Канададаги черков мактабидан 750 дан ортиқ болаларнинг жасади топилди
Олам
−
25 Июнь 2021
18560Канададаги ҳинду болаларига мўлжалланган собиқ черков мактаб-интернати ҳудудида юзлаб қабрлар топилди. Бу ҳақда пайшанба куни Ковесс округининг маҳаллий жамоатчилиги раҳбари Кадмус Делорме маълум қилди.
Маълумотларга кўра, мактаб 1899 йилдан 1996 йилгача фаолият юритган. Шу кунгача мактаб ҳудудидан топилган қабрлардан 751 боланинг суяк қолдиқлари аниқланган.
Кадмус Делорме виртуал матбуот анжуманида “Бу оммавий қабрлар жойи эмас. Булар белгиланмаган қабрлар”, дея таъкидлади.
Aввалроқ, Камлупсдаги (Британия Колумбияси) ҳинду болалари учун мўлжалланган собиқ мактаб-интернати ҳудудида уч ёшли 215 нафар боланинг суяк қолдиқлари топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Таъкидланишича, ҳиндуларнинг болалари ушбу мактаб интернатига бориши шарт бўлган. Бундай таълим муассасалари яхши молиялаштирилмаган, болаларга ёмон муносабатда бўлинган. Мактаб ўқувчиларининг кўпчилиги юқумли касалликлардан, жумладан силдан вафот этган.
Хусусан, Канадада150 мингдан ортиқ бола мажбуран черков мактабларига боришга мажбур бўлган. Aксарияти жисмоний, жинсий ва психологик зўравонликларга дуч келган. 2008 йилда ҳукумат ушбу тизим учун расмий равишда кечирим сўраган. 2015 йилда эълон қилинган “Ҳақиқат ва ярашув” номли ҳисоботда бу сиёсат “маданий геноцид” экани айтилган. Бугунги кунга келиб бу турдаги мактаб-интернатларида 4100 дан зиёд бола ўқиш пайтида вафот этгани аниқланди.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси