Ҳиндистондаги меҳмонхонадан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
3-саҳифа
−
14 Март
19369Ҳиндистоннинг Бенгалор шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ўзбекистонлик аёл ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб, “India Brains” хабар берди.
Қайд этилишича, марҳума Зарина исмли 27 ёшдаги Ўзбекистон фуқароси бўлган. У 10 март куни Бенгалорга сайёҳлик визаси билан борган ва Сешадрипурам ҳудудидаги БДА кўприги яқинидаги меҳмонхонага жойлашган.
13 март куни эса меҳмонхона ходимлари хонанинг эшигини узоқ вақт тақиллатишига қарамасдан, хона ичидан ҳеч қандай жавоб бўлмаган. Шундан сўнг, Заринанинг дўстларидан бири соат 22:30 да меҳмонхона ходимларини телефон орқали огоҳлантирган.
Хона асосий калит ёрдамида очилганда эса ходимлар Заринанинг юзи қонга беланган ҳолда полда ётган жасадини топдилар. Бенгалор полициясининг билдиришича, Заринанинг юзига мушт туширилган, унинг танасидан турли жароҳат излари топилган. Полиция Заринанинг бўғиб ўлдирилган бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур хона Зарина учун 16 мартга қадар Раҳул Кумар исмли шахс томонидан брон қилинган. Меҳмонхона менежери Гаурав Кумар Сингх иш юзасидан полицияга шикоят киритган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Ҳарьяна штати Сонипат шаҳридаги дам олиш масканларидан бирида 32 ёшли фарғоналик аёлнинг жасади топилганди.
LiveБарчаси