Ҳиндистондаги ибодатхонада тиқилинч юз бериб, 7 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Ҳиндистон шарқидаги Бихар штатида жойлашган ибодатхонада тиқилинч юз бериши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, 19 нафарга яқин одам жароҳат олди. Бу ҳақда DW хабар берди.

 

Қайд этилишича, ҳодиса Лакхисарай туманидаги Ашок Дҳам ибодатхонасида содир бўлган. Маълум қилинишича, ҳиндулар муқаддас Шраван ойининг 17 август куни Шива худосига сув олиб келиш учун ибодатхонага ташриф буюрган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳудуддаги электр устунларидан бири қулаган. Бу эса одамлар орасида ваҳима юзага келиб, тиқилинчга сабаб бўлган. Лакхисарай тумани раҳбари Шаилендра Кумарнинг маълум қилишича, одамлар оқими кучайиши ортидан тўсиқлардан бири қулаган ва ташриф буюрувчилар бир-бирининг устига йиқилган.

Ҳозирда ҳодисанинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда. Расмийлар тиқилинч қандай юзага келганини аниқлаш учун текширув бошлаган. Ҳодиса ортидан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишини тилаган. Маҳаллий ҳукумат эса жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

Таъкидланишича, Ҳиндистонда диний байрамлар ва оммавий зиёратлар вақтида тиқилинчлар тез-тез учраб туради. Жорий йил март ойида ҳам Бихар штатининг Наланда туманидаги бошқа бир ибодатхонада юз берган тиқилинч оқибатида 9 киши, асосан аёллар, ҳалок бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Керала штатида ибодатхона байрами вақтида фил занжирдан чиқиб кетиб, тартибсизлик уюштирганди ва бир эркакни босиб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг