалаштириш, сув ресурсларини тўғри режалаштириш лозимлиги қайд этилди.
Илм-фан натижалари кимё саноати ва нефть-газ тармоқлари учун ҳам жуда зарур. Мамлакат кўп миқдорда кимёвий реагентлар, полимерлар ва бошқа маҳсулотларни импорт қилаётгани бу борадаги аҳволни яққол кўрсатади.
Шу муносабат билан, хорижий тажриба асосида нефть ва табиий газни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлайдиган марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. Кимё саноатига зарур реагентлар учун илмий институтларга буюртмалар бериш ва уларни ишлаб чиқаришга грант ажратиш муҳимлиги таъкидланди.
Яна бир масала – бугунги кунда Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида 3 миллиард тоннага яқин техноген чиқиндилар йиғилиб қолган. Йилига уларнинг 20 миллион тоннаси қайта ишланса, 2 тонна олтин, 8 тонна кумуш, 10 минг тонна мис ҳамда вольфрам, молибден каби нодир металлар олиш мумкин. Мутасаддиларга шу борада аниқ кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев энергетика тармоғидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Бу соҳада 3 та олийгоҳ, 2 та илмий ташкилот, ўнлаб олимлар бўлса-да, муаммоларни ҳал қилишда ўрни сезилмаяпти. Йирик корхоналарда ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолини таҳлил қиладиган илмий тадқиқотлар йўқ.
Мисол учун, бир йилда 100 миллион киловатт соат электр ишлатадиган Тошкент труба заводи ўрганилганда, жараёнларни оптималлаштириш ҳисобига 20 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкинлиги аниқланган. Бунинг ҳисобидан қанчадан-қанча хонадонларга ёруғлик етказиш мумкин.
Шу мақсадда “Иссиқлик электр станциялари”, “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Қизилқумцемент”, “Бекободцемент”, “Қувасойцемент” каби йирик корхоналарда илмий ташкилотлар билан бирга электр энергияси сарфини оптималлаштириш бўйича вазифа қўйилди.
Шунингдек, ҳар йили газ транспорт тизими ва йирик саноат корхоналаридан чиқаётган иккиламчи газлар 730 мегаватт электр энергия салоҳиятига эга бўлиб, бу имкониятдан умуман фойдаланмай келинмоқда. Шундай экан, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда Муборак, Шўртан ва Газли конларида йўлдош газлардан электр энергияси олиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Фармацевтика саноати импорт субстанцияларига боғланиб қолган. Аслида, мамлакатда уларни ишлаб чиқариш учун илмий салоҳият мавжуд. Мисол учун, Ўсимлик моддалари кимёси институти ўтган икки йилда Россия, АҚШ ва Францияга 4 миллион долларлик субстанция экспорт қилган. Мазкур институтда доривор ўсимликлар таркибини ўрганиш ва стандартлаштириш бўйича махсус лаборатория ҳамда клиникагача тадқиқотлар маркази ташкил этиш, олимларга грантлар ажратиш чоралари белгиланди.
"Бир нарсани билишимиз керак: илмсиз, инновациясиз олдимизга қўйган мақсадларга ҳеч қачон эриша олмаймиз. Ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш керак", дея таъкидлади Президент.
Хорижий клиникалар билан ҳамкорликда Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида жигар, буйрак, илик трансплантациясини, Республика кардиология марказида юрак билан боғлиқ инновацион амалиётларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Илм-фанни ишлаб чиқариш билан боғлаш учун технопарклар имкониятидан кенг фойдаланиш лозимлиги айтилиб, бу борада олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва Инновацион ривожланиш вазирлигига тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда илм-фан ва олий таълим муассасалари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари келгуси йили қайси йўналишларда илмий лойиҳаларни амалга ошириши ва қандай натижаларга эришиши юзасидан ахборот берди.
LiveБарчаси